24 Январ 2025 йил 59

Шашти ва қадри баланд аёллар баҳсларда

Аёлларимизнинг жамиятимизда тутган ўрни, юртимиз равнақига қўшаётган ҳиссаси беқиёсдир. Қайси жабҳани олиб қараманг, барчасида аёлнинг қўли, меҳнати ва тафаккурининг гувоҳи бўламиз. Ички ишлар органларида ҳам мана шундай ўз касбига фидойи, вазифаларини сидқидилдан бажариб, заминимиз тинчлиги ва барқарорлигига ўз улушларини қўшиб келаётган аёлларимиз кўпчиликни ташкил этади. Уларнинг юртимиз тинчлик-осойишталигини таъминлаш йўлида олиб бораётган хизматлари эътирофга сазовор. Ишониб топширилган вазифалари қаторида оилани ҳам тебратиб, маҳалла кўйда обрў-эътибор қозониш билан бирга ўз дунёқараши, билим ва малакаларини ошириб боришга фурсат топаётгани, боз устига ўз иқтидорлари ва имкониятларини ҳам намойиш этаётгани қувонарли. Юртбошимиз томонидан аёл-қизларимизга кўрсатилаётган эътибор, жамиятда, оилада ўз ўрнини топиши, баркамолликка эришиши борасида қабул қилинаётган ҳуқуқий ҳужжатлар, яратилаётган шарт-шароитларни-ку сон-саноғи йўқ ҳисоб. Бу борада Ички ишлар вазирлиги томонидан ҳам ходима аёл-қизларнинг касбий билим ва малакаларини ошириб бориш, моддий ва маънавий қўллаб-қувватлаш, соғлом рақобат ишчи муҳитини яратиш, ташаббускорлигига кенг йўл очиш, ижодий қизиқишларини рағбатлантириш борасида чора-тадбирлар белгиланиб келинмоқда. Улардан бири сифатида 2022 йилда “Фидойи аёл ходима” кўрик-танловини ташкиллаштириш ва ўтказиш бўйича қабул қилинган низомни қайд этиш лозим. Зотан, бу низом асосида ҳар йили ушбу тадбир муваффақиятли ўтказиб келинмоқда. Унинг узвий давоми сифатида жорий йилнинг январь ойида пойтахт ички ишлар органларида хизмат олиб бораётган ходималар иштирокида навбатдаги кўрик-танлов ўтказилди. Унда 21 нафар аёл ходималар қатнашди. 4 босқичда ўтказилган баҳс-мунозараларнинг 1-босқичида “Иштирокчиларнинг жисмоний тайёргарлиги даражасини аниқлаш шартлари: куч ишлатиш комплекс машқларини бажариш ва 1000 метр масофага югуриш”; 2-босқичда “Жанговар тайёргарлик даражасини аниқлаш шартлари: “Макаров” пистолетини тўлиқсиз қисмларга ажратиш ва йиғиш машқларини бажариш ҳамда жанговар “Макаров” пистолетидан амалий ўқ отиш, аниқ нишонга олиш ва ҳаракатланмайдиган нишонга отиш тартиби”; 3-босқичда “Иштирокчиларнинг билим дажарасини аниқлашга қаратилган электрон тест синовлари” ва 4-босқичда “Якуний баҳолаш” кабилар ўрин олди.
Кўрик-танловнинг 1-босқичи Тошкент шаҳар Юнусобод туманида жойлашган ИИББ Спорт мажмуасининг спорт зали ва стадионида, 2 ва 3-босқичлар ИИББ ММИваКБТХда ўтказилди. Мусобақа ҳакамлари иштирокчиларнинг белгиланган шартларни бажариш жараёнларини адолатли ва холисона кузатиб ва баҳолаб бориб, унинг якунига кўра фахрли 1-ўринга Якккасарой тумани ИИО ФМБ Ташкилий бўлим Тезкор бошқарув маркази оператори, сафдор Лобар Раҳмоновани лойиқ деб топди. 2-ўринга Учтепа тумани ИИО ФМБ инспектори, катта лейтенант Диёра Урозқулова, 3-ўринга Янгиҳаёт тумани ИИО ФМБ ҳузуридаги Тергов бўлими катта суриштирувчиси, майор Ҳуснора Қодирова ва Юнусобод тумани ИИО ФМБ ҳузуридаги Тергов бўлими бўлинмаси катта суриштирувчиси, катта лейтенант Дилшода Хужанова муносиб деб топилди..
Бу каби тадбирларнинг узвий давоми сифатида жорий йилнинг 23 январида яна бир – ходималарнинг интеллектуал ва касбий билим даражасини, маънавий-ахлоқий савиясини, дунёқараши ва салоҳиятини синаш, билимга интилиш ва иштиёқларини рағбатлантириш мақсадида, “Заковат” интеллектуал ўйини ўтказилди. Билимлар баҳсида 15 та билимдон ходималар жамоаси иштирок этди. Қизғин ва жўшқин тарзда ўтган баҳслар ҳакамларда ҳам катта таъсурот қолдирди. Ҳакамлар бир овоздан 1- ўринга Бош бошқарма Тиббиёт бўлими жамоасини, 2-ўринга Чилонзор тумани ИИО ФМБ жамоаси, 3-ўринга Бектемир тумани ИИО ФМБ жамоасини лойиқ деб топилди. Ҳар икки мусобақа ва баҳсларда иштирок этиб, ғолибликни қўлга киритган ходималар ва жамоаларга тегишли диплом ва қимматбаҳо совринлар тантанали равишда топширилди.

Барча янгиликлар

Text to speech