ТОШКЕНТ ШАҲАР ИЧКИ ИШЛАР БОШ БОШҚАРМАСИ

Хотин-қизлар масаласи – муҳим масала

2002 йилда ИИВ Академиясини муваффақиятли тугатган Саҳоват Мелиева Яккасарой тумани ИИБда Хорижга чиқиш-келиш ва фуқароликни расмийлаштириш бўлими инспектори лавозимида иш бошлади. Ёш серғайрат, интилувчан лейтенантга бўлим катта инспектори, майор Гулнора Бозорова устозлик қилди. Соҳани тез ўзлаштирган Саҳоват кўп ўтмай Олмазор туман ИИБ ХЧКва ФР бўлимида, 2011 йилда эса туман ИИБ Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бўлими инспектори лавозимида фаолиятини давом эттирди. Унинг туман маҳаллалари раислари, фаоллари билан ишлаш, уларнинг бошларини бириктириб, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишга қаратилган тадбирларга жалб этиш, содир этилган ҳар бир жиноят ва ҳуқуқбузарликларни кенг жамоатчилик иштирокида муҳокама қилиш, тарғибот ишларининг самарали ташкиллаштиришдаги шижоати, саъй-ҳаракатлари раҳбариятнинг эътиборига тушди. 2019 йилда лавҳамиз қаҳрамони Саҳоват Мелиева туман ИИО ФМБ Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бўлими хотин-қизлар масалалари бўйича катта инспектори лавозимига ўтказилди. Шундан буён Саҳоват туманда жойлашган 64 та маҳалладаги оилаларда яшовчи хотин-қизларнинг “иссиқ-совуғидан” бохабар. Маҳалла фаоллари билан ишни тўғри ташкиллаштирганлиги боис, улар ёрдамида оила аъзолари томонидан турли тазйиқ ва зўравонликка дучор бўлаётган, аксарияти андиша ҳамда ор қилиб мурожаат қилишга ботинмайдиган аёллар ўз вақтида аниқланиб, маҳалла еттилиги, отинойилар, диний идора вакиллари ҳамкорлигида жойига чиқиб ўрганилиб уларга ҳуқуқий ҳамда ижтимоий-моддий ёрдам кўрсатилиб келинмоқда. Шу ўринда “Абубакр Шоший” маҳалла фаоли Мактуба Ризаева, “Шодиёна” маҳалласи фаоли Лолахон Мирсоатоваларнинг жонкуярлиги, ўз вазифаларига масъулиятини таъкидлаш лозим. Уларнинг ҳамкорликдаги саъй-ҳаракатлари туфайли, жорий йилнинг уч ойида турмуш ўртоғи, қайнонаси ва оила аъзолари томонидан, сурункали камситиб келинаётган, зўравонлик, турли тазйиқларга учраган қирқдан ортиқ хотин-қизларга ҳимоя ордерлари берилди. Бир неча ўн нафарига ижтимоий-моддий ёрдам кўрсатилди.– Одатда моддий қийинчиликлар, етишмовчилик, рўзғорнинг каму кўсти, бир ҳовлида бир неча оилалар –ака-ука, овсинларнинг яшаши ажрашишларнинг асосий сабаби, – дейди подполковник Сабоҳат Мелиева. – Куни кеча бир оиланинг ажримини муҳокама қилдик. Катта данғиллама ҳовли. Ёлғиз қайнона, ўзига ўзи хизмат қилади, қандли диабети бўлганлиги боис ош-овқатини ўзига ўзи тайёрлайди. Камига икки нафар уй хизматчиси бор. Эр-хотин олий маълумотли. Эр топармон-тутармон. Хотинига ҳам автомашина олиб берган. Бир қиз, бир ўғил фарзандлари бор. Бироқ хотини эрини хиёнатда айблаб, ажрашишга қарор қилган. Биз ҳар иккиси билан тушунтириш ишларини олиб бордик. Бироқ аёл “кўнглим қолган, ўртада меҳр йўқ, ажрашаман” деб туриб олди. Ачинарлиси, фарзанднинг бири “отам билан яшайман”, деса, иккинчиси “онам билан яшайман”, деб туриб олган. Айни пайтда аёли ота-онасиникида. Ҳайрон қоларли жойи – аёлнинг ота-онаси уйида катта қизи ҳам бир фарзанди билан ажраб келиб ўтирибди, энди иккинчи қизи ҳам ажрашмоқда, улар эса хайрихоҳ.Бу каби кўплаб воқеаларнинг шоҳиди бўлган подполковник Саҳоват Мелиева тарбия аввало ота-онадан бошланиши, фарзанд тарбиясида катталарнинг роли ўта муҳимлигини таъкидлайди. Бугунги кунда моддий бойликлар, ортиқча ҳашамат, дабдаба, “ким ўзарлик”ка берилиб, маънавиятимиз, қадриятларимизни менсимаслик каби ҳолатлар кўпайиб бораётгани сир эмас. Ёшларимиз, айниқса, хотин-қизларимиз томонидан “озодлик”, “эркинлик” тушунчасининг салбий, беўхшов талқини кенг ёйилаётгани ачинарли ҳолдир. Ҳар бир инсон бахтли бўлишга ҳақли. Ажрашаётган эр-хотинлар-ку ўз жуфтини, бахтини топиб кетар, аммо ўртада сарсон, бағри кемтик, меҳрдан мосуво, аросатда қолган болалар-чи?! Уларнинг ҳақ-ҳуқуқи кимнинг бўйнида?!

