27 Январ 2025 йил 222

Эссиз, зое ўтаётган умр

Фарруҳ тенгдошлари каби мактабни битириб мустақил ҳаётга йўл олди. Барча тенгдошлари касб-ҳунар эгаллаш, келгуси ҳаётларини гўзал ва фаровон ўтказиш ниятида олийгоҳ ва билим юртларига ҳужжат топширган бўлса унинг ҳужжатлари ички ишлар органлари тергов бўлимида шаклланди. Илк ўғирлик жинояти учун ёшлиги, ғўрлиги инобатга олиниб енгил жазо берилган бўлса, кейин содир этган жиноятларининг турларига қараб 6, 4,7, 5 йилларга озодликдан маҳрум этиш жазолари тайинланди. Жиноий “тарихлари” сабаб ўта хавфли рецидивист мақомини олди. Бироқ у буни тақдирига ўз қўли билан босилган қора тамға, шармандали доғ эмас, гўёки оддий ҳолдек қабул қилди. Йўқса, босқинчилик, талончилик, гиёҳванд моддалари олди-сотдиси каби жиноятлардан ўзини тийган, тўғри йўлни танлаган бўлар эди. Бесамар ўтган умри, бой берилган имкониятлари ҳақида чуқур ўйлаган, бундан кейинги қадамларини тарозига солган бўларди. Афсуски, маҳкумлик ридосини ечиб улгурмай, озодлик нафасини тўйиб сипқормай туриб яна 2024 йилнинг 11 январида жиноятга қўл урди. Ўша куни соат 18.00 ларда – қиш кунларнинг қисқалиги боис, атрофга қоронғулик чўккан бир пайтда, бекорчиликдан зерикиб, шаҳар кезиб уйига отланган Фарруҳ автобусга чиқди. Йўловчиларнинг ҳар бири ўз хаёллари, ташвишлари билан банд. Бепарво кўринса-да аслида йўловчиларни ўта синчковлик билан кузатаётган Фарруҳ эшик олдида турган аёлга эътибор берди. Навбатдаги бекатда тушиш баҳонасида аёлни туртиб юборди ва узр сўраб тушиб қолди. Шу кичик аҳамиятсиз бир ҳолатнинг ўзида С.Азизахоннинг пальтоси чўнтагидан нархи 5.000.000 сўм бўлган “Iphone 11 pro” русумли уяли телефони ва ғилоф ичида бўлган банк томонидан расмийлаштирилган пластик картасини сездирмай ўғирлаб олди.

— Ўғирликнинг ҳадисини олган Фарруҳ уйига келгач, қўлга туширган буюмларни яшириб қўяди, – дейди Шайхонтоҳур тумани ИИО ФМБ ҳузуридаги Тергов бўлими терговчиси, лейтенант Мирзоҳид Набиев. – Бироқ унинг хурсандчилиги узоққа чўзилмади. Навбатдаги бекатда тушган фуқаро С.Азизахон автобусдан тушибоқ чўнтагига қўл солиб, телефонидан айрилганини фаҳмлагач, фурсатни бой бермай ички ишлар идораларига мурожаат қилди. Зудлик билан кўрилган чора-тадбирлар натижасида қўлга олинган Фарруҳ ўғирланган нарсаларни ўз қўли билан ички ишлар ходимларига топширди.

Жиноят ишлари бўйича Шайхонтоҳур туман суди очиқ суд мажлисида 1988 йилда туғилган, ўта хавфли рецидивист деб топилган Фарруҳнинг жиноий қилмишларини кўриб чиқди. Суд ҳукмига кўра у Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 169-моддаси 4-қисми “б” банди (“Ўғирлик”) билан айбли деб топилди. Суд тўпланган ҳужжатлардаги оғирлаштирувчи ва енгиллаштирувчи ҳолатларни инобатга олиб, айбдорга 8 йил озодликдан маҳрум қилиш жазосини тайинлади.

Барча янгиликлар

Text to speech