Хато қилиш инсонга хос, аммо хатосини англамаслик, уни тўғирлашга интилмаслик энг катта хатодир. Билиб-билмай қилган жинояти учун пушаймонлик, тўғри йўлни танлаш ва ўз ҳалол меҳнати билан айбини ювишга ҳаракат албатта, эътиборсиз қолмайди. Тошкент шаҳар Учтепа тумани ИИО ФМБ Мажлислар залида Жиноят ишлари бўйича Учтепа туман судининг сайёр суди бўлиб ўтди. Унда туман ИИО ФМБ Пробация бўлимида ҳисобда турувчи ана шундай жазо муддатини ўтаб, меҳнатга ҳалол муносабатда бўлган, ахлоқан тузалиш йўлига ўтган етмиш нафарга яқин маҳкумларни Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 73-моддасига асосан, шартли равишда озод қилиш билан боғлиқ масалалар кўриб чиқилди. Ҳар бир маҳкумнинг ахлоқ-одоби, қилмишларига муносабати, жазони ўташ вақтида чиқарган хулосалари билан танишиш жараёнида 13 нафар маҳкум мазкур моддага биноан жазодан муддатидан илгари шартли равишда озод этилди. Икки нафар жазодан бўйин товлаб, белгиланган қонун талабларига беписандлик қилган маҳкумларга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 46-моддаси 4-қисми билан жазо турини оғирроқ жазо турига алмаштириш бўйича киритилган тақдимнома қаноатлантирилди. Уларнинг бирига озодликдан маҳрум қилиш жазоси, иккинчисига озодликни чеклаш жазоси қўлланилди. Тадбир давомида, суд ҳукми ва ажримига асосан туман пробация бўлими ҳисобига янги олинган 15 нафар назорат остидаги шахсларнинг бандлигини таъминлаш ва уларни касбга йўналтириш мақсадида, улар туман Аҳоли бандлиги ва камбағалликни қисқартириш бўлимига олиб борилди. Бу ерда бўш иш ўринлари билан таништирилди ва ишлаш хоҳишини билдирган шахсларга йўлланмалар берилди. Шунингдек, маҳкумларнинг туман “Катта Чўпон-ота” маҳалласида жойлашган масъулияти чекланган жамиятга ташрифи уюштирилиб, улар иш жараёни билан яқиндан танишдилар. Мазкур ишга қизиқиш билдирганлар билан корхонанинг ўзида суҳбатлар уюштирилиб, ҳужжатларни расмийлаштириш жараёни олиб борилди. Бу каби жиноят содир этиб, ўз хатосини англаган, тўғри йўл танлаган шахсларга берилаётган имкониятлар ва имтиёзлар миллий қадриятларимизнинг ёрқин намуналаридир. Худди шундай тадбир Яшнобод туманида жойлашган “Ишга марҳамат” мономаркази биносида ҳам бўлиб ўтди. Унда нафақат туман ИИО ФМБ Пробация бўлимида ҳисобга олинганлар балки, туман маҳалла фуқаролар йиғинлари томонидан юритилган “Темир дафтар”, “Аёллар дафтари” ва “Ёшлар дафтари”га рўйхатга олинган ишсиз, кам таъминланган, эҳтиёжманд хотин-қизларнинг бандлигини таъминлаш, фойдали машғулотларга жалб этиш мақсадлари кўзда тутилган бўш ўринлар меҳнат ярмаркаси ташкиллаштирилди. Тадбирда махсус дафтарларда рўйхатда турувчи 21 нафар, туман ИИО ФМБ Пробация назоратида жазо ўтаб келаётган 12 нафар шахслар мавжуд бўш иш ўринлари билан яқиндан танишиб, ўзлари танлаган ишларга йўлланмалар олишди. Пробация назоратидаги икки шахсга эса “Ишга марҳамат” мономарказидаги касбга тайёрлаш ўқув курсларига йўлланма берилди. Бундай хайрли ва эзгуликка йўғрилган тадбирларни уюштирган мутасаддилар келгусида аҳоли бандлиги ва даромадларини оширишга эътибор қаратиш баробарида мактаб ва олийгоҳларни битириб, илк бора меҳнат бозорларига қадам қўяётган ёшларни ҳам касбга йўналтириш, иш билан таъминлаш борасидаги ишларни устувор вазифа сифатида белгилаб олишди.