19 Апрел 2025 йил

35

Номардлик ҳам эви билан-да!

Одам бойлик васвасасига тушмасин экан. Тушдими, ётса ҳам, турса ҳам даста-даста пуллар кўзига кўринади. Худди “Маҳалдада дув-дув гап” фильмидаги Умаржоннинг онаси Ойпошшахон тўй бузилай деганда ҳамма нарса: қозондаги ошдан тортиб, столдаги ноз-неъматларгача пулга айланиб қолиш саҳнасини кўз олдингизга келтиринг-а! Шоҳруҳ ҳам юрган йўлида, ушлаган буюмида фақат пулни кўради. Масъулияти чекланган жамиятнинг омбор мудири бўла туриб, маошига қониқмади. Нима қилса, пулдор бўларкин-а!? Ўйлаб-ўйлаб бир ўқ билан икки қуённи урадиган ажойиб режа тузди. Ҳам бойийди ҳам ажрашиб кетган собиқ хотинининг “адабини беради”. У 2024 йил 4 август куни фуқаро Б.Исломнинг ишончига кириб, туманнинг 23-мавзесида жойлашган уйни ўзиники кўрсатиб, ойига 350 АҚШ доллари эвазига ижарага берди. Очиғи бир ҳафта ичида уйни бўшатиб қўйишни ваъда қилиб, пулини олди. 22 август куни фуқаро М.Шахзодбекни ҳам шу йўсинда алдаб 400 АҚШ долларини, 23 август куни С.Низомиддиндан икки ойлик ижара ҳақи сифатида 7.620.000 сўмини олди. Жабрдийдаларга қўшни давлатга оиласи билан ишлагани кетаётганини сабаб қилди. Уй эса аслида бир фарзанди билан кўрсатилган хонадонда яшаб келаётган, эртадан-кечгача ишда бўлган собиқ турмуш ўртоғига тегишли бўлиб, бу савдолардан аёл умуман бехабар эди. Вақт ўтиб, эшик қўнғироғини жиринглатиб, ижарачилар кўч-кўрони билан кириб кела бошлаганда, боз устига уйни бўшатиб қўйишни талаб қилишиб, жанжал кўтаришганида аёл жарбдийдалар билан биргалашиб ички ишлар идорасига мурожаат қилишга мажбур бўлди.– Жиноят ишлари бўйича Учтепа туман суди очиқ суд мажлисида 1994 йилда туғилган, бир фарзанди билан ажрашган, муқаддам судланмаган Б.Шоҳруҳнинг жиноий қилмишларини кўриб чиқиб, унинг пушаймонлиги, етказилган зарарни тўлиқ қоплаганлиги, жабрдийдаларнинг даъвоси йўқлигини инобатга олиб, Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 168-моддаси 3-қисми “б” банди (“Фирибгарлик”) билан айбли деб топди ва иш ҳақининг 20 фоизини давлат ҳисобига ушлаб қолган ҳолда 2 йил ахлоқ тузатиш ишлари жазосига ҳукм қилди.Мазкур жиноят иши тафсилотлари билан Учтепа тумани ИИО ФМБ ҳузуридаги Тергов бўлими терговчиси, катта лейтенант Бобур Сатторов таништирди.

