18 Март 2026 йил 186

Ҳалол, сидқидилдан хизмат эътиборсиз қолмайди

Ички ишлар органлари ходимларининг юртимизда тинчлик-осойишталикни таъминлаш, жамоат тартибини сақлаш борасида амалга ошираётган ишлари ҳукуматимиз ҳамда фуқароларнинг эътиборидан четда қолаётгани йўқ. Йилдан йилга ички ишлар органларининг моддий-техника базаси замонавий куч-воситалар ҳамда салоҳиятли, маънавий-маърифий етук ходимлар билан жамланиб, такомиллашиб бормоқда. Жумладан, ўз хизмат вазифаларига сидқидилдан ёндашиб, давлатимиз, халқимизнинг манфаатларини муносиб ҳимоя қилиб келаётган ходимларнинг хизматлари эътироф этилиб, тизимли равишда рағбатлантириб келинаётганини қайд этиш лозим.

Шундай тадбирларнинг бири “Наврўз” умумхалқ байрами арафасида Республика Мудофаа вазирлигига қарашли Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари давлат музейи, “Ватанга қасамёд” ҳайкали майдонида бўлиб ўтди. Тадбирда Мирзо Улуғбек тумани ҳокими Б.Гаибназаров, туман прокурори, адлия катта маслаҳатчиси О.Маннанов, Тошкент шаҳар ИИББ Молия ва моддий-техника таъминоти бошқармаси бошлиғи, полковник Х.Шамсутдинов, туман ИИО ФМБ бошлиғи, подполковник И.Рашидов ва унинг ўринбосарлари, соҳавий хизмат раҳбарлари, фахрийлар ҳамда меҳмонлар иштирок этишди. Йиғилишда ички ишлар ходимларининг жиноятчиликка қарши кураш, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, жамоат тартибини сақлаш, фуқароларнинг эркинликлари, ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоя қилиш борасида олиб бораётган фидойи хизматлари эътироф этилиб, ҳамкасбларига ўрнак бўлиб келаётган 16 нафар ходимларга навбатдаги унвонлар, бир қатор ходимларга эса пул мукофотлари топширилди. Бир нафар аёл ходима III-даражали “Ички ишлар органларида бенуқсон хизматлари учун” кўкрак нишони яна бири ИИББнинг Фахрий ёрлиғи билан рағбатлантирилди. Тадбир давомида туман ҳокими томонидан 2 нафар профилактика инспекторига хизмат уйлари, туман ИИО ФМБ ЖТСБ ППХ инспекторларига хизматда фойдаланиш учун 11 дона “Cobalt” автомашиналарининг калитлари тантанали равишда топширилди.

Ушбу тадбир эл-юрт тинчлиги ва осойишталигини таъминлаш йўлига тақдирларини боғлаган ходимларни руҳлантириб, хизмат вазифаларига садоқат ҳамда янада масъулият билан ёндашиш, янги ютуқлар сари иккиланмай қадам ташлашларига хизмат қилишига аминмиз.

Барча янгиликлар

Text to speech