Тошкент шаҳар ИИББ бошлиғи, полковник Равшан Султанходжаев ҳамда Бош бошқарма раҳбариятининг навбатдаги сайёр қабули пойтахт аҳолисининг вужудга келган саволларига қонуний жавоб топиш, муаммоларини ўрганиш ҳамда ҳал қилишга бағишланди.
Сайёр қабул давомида 49 дан зиёд юридик ҳамда жисмоний шахслардан мурожаатлар келиб тушди. Мурожаатчиларнинг муаммоларини тинглаш, кўтарилган масалаларни чуқур сабабларини ўрганиш давомида уларнинг 16 таси қабулхонанинг ўзида ижобий ҳал этилди. 7 тасига малакали ҳуқуқий тавсия ва маслаҳатлар берилди. Ўрганиб қонуний хулоса чиқариш учун қўшимча муддат талаб этиладиган 19 та мурожаатларнинг ижроси бўйича соҳавий хизмат раҳбарларига тегишли топшириқ ва кўрсатмалар берилиб, назоратга олинди. Мурожаатлар мазмун-моҳиятига кўра: суриштирув ва тергов ҳаракатлари, мол-мулк ва пул маблағларини ундириш, пластик карта пулларини ноқонуний ўзлаштириш, хизмат фаолиятини бошқа ички ишлар органларига кўчириш, йўл белгиларини ўрнатиш, шахс ҳаёти ва саломатлигига қарши ноқонуний хатти-ҳаракатлар, афв этиш, ижтимоий-иқтисодий муаммоларга оид, оила-турмуш доирасида келишмовчиликлар кабиларни ташкил этди.
Шунингдек, сайёр қабул давомида Ўзбекистон Республикаси президентининг фармонига мувофиқ, 4 нафар шахснинг Ўзбекистон фуқаролигини олиш илтимослари қаноатлантирилганлиги сабабли, уларга тантанали равишда ID карталар топширилди.
Барча мурожаатлар раҳбарият томонидан эътибор билан тингланиб, уларда келтирилган масалаларга ечим топиш бўйича тегишли қарор ва кўрсатмаларнинг берилиши, аҳолининг адолатга, қонуний ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоя қилишга бўлган ишончини янада орттиришга хизмат қилмоқда.