19 Апрел 2025 йил

50

Спорт – соғлом турмуш тарзи демакдир

Соғлом танда соғлом ақл, деган ибора бежизга айтилмаган. Юртимизда соғлом турмуш тарзини кенг тарғиб ва тадбиқ этиш, оммавий спортни янада ривожлантириш борасида қатор ишлар амалга ошириб келинмоқда. Бу давлат сиёсати даражасига кўтарилгани, халқимизнинг маънан ҳамда жисмонан соғлом ва баркамол бўлишига берилган эътибордир.Ички ишлар вазирлиги тизимида мунтазам равишда ўтказиб келинаётган “Маънавият ойлиги” доирасида Тошкнет шаҳар ИИББ тизимида ҳам бир қатор тадбирлар бўлиб ўтмоқда.Куни кеча Яккасарой туманида жойлашган спорт мажмуасида пойтахт ички ишлар тизими ходимлари ўртасида спортнинг енгил атлетика тури бўйича мусобақа ўтказилди. Мусобақада Бош бошқарма тизимларидан ҳар бир жамоада 12 нафар иштирокчидан иборат 14 та терма жамоа қатнашди. Мусобақа шартларига кўра ёш тоифаларида: 100, 200, 400, 800, 1000, 3000 метрлик масофаларга югуриш, югуриб келиб узунликка сакраш ва жойидан туриб сакраш йўналишларида ғолиблик учун қизғин баҳслар бўлиб ўтди. Беллашувларни диққат билан кузатган ҳакамлар жамоаларнинг саъй-ҳаракатлари, ғалабага бўлган ғайрат-шижоатларини адолат билан муносиб баҳолаб боришди. Якуний натижаларга кўра умумий ҳисобда: биринчи ўрин - Тошкент шаҳар ИИББ “Қўриқлаш” бошқармаси терма жамоасига, 2-ўрин Шайхонтоҳур тумани ИИО ФМБ ҳамда 3- фахрли ўрин Яшнобод тумани ИИО ФМБ жамоасига насиб этди.Ғолиблар ҳамда мусобақа иштирокчиларига Бош бошқарма ҳамда “Динамо” ЖТСЖ кенгаши томонидан жорий этилган совринлар, қимматбаҳо ва эсдалик совғалари топширилди.

19 Апрел 2025 йил

106

Президент Шавкат Мирзиёев раислигида бошланган видеоселектор йиғилишида дунёда юз бераётган иқтисодий ва савдо чекловларининг Ўзбекистонга таъсирини юмшатиш масалалари муҳокама қилинди

