Шаҳримизда “Хавфсиз ва соғлом пойтахт” ойлиги давом этмоқда. Пойтахт ИИББ ходимлари бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимлари билан биргаликда амалга ошираётган тезкор тадбирлари давомида гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар, кучли таъсир қилувчи воситаларни ноқонуний равишда тарқатиш, сақлаш, муомалага киритиш билан боғлиқ жиноий ҳолатлар аниқланмоқда. Бундай моддаларнинг савдоси Интернет тармоқларига кўчиши, эътиқоди суст, маънавияти саёз ёки тезда бойиб кетиш каби ғараз ниятда бўлган шахсларни ўз “тўрига” осон илинтирмоқда. Куни кеча пойтахтимизнинг Чилонзор туманида ички ишлар ва бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбир давомида, 1993 йилда туғилган Р.Исмоилнинг яшаш хонадони кўздан кечирилди. Текшириш жараёнида пухталик билан яширилган умумий оғирлиги 132 грамм бўлган 29 702 дона бир марталик истеъмол учун тайёрлаб қўйилган ҳар хил турдаги гиёҳванд ва психотроп моддалари, 3 дона электрон тарози, изолента ва “зип” пакетлар ашёвий далил сифатида расмийлаштириб олинди. Мазкур ҳолат юзасидан Шайхонтоҳур тумани ИИО ФМБ томонидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 273-моддаси 5-қисми (“Гиёвандлик воситалари, уларнинг аналоглари ёки психотроп моддаларни ўтказиш мақсадини кўзлаб қонунга хилоф равишда тайёрлаш, олиш, сақлаш ва бошқа ҳаракатлар қилиш, шунингдек уларни қонунга хилоф равишда ўтказиш”) билан жиноят иши қўзғатилиб, гумон қилинувчига нисбатан қамоқ эҳтиёт чораси қўлланган. Шайхонтоҳур туманида ўтказилган яна бир тезкор тадбирда 1982 йилда туғилган, муқаддам ўғирлик жинояти учун судланган Ҳ.Абдуғофур ҳамда 1988 йилда туғилган У.Фарҳодлар кетаётган автомашина тўхтатилиб холислар иштирокида текширилди. Текширув жараёнида автомашина салонида 1028 дона кучли таъсир қилувчи дори воситалари аниқланди ва ашёвий далиллар тегишли тарзда расмийлаштириб олинди. Мазкур ҳолат юзасидан Шайхонтоҳур тумани ИИО ФМБ томонидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 251-прим 1-моддаси (“Гиёҳвандлик воситалари, уларнинг аналоглари ёки психотроп моддалар ҳисобланмайдиган кучли таъсир қилувчи моддаларни тарғиб қилувчи маҳсулотни тайёрлаш, тарқатиш, реклама қилиш, намойиш этиш ёки бундай моддаларни ёхуд заҳарли моддаларни қонунга хилоф равишда муомалага киритиш”) билан жиноят иши қўзғатилиб, гумон қилинувчиларга нисбатан қамоқ эҳтиёт чораси қўлланган. Ҳар икки ҳолат юзасидан тергов ҳаракатлари давом этмоқда.