Ойлик доирасида Мирзо Улуғбек туманида ҳам тарғибот тадбирлари давом этмоқда
“Хавфсиз ва соғлом пойтахт” ойлиги доирасида Мирзо Улуғбек туманидаги Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институтининг талабалари учун тадбир ташкил этилди. Тадбирда туман Ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармаси бошлиғи Сардор Мирзараимов, унинг ўринбосари Баҳодир Ёрматов, институт ўқитувчи ва талабалари ҳамда бошқа масъул ходимлар иштирок этди.
“Хавфсиз ва соғлом пойтахт” шиори остида бўлиб ўтган учрашувда асосий эътибор бугунги кунда долзарб бўлиб турган гиёҳвандлик ва психотроп моддаларнинг ноқонуний айланиши ҳамда кибер жиноятларга қарши кураш мавзуларига қаратилди.
Гиёҳвандлик ва психотроп моддаларнинг ноқонуний айланиши - бу жамият учун жиддий хавф туғдирувчи муаммо бўлиб, инсон саломатлигига салбий таъсир кўрсатади. Айниқса, ёш авлодни бундай салбий оқибатлардан ҳимоя қилиш, билиб билмай гиёҳвандлик кўчасига кириб қолишига йўл қўймаслик ҳар бир инсондан огоҳликни талаб этади. Шунинг учун, гиёҳвандлик ва психотроп моддаларнинг ноқонуний айланишига қарши курашиш жамиятнинг энг муҳим вазифаларидан бири ҳисобланади.
Учрашувда шу каби масалалар ҳақида сўз борди. Шунингдек, иштирокчиларни қизиқтирган барча саволларга масъул ходимлар томонидан батафсил жавоб берилди.
Худди шундай тарғибот тадбири Янги Ўзбекистон университетида ҳам ташкил этилди. Учрашувда туман ИИО ФМБ бошлиғининг ўринбосари Фарҳод Жабборов сўзга чиқиб, гиёҳвандлик иллатининг салбий жиҳатлари, соғлиқ ва руҳиятга зарарлари ҳамда таъсирлари, гиёҳвандлик билан шуғулланишнинг ҳуқуқий оқибатлари ҳақида маълумотлар тақдим этди.
Шунингдек, мазкур ойлик доирасида Врачлар малакасини ошириш институтида Мирзо Улуғбек туман ҳокими Боходир Гаибназаров, туман Ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармаси бошлиғи Сардор Мирзараимов, туман Давлат хавфсизлик хизмати ҳамда мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси масъуллари, маҳалла раислари, тумандаги барча умумтаълим мактаби директорлари ва маҳалла ёшлар етакчилари иштирокида учрашув ташкил этилди.
“Хавфсиз ва соғлом пойтахт” шиори остида бўлиб ўтган ушбу учрашувда асосий эътибор бугунги кунда долзарб бўлиб турган гиёҳвандлик ва психотроп моддаларнинг ноқонуний айланиши ҳамда кибер жиноятларга қарши кураш мавзуларига қаратилди.
Бу каби тадбирлар пойтахтнинг барча туманларида ўтказилиб келинмоқда.