Аввало, давлатимиз раҳбари глобал иқтисодий ҳолатга тўхталди. “Ҳозирги дунё аввалгидек эмас. Гап тариф ёки уларни миқдорида ҳам эмас. Узоқ йиллар давомида давлатлар ўртасида барқарор муносабатлар ва ўзаро ишончни таъминлаган халқаро институтлар, улар ишлаб чиққан қоида ва нормалар бугун самарасиз бўлиб бораяпти. Албатта, бу жараёнлар занжирли таъсир кўрсатиб, жаҳон иқтисодиётини секинлашуви ва халқаро савдони камайишига олиб келиши мумкин”, - деди Президент. Биргина юқори тарифлар оқибатида халқаро савдо ҳажми 3,5 триллион долларга қисқариб, дунёдаги инфляция даражаси 7,5-8 фоизга кўтарилиши ҳақида прогнозлар берилмоқда. “Уч-тўрт кун ичида халқаро молия бозорлари 10 триллион доллар йўқотгани биз учун қаттиқ “сигнал” бўлиши керак. Энг катта хавф – пандемия даврида бўлгани каби дунё бўйлаб таъминот ва қиймат яратиш занжирларида узилишлар пайдо бўлишидадир. Айниқса, бундай ҳолат жаҳон экспортида юқори улушга эга тўқимачилик, электротехника, автомобилсозлик, озиқ-овқат саноати каби “драйвер” тармоқларга катта зарба бериши мумкин”, - деди Президент. Ўзига нисбатан энг катта импорт божлари қўйилган давлатлар эндиликда Ўзбекистон экспорт қилаётган йўналишларга ўзининг маҳсулоти билан кириш учун агрессив савдо сиёсатини юритиши мумкинлиги қайд этилди. Яъни, мамлакатимиз кириб борган ип-калава, мато, газлама, тайёр текстиль ва маиший техника бозорларида ҳам аёвсиз рақобат бўлади. Гарвард университети таҳлилига кўра, ўтган беш йилда Иқтисодий мураккаблик индексида Ўзбекистоннинг ўрни 25 поғона яхшиланиб, 105-ўриндан 80-ўринга кўтарилди. Бугунги кунда 162 турдаги миллий маҳсулотларимиз “дунё бозорларида рақобат устунлигига эга” деб эътироф этилаяпти. Натижада охирги йилларда экспорт 2,2 баробар ошди. Ташқи савдо айланмаси ялпи ички маҳсулотга нисбатан 57 фоизга етди. “Бу – иқтисодиётимиз ташқи бозорларга қанчалик боғлиқ эканини кўрсатадиган жуда катта рақам”, - деди Президент. “Такрор ва такрор айтаман – “ҳозирги дунёдаги вазият бизга таъсир қилмайди” деганлар жуда катта хато қилади. Бундай шароитда фақат ўз кучимиз ва ички имкониятларимизга таяниб, дадил-дадил қадам ташлашимиз керак”, - деди давлатимиз раҳбари. Лекин кўп раҳбарлар ҳали масаланинг жиддийлигини, 2 карра кўп ишлаш кераклигини билмаётгани, ҳар бир вазирлик, тармоқ ва ҳудудларни биринчи раҳбарлари аниқ-аниқ режа қилиб, ишлаб чиқариш, экспорт билан ўзи шахсан шуғулланиши шарт ва зарурлиги кўрсатиб ўтилди. Бир ҳафта давомида мутасаддилар 3 мингдан зиёд тажрибали тадбиркорлар билан учрашди. Ишбилармонлар халқаро бозорлардаги тебранишларга мослашиш учун тезда ҳал қилиш керак бўлган янги-янги масалаларни қўймоқда. Вазирлар, ҳокимлар, банк ва тармоқ раҳбарларига саволлар кўп. Айрим раҳбарлар тенденцияларни ўрганиб, хатарларни тўғри баҳолаб, тадбиркорларга йўл очиш ўрнига ўзлари тўсиқ бўлаётгани танқид қилинди. Бундайларга нисбатан қаттиқ чора кўрилиши қайд этилди. Стандартлаштириш ва сертификатлаштириш тизимидаги эскирган талаблар ва бюрократия тадбиркорларнинг “қўлини боғлаётгани”, соҳада коррупцияни келтириб чиқараётгани кўрсатиб ўтилди. 