ТОШКЕНТ ШАҲАР ИЧКИ ИШЛАР БОШ БОШҚАРМАСИ

Эссиз, зое ўтаётган умр

Фарруҳ тенгдошлари каби мактабни битириб мустақил ҳаётга йўл олди. Барча тенгдошлари касб-ҳунар эгаллаш, келгуси ҳаётларини гўзал ва фаровон ўтказиш ниятида олийгоҳ ва билим юртларига ҳужжат топширган бўлса унинг ҳужжатлари ички ишлар органлари тергов бўлимида шаклланди. Илк ўғирлик жинояти учун ёшлиги, ғўрлиги инобатга олиниб енгил жазо берилган бўлса, кейин содир этган жиноятларининг турларига қараб 6, 4,7, 5 йилларга озодликдан маҳрум этиш жазолари тайинланди. Жиноий “тарихлари” сабаб ўта хавфли рецидивист мақомини олди. Бироқ у буни тақдирига ўз қўли билан босилган қора тамға, шармандали доғ эмас, гўёки оддий ҳолдек қабул қилди. Йўқса, босқинчилик, талончилик, гиёҳванд моддалари олди-сотдиси каби жиноятлардан ўзини тийган, тўғри йўлни танлаган бўлар эди. Бесамар ўтган умри, бой берилган имкониятлари ҳақида чуқур ўйлаган, бундан кейинги қадамларини тарозига солган бўларди. Афсуски, маҳкумлик ридосини ечиб улгурмай, озодлик нафасини тўйиб сипқормай туриб яна 2024 йилнинг 11 январида жиноятга қўл урди. Ўша куни соат 18.00 ларда – қиш кунларнинг қисқалиги боис, атрофга қоронғулик чўккан бир пайтда, бекорчиликдан зерикиб, шаҳар кезиб уйига отланган Фарруҳ автобусга чиқди. Йўловчиларнинг ҳар бири ўз хаёллари, ташвишлари билан банд. Бепарво кўринса-да аслида йўловчиларни ўта синчковлик билан кузатаётган Фарруҳ эшик олдида турган аёлга эътибор берди. Навбатдаги бекатда тушиш баҳонасида аёлни туртиб юборди ва узр сўраб тушиб қолди. Шу кичик аҳамиятсиз бир ҳолатнинг ўзида С.Азизахоннинг пальтоси чўнтагидан нархи 5.000.000 сўм бўлган “Iphone 11 pro” русумли уяли телефони ва ғилоф ичида бўлган банк томонидан расмийлаштирилган пластик картасини сездирмай ўғирлаб олди. — Ўғирликнинг ҳадисини олган Фарруҳ уйига келгач, қўлга туширган буюмларни яшириб қўяди, – дейди Шайхонтоҳур тумани ИИО ФМБ ҳузуридаги Тергов бўлими терговчиси, лейтенант Мирзоҳид Набиев. – Бироқ унинг хурсандчилиги узоққа чўзилмади. Навбатдаги бекатда тушган фуқаро С.Азизахон автобусдан тушибоқ чўнтагига қўл солиб, телефонидан айрилганини фаҳмлагач, фурсатни бой бермай ички ишлар идораларига мурожаат қилди. Зудлик билан кўрилган чора-тадбирлар натижасида қўлга олинган Фарруҳ ўғирланган нарсаларни ўз қўли билан ички ишлар ходимларига топширди. Жиноят ишлари бўйича Шайхонтоҳур туман суди очиқ суд мажлисида 1988 йилда туғилган, ўта хавфли рецидивист деб топилган Фарруҳнинг жиноий қилмишларини кўриб чиқди. Суд ҳукмига кўра у Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 169-моддаси 4-қисми “б” банди (“Ўғирлик”) билан айбли деб топилди. Суд тўпланган ҳужжатлардаги оғирлаштирувчи ва енгиллаштирувчи ҳолатларни инобатга олиб, айбдорга 8 йил озодликдан маҳрум қилиш жазосини тайинлади.

27 Январ 2025 йил

44

Ғалаба муборак, Фахриддин!

Хабарингиз бор 2024 йилнинг 8 августида “Тошкент шаҳар ИИББ расмий канали” сайтида Юнусобод туман ИИО ФМБ ҳузуридаги Тергов бўлими катта терговчиси, капитан Фахриддин Шариповнинг хизмат ва спорт фаолияти бўйича эришаётган ютуқлари ҳақида “Хизмат ва спортда пешқадам” сарлавҳаси остида мақола берилган эди. Лавҳада унинг қўл жанги спорт турлари бўйича қўлга киритаётган юксак зафарларига кенг ўрин берилган, ғалабалари бирма-бир санаб ўтилганди. Ана шу ғалабаларининг давоми сифатида яна бир қувончли хабарни эътиборингизга етказмоқчимиз. Куни кеча Франция давлати шимолида жойлашган Лилль шаҳрида спортнинг Дзю-до тури бўйича ўтказилган Европа очиқ кубоги учун бўлиб ўтган муросасиз мусобақаларда қатнашган Фахриддин фахрли биринчи ўринни эгаллаб, жонажон Ватанимиз мадҳиясини Европа замини узра таралишига сабаб бўлди. Бу қувончли хушхабар унинг устозлари, ҳамкасбларини пойтахт ички ишлар бош бошқармаси ходимларини хурсанд қилиши, шубҳасиз. Ҳамкасбимизнинг хизмат ва спорт соҳасида эришаётган муваффақиятлари билан табриклаб, унга мустаҳкам соғлик, юртимиз шуҳратини дунёга таратишда улкан зафарлар тилаб қоламиз.

