Юртбошимизнинг республикамиз маҳаллаларида хавфсиз муҳитни яратиш, ҳуқуқбузарликларни барвақт аниқлаш орқали уларга барҳам бериш борасида имзолаган қарорининг ижроси пойтахт ички ишлар ходимларининг, айниқса маҳаллаларда фаолият юритувчи профилактика инспекторларининг кундалик долзарб вазифасига айланиб, барча куч-воситалар ҳудудларда криминоген вазиятни барқарорлаштириш, иш самарадорлигини оширишга қаратилган. Профилактика инспекторларининг маҳалла аҳли, “еттилиги”, корхона-ташкилотлар масъуллари билан бир ёқадан бош чиқариб жиноятчилик ҳамда ҳуқуқбузарликларга қарши кураши натижасида кўплаб маҳаллаларда тинчлик ва осойишталик ҳукм сурмоқда. Пойтахтимизнинг Чилонзор туманида жойлашган “Хирмонтепа” маҳалласида етти мингга яқин турли миллат вакиллари истиқомат қилиб келишади. Маҳалла “сариқ” тоифада. Маҳаллада тинчлик-осойишталикни таъминлаш, жиноятчилик, ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш орқали маҳаллани намунали “яшил” тоифага ўзгартириш мазкур ҳудудда хизмат олиб бораётган ички ишлар ходимлари, профилактика инспекторларининг мақсади. Жорий йилнинг 13 март куни маҳалла ҳудудини айланиб юрган капитан Лазиз Абдикаримов 42-уйнинг олдидан ўтаётиб, икки йигитнинг хатти-ҳаракатига эътиборини қаратди. Улар формали ходимни кўрибоқ, кўзларини олиб қочиб, кетишга тараддудланишди. Лазиз уларнинг олдига бориб, шахси, кимни кутаётгани ҳақида сўраб-суриштираётганида улар гапни чалғитиб, тезроқ кетишга уринишди. Лазиз уларнинг қўлидаги қора сумкасини очишни сўраганида улар сумкани ташлаб қоча бошлашди. Жисмоний машғулотларда чиниққан Лазиз уларни қувиб кетаркан, маҳалла аҳли ёрдамга ошиқишди. 2004 йилда туғилган ҳар икки заҳри-қотил тарқатувчи йигитлар қўлга олиниб, холислар иштирокида сумка текширилганда, унинг ичида капсула шаклидаги 285 дона кучли таъсир қилувчи психотроп моддалар аниқланиб олинди. Йигитларнинг телефони текширилганида, улар 2 жойга 5тадан 10та худди шундай капсулаларни махфий яшириб қўйганлиги аниқланди. Капитан Лазиз Абдикаримов ички ишлар органларидаги фаолиятини 2019 йилда Республика ИИВ Академиясини битириб, Миробод тумани “Янги Миробод” маҳалласи профилактика инспектори лавозимидан бошлаган. Сўнг Чилонзор туманида жойлашган оғир – “қизил” тоифада бўлган “Бешқўрғон” маҳалласида хизматни давом эттирди. 2025 йилдан мазкур “Хирмонтепа” маҳалласида профилактика инспектори бўлиб хизмат қилиб келмоқда. Унинг ҳушёрлиги ва тезкор ҳаракатлари туфайли неча ўнлаб хонадонларга кулфат келтирувчи, оилалар парокандалигига сабаб бўлувчи жиноятлар келиб чиқишининг олди олинишига эришилди. Унинг касбига фидойилиги, бурчига садоқати, матонати раҳбарият томонидан эътиборсиз қолдирилмади. Куни кеча Тошкент шаҳар ИИББ мажлислар залида ўтказилган йиғилишда пойтахтнинг Чилонзор тумани ИИО ФМБ ҲПБ профилактика инспектори, капитан Лазиз Абдикаримовга навбатдан ташқари “майор” унвони берилди. Мазкур унвон лавҳамиз қаҳрамонини ўз бурчига масъулиятини янада кучайтириб, зиммасидаги вазифаларни сидқидилдан бажаришида руҳлантириб, янги муваффақиятлар сари етаклаши, табиий.