Ҳар бир миннатдорлик сатри ортида дунёси бир лаҳзада зулматдан ёруғликка юз тутган инсон тақдири ётади. Ҳар бир «раҳмат» замирида эса мушкул дамда кўмак қўлини чўзган мурувватли қалб эгаси туради. Айнан шундай воқеани ҳаётга қайтиш ва инсонларга бўлган ишончнинг қайта тикланиши ҳақидаги ҳикояни таҳририятимизга кириб келган Мирзо Улуғбек туманидаги, «Шаҳриобод» маҳалласида истиқомат қилувчи фуқаро Баҳринисо Тўлаганова айтиб берди.
Баҳринисо опанинг ҳаёти «кеча» ва «бугун»га бўлинади: у беш йил озодликдан маҳрум қилиш жойларида бўлди. Озодликка чиқиш кўпинча мавҳумлик ва ижтимоий бўшлиқ билан юракка ваҳм солади. Аммо у айнан шу ерда, ўз туманида ўтмиши билан ёлғиз қолиб кетмаганини англади. Совуқ ҳукм ва таъна тошлари ўрнига, ички ишлар органлари ходимлари томонидан ҳақиқий қўллаб-қувватлашни ҳис қилди.
Улар ўз амаллари билан тизимнинг вазифаси нафақат назорат қилиш, балки инсонни жамиятга қайтариш ва унга чин дилдан ёрдам бериш эканини исботлашди.
Баҳринисо Тўлаганова ўз миннатдорлигини, аввало, Мирзо Улуғбек тумани ИИОФМБ бошлиғи, подполковник Искандар Рашидовга йўллайди. Чунки у мазкур масъулиятли лавозимга яқинда тайинланганига ва ёш бўлишига қарамай, халқимизга хос донишмандлик ва инсонийлик фазилатларини намоён этди. Баҳринисо опанинг таъкидлашича, ёш офицер улкан вазифалар кўлами қанча кенг бўлмасин, мушфиқ бир аёлнинг муаммоларига бефарқ бўлмаган. Унинг қатъияти ва масъулияти келажагимиз айнан шундай қонун устуворлигини қалб меҳри билан бирлаштира оладиган ёш кадрлар қўлида эканининг далолатига айланди.
Аёлнинг ижтимоий реабилитациясига туман ИИОФМБ Жамоат тартибини сақлаш бўлими маъмурий амалиёт гуруҳи катта инспектори, майор Акром Толипов ҳам беқиёс ҳисса қўшди. Унинг амалий кўмаги туфайли Баҳринисо опа тиббиёт муассасасида даволаниш имконига эга бўлди ва йўқотилган саломатлигини тиклади. Бу унинг янги ҳаёт сари ташлаган илк ва муҳим қадами эди.
Шунингдек, туман ИИОФМБ 4-сонли ИИБ профилактика катта инспекторлари майор Ровшан Қурбоналиев ва капитан Абдулла Маматов аёлнинг ижтимоий мослашуви учун барча чора-тадбирларни кўришди. Уларнинг расмиятчиликдан йироқ бўлган самимий муносабати Баҳринисо опага ҳаётда ўз ўрнини топишига ёрдам берди.
Бу воқеа ички ишлар органлари тизимида «ор-номус» ва «шафқат» тушунчаларини асосий мезон деб билувчи фидойи инсонлар ишлаётганининг ёрқин исботидир. Зеро, бу каби хайрли ишлар Президентимиз томонидан илгари сурилган «Инсонларнинг дарду ташвишларини ўйлаб яшаш одамийликнинг энг олий мезонидир», «Халқ давлат идораларига эмас, давлат идоралари халқимизга хизмат қилиши керак», «Халқимиз ўз ҳаётида ижобий ўзгаришларни эртага эмас, узоқ келажакда эмас, айнан бугун кўриши керак» деган олижаноб тамойилларнинг ҳаётдаги амалий ифодасидир.
Давлатимиз раҳбари ҳар бир нутқида таъкидлаганидек, соҳа ходимларининг фаолиятига берилган энг олий баҳо фуқароларнинг розилиги ва уларнинг қалбидаги хотиржамликдир. Таҳририятимизга келган ушбу мурожаат ҳам юртимизда қонун устуворлиги ва инсон қадри нақадар баланд эканини, ходимларимиз эса Президент фармонлари ижросини жойларда намунали таъминлаётганини яққол кўрсатиб турибди.
© «Postda – На посту», №8 (4754), 2026 йил 19 февраль