17 Октябр 2024 йил 0

Уйларига етиб олиш етти йилга қолдирилди

“Биз анчадан бери иш излаётгандик. Ўша куни иш қидириб Яшнобод туманини роса айландик, ёнимизда пулимиз қолмади. Пиёда юриб чарчадик. Тунги соат бирларга яқин вақт эди. Кўчада транспорт воситалари тўхтамади. Уйга етиб олайлик деб, автотураргоҳда турган “Damas” автомашинасини миниб кетдик. Эртаси куни уни олиб келиб бермоқчи эдик. Аммо йўлда у ўчиб қолди. Ўша жойда қолдириб кетдик...”

Бу кўрсатмани ўқиб, ишлаш иштиёқида оч-наҳор шаҳар кезиб иш қидирган, етмаганига пулсиз қолган йигитлар кўз олдингизга келгандир. Эҳтимол уларга хайрихоҳлик ҳисси уйғонгандир?! Лекин ўзларининг жиноий қилмишларини хаспўшламоқчи бўлган Бекзоджон билан Бахтиёрнинг жазодан қочиб қутилиш учун ўйлаб топган важ-карсонлари бу.

Нима эмишки, автомашина йўлда ўчиб қолгач, тунда кўчада қолиб кетмаслик учун улар Янгиҳаёт туманидаги кўчаларнинг бирида турган “Damas” автомашинасига миниб кетганмиш. Бироқ шунда ҳам уйларига етиб ололмаганмиш. Чунки йўлда “бағритош ва ҳиссиз” йўл-патруль хизмати ходимлари тўхтатиб, уларни ички ишлар органларига олиб келганмиш. Соддаликни қаранг!

Аслида бу икки навқирон йигитлар – Бекзоджон 2004 йилда туғилган, муқаддам 2019 йилда Бекобод шаҳар суди томонидан Жиноят кодексининг 169-модда (“Ўғрилик”) билан судланган. Ҳамтовоғи Бахтиёр 2004 йилда туғилган, муқаддам судланмаган. Бу икки паҳлавон транспорт воситасини олиб қочиш ва ўзлаштириш ниятида олдиндан тил бириктириб, 2023 йил 12 декабрь тунида Яшнобод туманидаги “Тарновбоши” маҳалла ҳудудида ўлжа қидира бошлайди. Ниҳоят фуқаро Толибга тегишли бўлган “Damas” автомашинасининг юкхона эшиги очиқлигидан фойдаланиб, юкхона орқали киришади. Қўлларидаги буюм ёрдамида руль қисмини ечиб, симларни улаш орқали ўт олдириб, олиб қочишга муваффақ бўлишган.

Аммо Янгиҳаёт туманида ҳаракатланаётган вақтда автомашина эҳтиёт қисмларига бўлиниб-бўлиниб пароканда бўлишини сездими, ўчиб қолди. Уни ўт олдиролмай хуноб бўлган икки “дўст” сўкина-сўкина автомашина ғилдиракларини тепиб, аламини оларкан, яна автоулов қидиришга тушишди. Бу сафар Янгиҳаёт туманидаги “Янги Чоштепа” маҳалласидаги уйлар ёнида турган фуқаро Улуғбекка тегишли “Damas” автомашинасига кўзи тушди. Уни ҳам очиб, юқоридаги усулда ўт олдириб, ҳайдаб кетишади.

– Йигитлар гапни бир жойга қўйиб, келишган ҳолда юқоридаги баҳонага таяниб туриб олишди. Гўёки, бу уйдирмаси айбларини ювиш учун дастак бўладигандек. Жиноят кодексида “тунда уйга етиб олиш” мақсадида ўзганинг транспорт воситасини олиб қочиш учун жазо йўқ, дейилмаган. Дастлабки тергов жараёнида ҳар бири ўзини жазодан асраб қолиш учун айбни бир-бирларига ағдара бошлашди, – дейди Яшнобод тумани ИИО ФМБ ҳузуридаги Тергов бўлими бўлинма бошлиғи, майор Бахтиёр Абдухалилов. – Тергов ҳаракатлари давомида ҳар иккисининг хаттиҳаракатларига қонунан баҳо берилди ва таснифланди.

Жиноят ишлари бўйича Яшнобод туман суди очиқ суд мажлисида ушбу жиноий қилмишни кўриб чиқиб, М.Бекзоджон ва Т.Бахтиёрни Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 267-моддаси (“Транспорт воситасини олиб қочиш”) билан айбли деб топди. Мазкур кодекснинг 57-моддасини қўллаган ҳолда ҳар иккисини 7 йилга озодликдан маҳрум қилиш жазосига ҳукм қилди.

Нилуфар ИСОХОНОВА, Тошкент шаҳар ИИББ Ахборот хизмати бошлиғи.

© Газета «Mahalla», №64 (2202), 2024 йил 17 октябрь


Барча янгиликлар

Text to speech