Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармасида маънавий-маърифий тадбир бўлиб ўтди
Наврўз – инсоният тарихидаги энг қадимий байрамлардан биридир. Манбааларда келтирилишича, мазкур байрам камида уч минг йиллик тарихга эга. Асрлар давомида Марказий Осиё, Эрон, Кавказ, Яқин шарқ ва бошқа кўплаб ҳудудларда яшовчи халқлар томонидан нишонланиб келинади. Тошкент шаҳар ИИББ мажлислар залида ўтказилган бугунги “Маънавият ва маърифат дарси” “Қадим қадриятлар таровати” номи билан айнан шу мавзуга бағишланди. Уни Тошкент тўқимачилик ва енгил саноат институти доценти, тарих фанлари бўйича фалсафа доктори Умида Элмуратова кенг кўламда ёритиб берди. Абу Райхон Беруний, Маҳмуд Қошғарий, Умар Ҳайём, Абулқосим Фирдавсий, Ҳаким Термизий, Абу Бакр Наршахий каби буюк алломаларнинг асарларида Наврўз ҳақида келтирилган маълумотларни таъкидлаб ўтди. Шунингдек, асрлар қаъридан омон чиққан Наврўз мустақиллик даврида мазмунан бойитилгани, Халқимизнинг қадим маданияти, эзгу фазилатлари тимсолига айланганини қайд этди. Маърузада кўплаб тарихий маълумотларнинг келтирилиши йиғилганларда катта қизиқиш уйғотди.
Тадбир “Таҳлилнома” ахборот дастури намойиши билан якунланди.