Сизнинг яқинингиз ёки танишингиз психофаол моддаларни истеъмол қилаётганини қандай белги ва аломатлар орқали тушунишингиз мумкин?
Психофаол моддаларни истеъмол қилувчи шахслар қанчалик ўзларини ошкор бўлиб қолишларидан ҳимояланишга уринмасин, ушбу моддалар таъсирида қилган ҳатти-ҳаракатлар уларнинг ҳолатини ошкор қилади.
Ўтказилган кузатувлар таҳлили психофаол моддаларни суиистеъмол қилаётган ёшларда қуйидаги белгилар пайдо бўлишини кўрсатмоқда:
А) ўзини тутишдаги бирламчи ўзгаришлар:
— психофаол моддаларнинг номини айтганда, юзида хурсандчиликни пайдо бўлиши; — психофаол моддаларни суиистеъмол қилувчи шахслар тўғрисидаги ижобий ҳикоялар;— психофаол моддаларни суиистеъмол қилган инсондаги роҳатланиш ҳолатини тўлиқ ёритиб бера олиш;— психофаол моддаларнинг бирини бошқаси билан таққослай олиш, “афзалликлари” ҳақидаги хабардорликни намойиш қилиш;— кайфиятни кўтариш учун маълум дориларни истеъмол қилиш “замон талаби”, “замонавийлик” белгиси ҳақидаги баёнотлар;— атрофидаги дўстларининг ўзгариши, жаргонга хос сўзлашув услуби пайдо бўлиши.
Б) хатти-ҳаракатларидаги ўзгаришлар:
— махфийликни ортиб кетиши (қаерда ва кимлар билан бўлганлиги, бориш манзилларини айтишни истамаслиги, тез-тез ёлғон ишлатиши); — оғриқ қолдирувчи, тинчлантирувчи дориларга қизиқишнинг ортиши;— ухлаш цикли ўзгариб қолиши (кундузи ухлайдиган бўлиб қолиши);— иштаҳанинг йўқолиши;— доимий чанқоқлик ҳолати;— пулга бўлган эҳтиёжни ортиши (дўстларидан кўп қарз сўрайдиган бўлиб қолиши).
В) хулқ-атворидаги белгилар:
— бирданига пайдо бўлувчи кучли активлик, юқори эмоционал кайфият;— олдинлари кузатилмаган хатти-ҳаракатларни пайдо бўлиши (ўта хушмуомалалик, ҳазилкашлик ва ҳ.к.);— бирданига оч қолиб, ўрнатилган вақтни кутмасдан овқатланиш ҳолати, овқатни ҳар доимгидан кўп истеъмол қилиши ёки тескариси – бир кун давомида овқат емаслик;— яхши ўқиётган талаба бирданига жавоблари мантиқсиз, бераётган саволларининг мазмуни тушунарсиз бўлиши;— бирданига хавотирлик ҳисси пайдо бўлиб, тушкунликка тушиб қолиши;— кўзига ҳар хил нарсалар кўринишни бошланиши, ўзини ўлдириш ҳақидаги гаплар кўпайиб қолиши (васваса);— эгоистик хатти-ҳаракатлар кучайиб, одоб-ахлоқ қоидаларига очиқдан-очиқ риоя қилмаслиги;— қизиқишларининг тўсатдан ўзгариши;— бирданига кучли чарчоқнинг пайдо бўлиши ёки қувватнинг ортиши;— васвасалар (кўпинча параноид ёки персекутор васваса), психомотор бузилишлар (қўзғалиш ёки ступор), ҳис-туйғулар кучли қўрқувдан экстазгача ўзгариши билан тавсифланади;— тўсатдан жиззаки бўлиш (хумор тутиши вақтида).
Г) буюмларидаги белгилари:
— турли рангдаги кукунлар ва кристаллар, тамаки ва ўсимлик аралашмалари борлиги;— катта суммадаги тўлов чеклари;— қўл тарозилари; — телефонида турли нотаниш чатлар, ботлар, чекка жойларнинг локацияси, яъни одам кам юрадиган йўлаклар, дарахтзорлар, болалар майдончалари суратларининг пайдо бўлиши;— ёнидан куйиш аломати бўлган пипетка, ўралган пул купюраси, ялтироқ қоғоз, изолента, зип-пакетлар сингари ноодатий нарсалар кўп чиқиши;— телефон ёки компьютерда “ТОР” браузеридан фойдаланганлик ҳолатлари кузатилиши (ушбу браузер Даркнет тизимидан (ингл. даркнет – “яширин тармоқ”) фойдаланиш имконини беради);— бир ва ундан ортиқ телефон аппаратидан (сим-картасиз) фойдаланиши.
Д) психофаол моддаларни суиистеъмол қилишнинг клиник белгилари:
— тутқаноқ тутиши;— инсультга олиб келиши;— жигарни ишдан чиқиши;— буруннинг тез-тез қонаши ва оқиши;— кўп терлаш, терда ўта нотаниш ҳид ҳамда бутун танада ёриқлар пайдо бўлиши;— сочлар синувчан бўлиб қолиши;— кўз қорачиғининг сезиларли даражада кенгайиши.
Психофаол моддаларни суиистеъмол қилган шахсда унинг ташқи белгилари камида 48 соат сақланиб туради. Бу истеъмол қилган дорининг турига, миқдорига ва таркибига боғлиқ. Бироқ, инсондаги психик бузилишлар баъзи ҳолатларда бир умрга сақланиб қолади.
© O‘zbekiston Respublikasi Prezidenti Administratsiyasi huzuridagi Narkotiklarni nazorat qilish milliy markazi