Фирибгарларнинг ҳийлаю найрангларидан эҳтиёт бўлиш ҳақида қанчалик кўп огоҳлантирмайлик, барибир уларнинг жозибали ваъдалари, ҳаётингизни тез фурсатларда ва кам харажатларда бойитиб, гўзал ва қизиқарли қилишда, айниқса, кўчмас мулкка эга чиқишингизга ёрдам беришига ишонтириш маҳоратига учиб, тушкунлик, асаббузарлик ва сарсону саргардонликни бошидан кечираётганлар кўплаб учрамоқда. Олий маълумотли, икки нафар вояга етмаган фарзанднинг отаси Сарваржоннинг туғма актёрлик маҳорати бормиди ёки кейинчалик юзага чиқдими, ҳар ҳолда Фарҳоднинг ишончини қозонди. Уни Яккасарой туманидаги Муқимий кўчасида жойлашган уй орқасидаги ташландиқ ерни сотиб олишга кўндирди. Фарҳодга 2023 йилнинг 1 январь кунига қадар ерни қонуний расмийлаштириб беришини, у жойга енгил турдаги савдо маиший хизмат кўрсатиш объектларини қуриб фойдаланса, катта даромад топишини айтди.
Сарваржон ерни қонуний расмийлаштириш, қурилиш лойиҳаларини тайёрлаш билан боғлиқ югур-югурларни ўз зиммасига олди. Тахламтахлам пулларнинг чўнтагига оқиб келаётганини (аслида, оқиб кетаётганди) тасаввур қилган харидор лойиҳа ҳужжатлари учун бўлиб-бўлиб – жами 10 минг АҚШ долларини қандай берганини билмай қолди.
Сарваржон бу билан кифояланмай, 2023 йилнинг 10 январь куни Яккасарой туманидаги бир масъулияти чекланган жамиятга қарашли қурилиш объектини 2 қаватдан 4 қаватга кўтариб бериш бўйича лойиҳа ҳужжатларини қонунийлаштириб, Тошкент шаҳар Қурилиш бошқармасига тақдим қилиши ва қурилиш кенгашидан рухсат олиб беришини ваъда қилиб, Маъмурни 6 минг АҚШ долларига чув туширди.
– Ёши оқ-қорани танийдиган фуқароларнинг бирор ҳужжатлари ёки ваколати бўлмаган шахсга, ҳеч қандай шахсини тасдиқлайдиган ҳужжатларсиз йирик-йирик пул маблағларини бериб юборишига ҳайрон қоласан, – дейди Яккасарой тумани ИИО ФМБ ҳузуридаги Тергов бўлими терговчиси Э.Зиябеков. – Аслида, қонунга зид бўлган хатти-ҳаракатларни қонунга ўчакишгандек, “қонунийлаштиришга” беҳуда уриниш шундай оқибатларга олиб келади.
Жиноят ишлари бўйича Яккасарой тумани суди Сарваржоннинг қилмишига қонуний баҳо бериб, фирибгарлик билан айбли, деб топди.
Унинг икки нафар вояга етмаган фарзанди борлиги, оиланинг ягона боқувчиси эканлиги, жабрдийдага етказилган зарарни тўлиқ қоплаганлиги инобатга олиниб, базавий ҳисоблаш миқдорининг 50 баравари миқдорида, яъни 17 млн. сўм жарима жазосини тайинлади.
Нилуфар ИСОХОНОВА, Тошкент шаҳар ИИББ Ахборот хизмати бошлиғи
© Газета «Mahalla», №74 (2212), 2024 йил 21 ноябрь