6 Ноябр 2024 йил 0

Сохта “газчи” фуқароларни чув туширди

Бир йил ишлаб, туман “Ҳудудгазтаъминоти” корхонасидан бўшаб кетган Азиз бирор ишнинг бошидан тутмади. Ижтимоий тармоқларда иш ўринлари эълонларини кузатиб, иш тавсия қилган хотинига бирини узоқ, бирининг ойлиги кам, яна бирига бошқа баҳоналарни рўкач қилиб, уяли телефонини титиб ўтиришдан қизиқроқ машғулот топа олмади. 

Унинг ишламай, рўзғор юкини хотини елкасига ташлаб қўйишидан зада бўлган рафиқаси шу зайлда давом этаверса, вояга етмаган фарзандини олиб, ота уйига кетиши ва ажрашишини маълум қилди. Ноилож қолган Азиз шунда ҳам ҳийла ишлатиб, гўёки иш қидирган бўлиб кўчага чиқиб кетадиган, бекорчиликдан тентираб келадиган одат чиқарди.

Хотини бу шумлигини ҳам билиб қолгач, фириб йўлига ўтди. У 1935 йилда туғилган, ёлғиз яшовчи С.Галинанинг уйига ташриф буюрди. Унинг газ ҳисоблагич мосламасининг йўқлигини билган ҳолда жарима билан “қўрқитиб”, газ ҳисоблагични ўз нархида қўйиб беришга ваъда бериб, 350 минг сўм пулини олади. 1947 йилда туғилган Б.Жаннадан 500 минг сўм, 1975 йилда туғилган Алишердан 600 минг сўм, Д.Валентинанинг газ плитасини таъмирлашнинг имкони йўқлиги, ис газидан заҳарланиши мумкинлигини айтиб, плитани янгилаб бериш шарти билан 1 млн. 200 минг сўмини олиб, чув тушириб кетади.

Шу тариқа Азиз 2023 йилнинг август-сентябрь ойларида фуқароларнинг 2 млн. 650 минг сўм пулларини олиб, ўз эҳтиёжларига ишлатиб юборади.

– Ҳадеганда газ ҳисоблагич келавермагач, Галина газ таъминоти корхонасига Ботирни излаб боради. Бироқ корхонадагилар бундай ишчи йўқлигини айтишади. Бошқа жабрдийдалар ҳам турли исмли газ хизматчисини қидириб боришганда, фирибгарнинг тузоғига илинганини сезиб, ички ишлар органларига мурожаат қилишади, – дейди Яшнобод тумани ИИО ФМБ ҳузуридаги Тергов бўлими терговчиси, капитан Б.Бекназаров. – Жабрдийдаларнинг алданиб қолишига яна бир сабаб, Азиз бу хонадонларга ташриф буюрганда ҳеч ким унинг ҳужжатларини сўрамаган, ҳақиқатдан ҳам “Hududgazta'minot”да ишлаш-ишламаслигини текширмаган.

Жиноят ишлари бўйича Яшнобод тумани суди 1998 йилда туғилган Азизнинг қилмишини очиқ суд мажлисида кўриб чиқиб, уни Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 168-моддаси 3-қисми “б” банди (“Фирибгарлик”) билан айбли, деб топди. Унинг пушаймонлиги, жабрланувчиларга етказилган зарарни тўла қоплаганлиги, оиланинг ягона боқувчиси эканлиги инобатга олиниб, иш ҳақининг 20 фоизини давлат даромади ҳисобига ушлаб қолган ҳолда, 2 йилга ахлоқ тузатиш ишларига ҳукм қилди.

Нилуфар ИСОХОНОВА, Тошкент шаҳар ИИББ Ахборот хизмати бошлиғи

© Газета «Mahalla», №68 (2206), 2024 йил 31 октябрь

Барча янгиликлар

Text to speech