27 Январ 2025 йил

134

Сизнинг яқинингиз ёки танишингиз психофаол моддаларни истеъмол қилаётганини қандай белги ва аломатлар орқали тушунишингиз мумкин?

Психофаол моддаларни истеъмол қилувчи шахслар қанчалик ўзларини ошкор бўлиб қолишларидан ҳимояланишга уринмасин, ушбу моддалар таъсирида қилган ҳатти-ҳаракатлар уларнинг ҳолатини ошкор қилади. Ўтказилган кузатувлар таҳлили психофаол моддаларни суиистеъмол қилаётган ёшларда қуйидаги белгилар пайдо бўлишини кўрсатмоқда: А) ўзини тутишдаги бирламчи ўзгаришлар: — психофаол моддаларнинг номини айтганда, юзида хурсандчиликни пайдо бўлиши; — психофаол моддаларни суиистеъмол қилувчи шахслар тўғрисидаги ижобий ҳикоялар;— психофаол моддаларни суиистеъмол қилган инсондаги роҳатланиш ҳолатини тўлиқ ёритиб бера олиш;— психофаол моддаларнинг бирини бошқаси билан таққослай олиш, “афзалликлари” ҳақидаги хабардорликни намойиш қилиш;— кайфиятни кўтариш учун маълум дориларни истеъмол қилиш “замон талаби”, “замонавийлик” белгиси ҳақидаги баёнотлар;— атрофидаги дўстларининг ўзгариши, жаргонга хос сўзлашув услуби пайдо бўлиши. Б) хатти-ҳаракатларидаги ўзгаришлар: — махфийликни ортиб кетиши (қаерда ва кимлар билан бўлганлиги, бориш манзилларини айтишни истамаслиги, тез-тез ёлғон ишлатиши); — оғриқ қолдирувчи, тинчлантирувчи дориларга қизиқишнинг ортиши;— ухлаш цикли ўзгариб қолиши (кундузи ухлайдиган бўлиб қолиши);— иштаҳанинг йўқолиши;— доимий чанқоқлик ҳолати;— пулга бўлган эҳтиёжни ортиши (дўстларидан кўп қарз сўрайдиган бўлиб қолиши). В) хулқ-атворидаги белгилар: — бирданига пайдо бўлувчи кучли активлик, юқори эмоционал кайфият;— олдинлари кузатилмаган хатти-ҳаракатларни пайдо бўлиши (ўта хушмуомалалик, ҳазилкашлик ва ҳ.к.);— бирданига оч қолиб, ўрнатилган вақтни кутмасдан овқатланиш ҳолати, овқатни ҳар доимгидан кўп истеъмол қилиши ёки тескариси – бир кун давомида овқат емаслик;— яхши ўқиётган талаба бирданига жавоблари мантиқсиз, бераётган саволларининг мазмуни тушунарсиз бўлиши;— бирданига хавотирлик ҳисси пайдо бўлиб, тушкунликка тушиб қолиши;— кўзига ҳар хил нарсалар кўринишни бошланиши, ўзини ўлдириш ҳақидаги гаплар кўпайиб қолиши (васваса);— эгоистик хатти-ҳаракатлар кучайиб, одоб-ахлоқ қоидаларига очиқдан-очиқ риоя қилмаслиги;— қизиқишларининг тўсатдан ўзгариши;— бирданига кучли чарчоқнинг пайдо бўлиши ёки қувватнинг ортиши;— васвасалар (кўпинча параноид ёки персекутор васваса), психомотор бузилишлар (қўзғалиш ёки ступор), ҳис-туйғулар кучли қўрқувдан экстазгача ўзгариши билан тавсифланади;— тўсатдан жиззаки бўлиш (хумор тутиши вақтида). Г) буюмларидаги белгилари: — турли рангдаги кукунлар ва кристаллар, тамаки ва ўсимлик аралашмалари борлиги;— катта суммадаги тўлов чеклари;— қўл тарозилари; — телефонида турли нотаниш чатлар, ботлар, чекка жойларнинг локацияси, яъни одам кам юрадиган йўлаклар, дарахтзорлар, болалар майдончалари суратларининг пайдо бўлиши;— ёнидан куйиш аломати бўлган пипетка, ўралган пул купюраси, ялтироқ қоғоз, изолента, зип-пакетлар сингари ноодатий нарсалар кўп чиқиши;— телефон ёки компьютерда “ТОР” браузеридан фойдаланганлик ҳолатлари кузатилиши (ушбу браузер Даркнет тизимидан (ингл. даркнет – “яширин тармоқ”) фойдаланиш имконини беради);— бир ва ундан ортиқ телефон аппаратидан (сим-картасиз) фойдаланиши. Д) психофаол моддаларни суиистеъмол қилишнинг клиник белгилари: — тутқаноқ тутиши;— инсультга олиб келиши;— жигарни ишдан чиқиши;— буруннинг тез-тез қонаши ва оқиши;— кўп терлаш, терда ўта нотаниш ҳид ҳамда бутун танада ёриқлар пайдо бўлиши;— сочлар синувчан бўлиб қолиши;— кўз қорачиғининг сезиларли даражада кенгайиши. Психофаол моддаларни суиистеъмол қилган шахсда унинг ташқи белгилари камида 48 соат сақланиб туради. Бу истеъмол қилган дорининг турига, миқдорига ва таркибига боғлиқ. Бироқ, инсондаги психик бузилишлар баъзи ҳолатларда бир умрга сақланиб қолади. © O‘zbekiston Respublikasi Prezidenti Administratsiyasi huzuridagi Narkotiklarni nazorat qilish milliy markazi

27 Январ 2025 йил

114

Интерактив хизматлар

Text to speech