27 Декабр 2024 йил 0

Кодни айтдинг – пулсиз қолдинг

Бугунги кунда глобал ахборот майдонида кибермакон билан боғлиқ янгидан-янги таҳдидлар юзага келмоқда. Шу боис виртуал оламдаги ҳужумлардан ҳимояланиш масаласи дунё ҳамжамиятини жиддий ташвишга солмоқда.

Дунё бўйлаб ҳар йили 500 миллиондан ортиқ киберҳужумлар уюштирилади. Ҳар сонияда 12 нафар инсондан бири кибермаконда содир этилган ҳужумлар қурбонига айланади. АҚШ, Франция, Англия, Германия, Белгия, Люксембург каби ривожланган давлатларда жиноятларнинг 60-65 фоизи киберҳужумлар орқали содир этилмоқда. Ўзбекистонда ҳам сўнгги уч йилда бу турдаги жиноятлар 8,3 бараварга кўпайиб, ҳозирда умумий жиноятчиликнинг қарийб 5 фоизига етган. Хусусан, ноқонуний банк-молия операциялари орқали ўзгаларнинг пластик картасидаги маблағларини ўзлаштириш, зарарли вируслар тарқатиш, қимор ва таваккалчиликка асосланган онлайн ўйинлар, диний ақидапарастликка қаратилган ахборот хуружлари, онлайн савдо майдонидаги фирибгарлик жиноятлари кўпайиб бормоқда. Пластик карталардан пул ўғирлаш ва фирибгарлик ҳолатлари ҳозирги вақтда энг кўп содир этиладиган жиноятлар қаторига киради.

Биргина 2023 йилда 5 500 дан ортиқ ўзбекистонлик интернет фирибгарлари қурбони бўлган. Банк карталари ҳаётимизда мустаҳкам ўрин эгаллагани сабабли, хавфсизлик бўйича мутахассислар барча карта эгаларига ўзларининг банк карталари ва унинг маълумотларини ҳамёндаги нақд пулдан ҳам қатъийроқ ҳимоя қилишни маслаҳат беришади. Бироқ банкнинг ахборот хавфсизлиги тизимларига қарамасдан, фирибгарлик операциялари натижасида картадаги пул маблағларини ўғирлаш эҳтимоли мавжуд.
Бунга йўл қўймаслик учун маблағларингиз билан ноқонуний операциялар амалга оширилишидан ҳимоялайдиган қуйидаги қоидаларга қатъий амал қилишингиз лозим:

– пароль ва кодларингизни ҳеч кимга айтманг;

– карта бўйича SMS огоҳлантириш хизматини уланг;

– хавфсиз сайтларни танланг;

– SMS орқали келган шубҳали ҳаволаларни босманг;

– маълумотларни қайта-қайта текширинг.

Фирибгарлар ҳақиқатан ҳам уларга дарҳол ишонишингизга умид қилишади. Маълумотни икки марта текширишга вақт бермаслик учун улар сизни атайлаб шоширишади. Аммо пул масаласида ошиқмаслик керак.

Унутманг, фирибгарлар доимий равишда алдашнинг янги схемаларини ихтиро қилишади. Ҳар қандай ҳолатда картадаги махфий маълумотларни ҳеч кимга, ҳатто ўзини банк ходими сифатида таништирган кишига ҳам берманг. Вазиятни тушунмагунингизча пул ўтказманг. Банкнинг расмий ишонч телефони рақамига ўзингиз қўнғироқ қилинг ва сизни қизиқтирган маълумотларни аниқланг.

Соҳибжон ТУРДИЕВ, Шайхонтоҳур тумани Ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармаси бўлинма бошлиғи, катта лейтенант

Шаҳзод ИСЛОМОВ, бўлинма профилактика катта инспектори, катта лейтенант

© Газета «XXI asr», №52 (1102), 2024 йил 26-декабр

Барча янгиликлар

Text to speech