Ички ишлар органларида ҳар бир соҳавий хизматнинг ўз ўрни ва вазифаси бор. Соҳаларнинг бир бири билан чамбарчас уйғунликда фаолият юритиши иш самарадорлигини оширишга хизмат қилади. Бироқ тергов соҳаси инсон тақдири, бугуни ҳамда келгуси ҳаётини ҳал қилишда ўзгача аҳамият касб этиши билан ажралиб туради. Ҳолбуки, терговчининг содир этилган жиноятнинг мазмун-моҳиятини тўғри англаб қонуний таснифлаш, ҳақиқатни очишда чуқур билим, тажрибага таяниш, далилларни очиқлаш, синчковлик ва пухталик билан иш юритиши инсонни адолатга бўлган ишончини оширибгина қолмай, жамиятда қонунга бўлган ҳурматни шакллантиради. Буни узоқ йиллардан буён пойтахтимизнинг Чилонзор тумани ИИО ФМБ ҳузуридаги Тергов бўлимида терговчи лавозимида фаолият юритиб келаётган подполковник Лариса Парахина ўзига шиор қилиб олган. Лавҳамиз қаҳрамони раҳбарият томонидан топширилган ҳар бир жиноий ишни қонуний ниҳоясига етказишга киришаркан, ҳолат ортида инсон ҳаёти турганини, унинг ортида эса оиласи, яқинлари, жамият турганини чуқур ҳис қилади. Илк устози – Чилонзор тумани ИИО ФМБ ҳузуридаги Тергов бўлими бўлинма бошлиғи, подполковник Леонора Исакова ўргатганидек, ҳар бир тергов жараёнига нафақат терговчи балки психолог сифатида пухта тайёргарлик кўради. Бу унинг ўз касбига чуқур меҳр қўйгани, зиммасидаги масъулиятни теран ҳис қилишидан далолатдир. Подполковник Л.Парахина томонидан юритилган ҳар бир жиноий иш малакали таснифлангани боис қайта терговга қайтарилмаган. Унинг масъулиятлилиги, ўз хизмат вазифаларини сидқидилдан бажариши Республика Ички ишлар вазирлиги, Тошкент шаҳар ҳокимлиги, пойтахт ИИББ, туман ИИО ФМБ раҳбарияти томонидан ташаккурнома, миннатдорлик, Фахрий ёрлик, пул мукофотлари билан эътироф этиб келинмоқда. Лавҳамиз қаҳрамони ўзининг илк мустақил тергов ишини шундай хотирлайди.
– Безорилик ҳолати бўйича бир неча ўзим тенгги йигитларни ҳодиса бўйича сўроқ қилишим керак бўлганди. Улар мени терговчи сифатида кўрмай, турли қочириқлар қилишар, ўзларини кўчада юргандек, гапларимни жиддий қабул қилишмасди. Тўғриси, катталардан ёрдам сўрашга ийманганман. Очиғи, бу иш менга жуда қийин кечган, руҳий қийинчиликлар туғдирганди ўшанда. Лекин катта дарс бўлган. Терговчи бўлиш осонмаслиги, ҳали ўз устимда кўп ишлашим, доимо ишлашим кераклигини англаганман.
Ички ишлар органларида илк фаолиятини 2001 йилда сафдорликдан бошлаган Лариса Парахина бугун подполковник. Хизматдошлари орасида ҳурмат-эътиборга эга, тажрибали ходим. Куни кеча 8 март – Халқаро хотин-қизлар куни муносабати билан подполковник Л.Парахина Республика Ички ишлар вазирлигининг “Аъло хизматлари учун” кўкрак нишони билан тақдирлангани унинг хизматларига берилган муносиб баҳо бўлиб, уни янада янги марралар сари ундаши шубҳасиз.