Чилонзорда хавфсиз муҳитни яратиш бўйича “пойтахт намунаси” жорий қилинмоқда
Президент Шавкат Мирзиёев раислигида Тошкент шаҳрида хавфсиз муҳитни шакллантириш ҳамда жамоат хавфсизлигини самарали таъминлаш бўйича намунавий амалиётни яратиш чора-тадбирлари юзасидан ўтказилган видеоселектор йиғилишида уюшган жиноятчилик, наркожиноятлар, кибержиноятчилик ва яширин иқтисодиёт бўйича жиловни қўлга олиши шартлиги кўрсатиб ўтилди.
Ушбу йўналишларда мутлақо янги тизим яратилиб, жараён биринчи навбатда Тошкент шаҳрида бошланиши, жумладан, хавфсиз муҳит яратиш бўйича “пойтахт намунаси” жорий этилиши таъкидланди.
Чилонзор туманида жамоат хавфсизлиги куч-воситаларини бошқариш янгича ташкил қилиниши, патруль-пост, йўл-патруль, қўриқлаш ва профилактика хизматлари туну кун 3 сменали хизмат режимига ўтилиши айтилди. Патруль гуруҳларига ҳуқуқбузарлик тўғрисида хабар келиб тушганда, воқеа жойига 5 дақиқа ичида етиб келадиган тизим бўлади.
Тумандаги 55 маҳалладаги профилактика инспекторининг хизмат хонаси эшиги у билан тезкор боғланиш учун алоқа тугмаси билан жиҳозланади. Яъни профилактика инспектори қаерда бўлмасин, аҳоли уни қўл телефони ва планшетига туну кун боғланиши мумкин бўлади.
Давлатимиз раҳбари томонидан қўйилган топшириқларни бажариш борасида амалий ишлар бошланди. Айни пайтда Тошкент шаҳрининг Чилонзор туманида хавфсиз муҳитни яратишга қаратилган “Пойтахт намунаси” лойиҳаси доирасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.
Мазкур лойиҳа доирасида туман аҳолиси ўртасида замонавий қўриқлаш воситаларининг аҳамиятини тушунтириш, улардан самарали фойдаланиш бўйича тарғибот-профилактик тадбирлари тизимли равишда ташкил этилмоқда. Ушбу тадбирлар орқали фуқароларнинг хавфсизликка бўлган онги оширилиб, турли нохуш ҳолатларнинг олдини олишга қаратилган амалий кўникмалар шакллантирилмоқда.
Чилонзор туманидаги кўп қаватли уйлар йўлакларига ташвиш тугмаларини ўрнатиш ишлари изчил давом эттирилмоқда. Мазкур тугмалар орқали фавқулодда ҳолатларда тезкор ҳаракатланувчи гуруҳ ходимларини зудлик билан чақириш имкони яратилиб, ҳуқуқбузарликлар ҳамда жиноятларнинг барвақт олдини олишга қаратилган. Бундан ташқари, фуқаролар хонадонига мобил ташвиш тугмалари ўрнатилиб, аҳолининг шахсий хавфсизлиги янада мустаҳкамланмоқда.
Амалга оширилаётган ушбу чора-тадбирлар пойтахтда хавфсиз муҳитни яратиш, жамоат тартибини сақлаш, аҳолини мулкий тажовузлардан ҳимоя қилишга хизмат қилади.
“Пойтахт намунаси” лойиҳаси доирасидаги ишлар келгусида ҳам изчил давом эттирилиб, Тошкент шаҳри янада хавфсиз ва барқарор мегаполисга айлантирилади.