15 Март 2026 йил 155

Нозик жуссадаги катта масъулият

2012 йилда республика ИИВ Академиясининг Сержантлар таркибини тайёрлаш олий курсларини битирган Регина Сафинова Тошкент вилоятида жойлашган жазони ижро этиш аёллар колониясида катта инспектор лавозимида иш бошлади. Ўн йилга яқин хизмати давомида жиноятлар содир этиб, қонуний жазо муддатларини ўтаб келаётган турли ёшдаги аёлларнинг тақдирлари билан танишди. Ҳеч ким жиноятчи бўлиб туғилмаслиги, оиладаги тарбия, муҳит, ота-оналарнинг ўзаро муносабатлари инсоннинг хулқ-атвори, келажаги, онгу шуури шаклланишида катта аҳамиятга эгалигини англади. Ўз вазифаларини сидқидилдан бажариш қаторида маҳкумларни тўғри ҳаётга қайтариш, қайта жиноятга қўл урмаслик, оила, яқинлари бағрида эркин ва бахтли яшаш, оила ва жамиятдаги ўрнини англаш борасида профилактик-тушунтириш ишларини олиб борди. Кўплаб аёл-қизларни тўғри йўл танлаши, бахтли келажагини қуришига эришди. Унинг фидойи хизматлари раҳбарият томонидан миннатдорлик, ташаккурнома ҳамда пул мукофотлари билан муносиб рағбатлантириб борилди.

Лавҳамиз қаҳрамони 2021 йилдан буён пойтахт ИИББ ЙҲХБ Ахборот хизмати кичик мутахассиси лавозимида катта сержант унвонида хизмат фаолиятини давом эттириб келмоқда. Пойтахт кўчаларида ҳаракат хавфсизлигини таъминлаш, йўл-транспорти ҳодисаларининг олдини олиш, ҳайдовчиларни белгиланган тартиб-интизомга қатъий риоя қилишга чақириш, йўллар ҳолати бўйича огоҳлантиришларни йўл ҳаракати иштирокчиларига етказиш, айниқса болалар иштирокидаги йўл-транспорт ҳодисаларининг олдини олиш борасида мактаб, билим юртларида тарғибот-ташвиқот ишларини тизимли равишда олиб боришда катта ҳиссасини таъкидлаш жоиз.

Ўз вазифаларига сидқидилдан ёндашиб, ҳамкасбларига ўрнак бўлаётган катта сержант Регина Сафинова 8 март –Халқаро хотин қизлар куни муносабати билан ИИВнинг Фахрий ёрлиғи билан тақдирланди. Бу эътироф лавҳамиз қаҳрамонини янада шижоат билан ишлаш, ташаббускорликни қўлдан бермаслик, ҳамкасбларига ўрнак бўлишга хизмат қилади, албатта.

Барча янгиликлар

Text to speech