25 мингдан ортиқ стандарт, 41 та техник регламент халқаро бозор талабларига мос келмайди. Ҳозирда 13 мингга яқин турдаги товарнинг 6,5 минги мажбурий сертификатланади, бу эса таннархни оширади. “Вазирлар, ҳокимлар қачон тадбиркорларни эшитиб, қайси стандартни янгилаш, қайси бирини бекор қилиш, нима маҳсулотни мажбурий сертификация рўйхатидан чиқаришни ўйлаб кўрди? Афсуски, бунга ижобий жавоб йўқ”, - дея қатъий эътироз билдирди Президент. Хусусан, инвесторлар мамлакатимиздаги кўп лабораториялар талабга жавоб бермаслиги, ривожланган давлатлар стандартлари эса тан олинмаётганини айтмоқда. Ҳозирги тизимда сертификатлаш органлари бир пайтнинг ўзида бозор назоратини ҳам олиб бораётгани, бу эса манфаатлар тўқнашувига олиб келаётгани қайд этилди. Президентимиз сертификатлаштириш тизимидаги айрим муаммоларни санаб, уларнинг ечимларини айтди. Таъкидланганидек, сут ва гўшт маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи корхоналар ўзининг маҳсулотига Санэпидқўм хулосасини олиш тизимидан норози. Масалан, йилига 100 миллион долларлик болалар озуқаси импорт бўлмоқда. Лекин замонавий ускуна келтириб, завод қурган тадбиркор Санэпидқўм хулосаси йўқлиги учун ишлаб чиқаришни бошлай олмаяпти. Хулоса бериш учун эса стандарт йўқ. Қўмита раҳбарияти “бу маҳсулотга бизда стандарт йўқ”, деб кутиб ўтирмасдан, ўзи ташаббус қилиб, тадбиркор билан бирга стандарт ишлаб чиқмаётгани танқид қилинди. Айрим туман санэпидхизматлари ҳалигача тадбиркордан битта маҳсулотнинг ҳар хил қадоқланган партиясини алоҳида синовдан ўтказишни талаб қилмоқда. Бу қўшимча вақт, қўшимча харажат талаб қилади. Бир вақтда тайёрланган маҳсулотнинг ҳар хил ҳажмда қадоқланиши сифатга нақадар алоқадор экани савол уйғотади. Шунингдек, минерал сув ишлаб чиқарувчилар 45 та кўрсаткич бўйича хулоса олиши керак. Тадбиркорлар шунинг 43 таси учун Санэпидқўм тизимидаги лабораторияларга, қолган 2 таси бўйича бошқа лабораторияга бормоқда. Қўмитага ҳамма текширувни битта жойда ташкил қилиш топширилди. Мева-сабзавот ва дуккакли экинлар сифатини текшириш учун ҳам 3 та ташкилотнинг лабораториясига бориш керак. Энг ёмони, бу лабораторияларнинг хулосаси ривожланган давлатларда тан олинмайди. Шу боис экспортчилар қиммат бозорга чиқишдан олдин сертификат олиш учун хорижга намуна жўнатаяпти. Мутасаддиларга шу пайтгача бирорта халқаро тан олинган лабораторияни олиб келмагани, эскирган устма-уст сертификатлаш амалиёти ҳалигача давом этаётгани кўрсатиб ўтилди. Салқин ичимлик ишлаб чиқарувчи тадбиркорлар четдан келадиган витринали совуткичларни сертификациялаш жараёни 3 ойгача чўзилаётганини айтмоқда. Курьерлик хизмати корхоналари мопед олиб келиб, одамларни ишли қилаётгани, лекин мопеднинг ўзи 300 доллар турса, уни стандартдан ўтказиб, сертификат олишга яна шунча маблағ кетаётгани кўрсатиб ўтилди. Хусусий клиникалар “Ўзбекистонга илк бор олиб келинаётган айрим тиббий ускуналарни Фармқўмитада рўйхатдан ўтказиш харажати уларнинг нархидан 10 карра қиммат”, демоқда. Шунингдек, қўмитада оддий термометрни ҳам, МРТ ускунасини ҳам рўйхатдан ўтказишга 4-5 ой вақт кетмоқда. Давлатимиз раҳбари бундай тўлов ва тартиботлар мутасаддилар томонидан нақадар чуқур ўйланганини савол остига қўйди. “Бу ёндашув тўғрими? Албатта йўқ. Мураккаблиги ва хавфлилик даражасига қараб, тиббий ускуна, тиббий буюм ва дори-дармон учун алоҳида-алоҳида муддат белгилаш керак”, - деди Президент. Президент сертификатлаштириш ва стандартлаштириш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирларини белгилаб берди. Алоҳида фармон билан Техник тартибга солиш агентлиги, Санэпидқўм, Ветеринария қўмитаси, Карантин