Президентимиз томонидан жорий йилнинг “Маҳаллани ривожлантириш ва жамиятни юксалтириш йили” деб эълон қилингани юртимизнинг янада обод ва кўркам бўлишида муҳим аҳамият касб этади. Юртимизда жорий йилнинг 13-14 март кунлари умумхалқ ҳашарининг ўтказилиши ушбу хайрли ишларнинг тизимли давомидир. Озодалик, соғлом турмуш тарзи ҳамда санитария-гигиеник маданиятни, ўзаро ҳамжиҳатлик ва меҳнатсеварликни тарғиб қилувчи ҳашар анъанаси халқимизни асрлар давомида бирлаштириб келмоқда. Бу йил ҳам анъана кўтаринки руҳда давом эттирилди.Эрта тонгдан Тошкент шаҳар ИИББ, ҳудудий тузилмаларида кенг кўламли ободонлаштириш ишлари бошлаб юборилди. Тадбир давомида маъмурий бинолар ҳудуди ва ён-атрофларида ободонлаштириш ва тозалаш, санитария ҳолатини яхшилаш, кўча ва йўлларни чиқиндилардан тозалаш ишлари олиб борилди. Дов-дарахтларга шакллар берилиб, теварак-атроф тартибга келтирилди. Қўшимча турли манзарали ҳамда мевали дарахтлар, гуллар экилди. Ҳашардан кўзланган мақсад: қўшалоқ айём –муборак Рамазон ҳайити ҳамда янгиланиш, покизалик, меҳр-саховат байрами бўлмиш Наврўз айёмини муносиб кутиб олишга қаратилди. Хайрли тадбирда соҳавий хизмат ходимлари фаол иштирок этишиб, уюшқоқлик, халқимизга хос бўлган бирдамлик, ҳамкорлик ва покизалик каби фазилатларни намойиш этдилар. Ҳар бир ходим бу хайрли ишларга ўз ҳиссаларини қўшишдан мамнунлик ва кўтаринкилик туйғусини ҳис этишди.