Ёшлик даври – ғўрлик даври деб бежизга айтилмайди. Бу даврда ҳис-туйғулар оқимини жиловлай олмай, оқни қорадан ажратишга қодир бўлмаган, нопок кимсаларнинг ғараз тўрларига илиниб қинғир ишга қўл уриб, афсус-надомат чекаётган ёшлар ҳам йўқ эмас. Аммо хатосини англаб, тўғри йўлни танлаган ёшлар учун барча имконият ва имтиёзлар эшиклари ҳамиша очиқ. Жорий йилнинг 24 февралида Президентимизнинг ёшлар билан ўтказган учрашувида ҳар ҳафтанинг пайшанбасини “Ёшлар куни” деб белгилангани ёшлар билан ишлаш, уларнинг муаммо ва мурожаатларини ўрганиш борасидаги ишларни янада жадаллашувига туртки бўлди. Ушбу ёшлар куни муносабати билан пойтахтимизнинг Шайхонтоҳур туманида жойлашган “Сархумдон” маҳалла фуқаролар йиғини биносида Жиноят ишлари бўйича туман суди судьяси А.Мирзаханов, С.Ҳасановлар иштирокида сайёр суд мажлиси ҳамда ёшлар билан профилактик учрашув бўлиб ўтди. Унда туман ИИО ФМБ Пробация бўлими бошлиғи С.Эшанкулов ҳам қатнашиб, содир этган жиноятлари учун чин пушаймон бўлиб, тузалиш йўлини танлаган ўндан ортиқ ёшлар бўйича тайёрланган ҳужжатларни тақдим этди. Ўтказилган савол-жавоблар, маҳкумларнинг хулқи бўйича тақдим этилган маълумотлар чуқур ўрганиб чиқилиб, Республика Жиноят кодексининг 73-моддасига биноан уларнинг 11 нафари жазони ўташ муддатидан илгари шартли равишда озод қилинди. Шунинг билан бирга ёшларга ўз бахтли келажагини яратиш, фойдали меҳнат билан шуғулланиш, жамият ҳаётида ўз ўрнини топиш бўйича яратилган имконият ва имтиёзлар, амалдаги ижтимоий-маиший, тиббий дастурлар ҳақида маълумотлар берилди. Ёшларни қайта жиноят содир этмаслик, ҳуқуқий саводхонлигини ошириш борасида ўтказилаётган бу каби тадбирлар пойтахтимизнинг барча туманларида тизимли равишда амалга оширилмоқда.