агентлиги каби идораларнинг маҳсулотга хулоса бериш ваколатлари аниқ белгилаб берилади. Бунда такрорланувчи ва устма-уст тартиблар босқичма-босқич бекор қилинади. Масалан: - озиқ-овқат маҳсулоти сифати ва хавфсизлиги назорати билан фақат Санэпидқўм шуғулланади; - озиқ-овқат учун техник регламентлар ва стандартлар мажбурийлиги бекор қилинади; - қўмита асосий озиқ-овқат маҳсулотлари бўйича санитария қоидалари ва нормаларини халқаро талабларга – Кодекс Алиментариусга мувофиқлаштиради. Бошқа тизимлар ҳам худди шу тартибда қайта кўриб чиқилади. Шунингдек, хавф даражаси юқори бўлган 7 та товар гуруҳидаги маҳсулотларни давлат рўйхатидан ўтказиш амалиёти бекор қилинади. Сертификат олиш мажбурий бўлган товарлар рўйхатини кескин қисқартириб, маҳсулот мувофиқлигини декларациялаш амалиёти жорий қилинади. Асбоб-ускуна, хомашё, махсус техника, транспорт импортида мамлакатимизда тан олинадиган хорижий юқори сифат ва назорат тизимлари мезонлари ишлаб чиқилади, улар импорт қилинаётганда миллий сертификат олиш талаб қилинмайди. “Бир сўз билан айтганда, биз маҳсулотларнинг бозорга киришини енгиллаштириб, уни реализациясидаги назоратни кучайтирамиз. Бу халқаро амалиётда ўзини оқлаган”, - деди президент. Мутасаддиларга “Бозор назорати тўғрисида”ги қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш топширилди. Умуман, синов ва сертификатлаштириш бўйича давлат лабораториялари хусусий секторга инвестиция киритиш шарти билан берилса, соҳада сифат ва рақобат бўлиши, хизмат нархи тушиши кўрсатиб ўтилди. Президентимиз бизнес учун тенг шароитлар яратиш масалаларига алоҳида эътибор қаратди. “Маҳаллий корхоналаримизга йўл очиб, ишлаб чиқаришни кўпайтириш, қиммат бозорларга янги-янги маҳсулотлар билан киришига шароит яратишимиз зарур”, - деди давлат раҳбари. Лекин айрим товарлар бозорларимизга сунъий пасайган нархда кириб келаётгани маҳаллий ишлаб чиқарувчиларнинг ўрнини заифлаштираётгани кўрсатиб ўтилди. Масалан, ўзимизда чиқаётган таннархи 220 долларлик кичик музлатгич бозорда ўртача 250 доллардан сотилаётгани учун 30 доллар ҚҚС тўланади. Худди шундай музлатгичнинг импорт нархи сунъий пасайтирилиб, 25 доллар кўрсатилгани учун бор-йўғи 3 доллар ҚҚС олинаяпти. Яъни, ишлаб чиқарувчи импортга нисбатан 10 карра кўп солиқ тўлаяпти. Янги фармон билан эндиликда четдан олиб келинаётган товарларни божхона қийматини аниқлаш тартиби тўлиқ халқаро қоидаларга мослаштирилади. Салқин ичимликлар, маиший техника, фармацевтика, алкоголь ва тамаки каби маҳсулотларни маркировкалаш тизими жорий қилинган. Лекин, барча қонун-қоидаларга мос ишлаётган тадбиркорларнинг маҳсулотлари билан бир вақтда маркировкасиз товарлар ҳам бемалол сотилаётган ҳолатлар кузатилмоқда. Ҳамма дўконлар ҳам маркировка билан ишламагани учун назорат занжири узилиб қолмоқда. Солиқ ва Божхона қўмиталарига маркировкалашнинг ишлаб чиқариш ҳажмига салбий таъсирини камайтириш чораларини ишлаб чиқиш, маркировкалаш талаби бажарилиши устидан назоратни кучайтириш топширилди. Қиммат бозорларда талаб юқори бўлган айрим товарлар экспортига чеклов қўйилгани учун кўплаб имкониятлар қўлдан бой берилаётгани қайд этилди. Эндиликда, 1 июлдан бошлаб бирорта товар экспортига чеклов бўлмаслиги эълон қилинди. Фақат 86 та товар гуруҳига кирган хомашё ва ижтимоий аҳамияти юқори маҳсулотларга нисбатан экспорт божлари жорий қилинади. Бу тадбиркорларимиз