Раҳбарлар қарорларни амалиётга татбиқ этмоқда
Куни кеча Тошкент шаҳар прокурорининг биринчи ўринбосари, шаҳар бошқарма ва ташкилотлари ҳамда Янгиҳаёт тумани ҳокими, ИИО ФМБ бошлиғи бошчилигида тадбиркорлар билан учрашув ташкил этилди. Учрашувда туман ҳудудида жойлашган йирик савдо мажмуасидаги бўш турган савдо объектларини ишга тушириш орқали янги иш ўринлари, тадбиркорлик субъектлари учун қулай шарт-шароитларни яратиш ҳамда мавжуд муаммоларни бартараф этиш масалалари муҳокама қилинди. Унда тадбиркорларнинг ушбу йўналишдаги таклиф ва фикр-мулоҳазалари тингланди. Тошкент шаҳар прокурори томонидан савдо мажмуасидаги мавжуд ресурслардан самарали фойдаланиш, янги тадбиркорлик субъектларини ташкил этиш юзасидан масъул ташкилотларга тегишли кўрсатма ва топшириқлар берилди.
Шунингдек, туман ҳокими бошчилигида ўтказилган аҳоли ва қишлоқ хўжалигини рўйхатга олиш жараёнларини самарали ташкиллаштириш, мазкур йўналишда белгиланган вазифалар ижросини таъминлашга қаратилган кенгайтирилган йиғилишда ҳоким ўринбосарлари, туман прокурори, ИИО ФМБ бошлиғи, ташкилот ва муассасалар раҳбарлари, “маҳалла еттилиги” иштирок этди. Унда мазкур жараённи амалга ошириш тартиби, босқичлари, белгиланган муддатларда тўлиқ, сифатли ва ишончли маълумотларни шакллантириш масалалари атрофлича муҳокама қилинди. Мазкур тадбир, унинг натижалари келгусида ижтимоий-иқтисодий ривожланиш дастурларини ишлаб чиқиш, ҳудудларни комплекс ривожлантириш ва аҳолига кўрсатиладиган хизматлар сифатини оширишда муҳимлиги алоҳида таъкидланди. Жараён давомида қонунчиликни таъминлаш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш масалаларига алоҳида эътибор қаратиш лозимлиги уқтирилди.
Шунингдек, туманнинг “Чортоқ” маҳалласида жойлашган Маданият марказида ўтказилган йиғилишда туман маҳаллаларида хавфсиз муҳитни яратиш ва жамоат хавфсизлигини самарали таъминлаш борасида чора-тадбирларни белгилаб олиниши ҳамда унинг ижросини таъминлаш мавзуларига эътибор қаратилди. Йиғилганларга Президентимизнинг “Республика маҳаллаларида хавфсиз муҳитни яратиш йўналишида яхлит манзилли ишлаш тизимини жорий этишга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорининг мазмун-моҳияти тушунтирилиб унинг ижросини таъминлаш бўйича топшириқлар берилди. Туман ички ишлар ходимлари, масъуллар томонидан қарорнинг ижроси қандай таъминланаётганлигини назорат қилиш мақсадида туман ИИО ФМБ 1-сонли ИИБда хизмат олиб бораётган ходимларнинг тунги фаолияти, “Чоштепа” ЙПХ маскани ходимлари хизмат фаолияти, 329-ўрта таълим мактабидаги хавфсизлик ҳамда “Қўриқлаш” пультининг нуқсонсиз ишлаши, туман Халқ таълими бўлимидаги ўқув муассасаларида қишки мавсумга тайёргарлик штаби фаолияти текширилди. Текширувлар натижасида аниқланган камчиликлар бартараф этилди. Йиғилиш давомида туман ҳокими аҳоли ва қишлоқ хўжалигини рўйхатга олиш жараёни давлат аҳамиятига эга эканлиги, унга масъулият билан ёндашиш лозимлиги, унинг тўлиқ ҳамда самарали ижросини таъминлаш бўйича тегишли кўрсатмалар берилди. Бу каби пойтахтимизда хавфсиз муҳитни яратиш, жиноятчиликларга қарши курашиш, ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш орқали қонунбузилишларига барҳам беришга йўналтирилган ишлар барча туманларда давом эттирилмоқда.