учун янги имконият экани таъкидланди. “Бир нарсани аниқ тушуниш керак. Агар тадбиркорлар қиммат бозорларга ишласа, уларда маҳсулотни кўпайтириш, сифатни яхшилашга интилиш, иштиёқ ортади, манфаат бўлади”, - деди Президент. Ҳозирда қандолатчилик ва салқин ичимликлар тармоғи маҳаллий саноатнинг драйверига айланиб улгургани ва уларни қўллаб-қувватлаш муҳимлиги таъкидланди. Шу боис шакарга акциз тўлови бекор қилиниши белгиланди. Қуруқ сут импортига қўйилган чекловлар ҳам олиб ташланади. Бунинг ҳисобига қарийб 40 минг одам ишлайдиган 5,5 минг қандолат ва салқин ичимлик ишлаб чиқарувчи корхоналарнинг йиллик айланмаси камида 50 триллион сўмга етади. Ҳозирда 2,5 мингга яқин ресторан ва кафе ҚҚС тўламоқда. Йил бошидан уларга ҚҚСнинг 20 фоиздан 40 фоизгача қисмини “кэшбек” сифатида қайтариш тизими жорий қилинган эди. Лекин, ҳозиргача бу имтиёздан бор-йўғи 69 та умумий овқатланиш корхонаси фойдалангани кўрсатиб ўтилди. Масалан, салқин ичимлик, торт, музқаймоқ каби 200 дан зиёд маҳсулот алоҳида-алоҳида сотилса, “кэшбек” берилмаяпти. Ваҳоланки, уларга ҳам ҚҚС тўланган. Солиқ қўмитасига бу борадаги тушунмовчиликларни тартибга солиб, адолатли тизимни йўлга қўйиш топширилди. Президентимиз тадбиркорларни ўйлантираётган яна бир масалага тўхталди. Жойларда ер солиғи ва ижара тўловларига оширувчи коэффициент белгилаётганда унинг бизнесга таъсирини ўрганиш, тадбиркорларнинг имконияти ва молиявий аҳволидан келиб чиқиб, қарор қабул қилиш муҳимлигини таъкидлади. “Тушумни кўпайтириш солиқ ставкасини ошириш ҳисобидан бўлмаслиги керак. Аксинча, тадбиркорга ёрдам бериб, солиқ базасини кенгайтирсак, тушум кўпаяди, тадбиркорлар ҳам рози бўлади”, - деди Президент. Эндиликда тадбиркорларга ушбу солиқларни йилда иккига бўлиб тўлашга рухсат берилади. Йиғилишда солиқ ва божхона соҳаларидаги камчиликлар бу тизимларда навбатдаги ислоҳотларни талаб қилаётгани қайд этилди. Мутасаддиларга малакали экспертлар, олимлар ва тадбиркорлар жамоатчилик кенгашини жалб қилиб, солиқ-божхона сиёсати ва маъмурчилигини янги босқичга олиб чиқиш бўйича асосли таклифларни киритиш топширилди. Шунингдек, вазирларнинг ўз соҳасидаги йўриқнома ва бошқа идоравий ҳужжатларни қабул қилиш бўйича ваколати аниқ белгиланиши лозимлиги таъкидланди. “Энг барқарор муносабатлар – қонун билан, янги ислоҳотлар – Президент ҳужжати билан, тармоқ ва ҳудудларни ривожлантириш – Ҳукумат қарори билан белгиланади. Уларни ҳаётга татбиқ этиш бўйича фақат идоравий ҳужжатлар қабул қилинади. Ана шунда, ислоҳотлар натижалари одамларимизга тезроқ етиб боради”, - деди Президент. Йиғилишда 3-4 та идора мисолида айтилган танқидлар бошқа вазирлик ва тармоқларга ҳам тегишли экани қайд этилди. Экология, Қишлоқ хўжалиги, Қурилиш, Энергетика, Олий таълим вазирликлари, Кадастр агентлиги, Автойўллар қўмитаси, Саноат хавфсизлиги қўмитаси, Қурилиш инспекцияси тизимида ҳам бюрократия ҳалигача юқорилиги кўрсатиб ўтилди. Ушбу вазирлик ва идоралар раҳбарларига бугунги йиғилишдан хулоса чиқариб, аҳоли ва тадбиркорларга хизматларни енгиллаштириш топширилди. Умуман, барча даражадаги раҳбарлар олдига ишлаб чиқарувчи ва экспортчилар билан доимий мулоқотда бўлиш вазифаси қўйилди. Йиғилиш давомида ҳудуд ва тармоқлар раҳбарларининг ҳисоботлари, тадбиркорларнинг фикр-мулоҳазалари тингланди.

18 Апрел 2025 йил

169

Интерактив хизматлар

Text to speech