ТОШКЕНТ ШАҲАР ИЧКИ ИШЛАР БОШ БОШҚАРМАСИ

Юнусобод туманида навбатдаги сайёр қабул

Жойларда фуқароларнинг мурожаатларини ўрганиш амалиёти кўплаб муаммоларни ўз вақтида бартараф этиш, фуқаролар ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоя қилиш имконини бермоқда. Юнусобод туманида жойлашган “Увайсий” маҳалласи аҳлининг муаммоларини ҳал этиш мақсадида туман ИИО ФМБ раҳбарияти томонидан ташкиллаштирилган сайёр қабулга йигирмадан ортиқ фуқаролар ташриф буюришди. Мурожаатларни ўрганиш чоғида олти нафар фуқаронинг мурожаатлари қабулхонанинг ўзида ижобий ҳал этилди. Хусусан, Х.Феруза 2024 йилда танишига катта қийматли маҳсулот берганлиги, аммо шу кунга қадар маҳсулотлар пулининг деярли ярми қайтарилмаганлиги, пулнинг қолган қисмини ундириб беришда ёрдам сўраб қилган мурожаати ўрганилди. Тергов жараёнида гумонланувчи томонидан етказилган моддий зарар қоплаб берилди. И.Акмал профилактика инспектори томонидан ўрганилаётган ҳужжатлар бўйича иш чўзилаётганлигидан норозилигини билдирди. Ўрганиш жараёнида қайд этилган ҳужжатларда ҳуқуқбузарлик аломатлари мавжудлиги аниқланиб, ҳужжатлар қонуний чора кўришлик учун маъмурий баённома билан жиноят ишлари бўйича туман судига юборилиши таъмиинланди. Ҳуқуқий ўрганилиб, қонуний қарор қабул қилиш учун вақт талаб этиладиган мурожаатларга ечим топиш бўйича соҳа вакилларига тегишли топшириқлар берилиб, ижро муддатлари назоратга олинди. Бу каби ҳар бир фуқаронинг мурожаатларига эътибор, уларнинг қонуний ечимини таъминлаш орқали ҳуқуқий фуқаролик жамиятини яратиш борасида амалга оширилаётган ишлар пойтахтнинг барча туманларида изчил равишда олиб борилмоқда.

3 Феврал 2026 йил

306

Қарорларнинг мазмун-моҳияти ўрганилмоқда

Республикамиз ҳудудларида жиноятчиликка қарши кураш, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш масалалари ҳуқуқий фуқаролик жамиятини яратиш йўлидаги устувор вазифалардан бири. Бу борада Президентимиз томонидан қатор меъёрий ҳужжатлар қабул қилиниб, республикамизда, хусусан, пойтахтимизда тинчлик-осойишталикни сақлаш, жамоат тартибини таъминлаш, жиноят ҳамда ҳуқуқбузарликларни барвақт олдини олишга қаратилган аниқ ва муҳим вазифалар белгиланиб берилмоқда. Таъкидламоқ жоизки, қабул қилинаётган ҳужжатларнинг аввало мазмун-моҳиятини, бундан кўзланган эзгу мақсадларни англаш ҳамда ижрочиларга тушунарли тарзда етказиш, ижро самарадорлигини таъминлаш учун тегишли чора-тадбирлар ишлаб чиқилиши кўзланган натижага етакловчи муҳим омилдир. Шу мақсадда Республика ИИВда тузилган ишчи гуруҳ томонидан Тошкент шаҳар ИИББ соҳавий хизматлари, таркибий тузилмалари, барча туман ИИО ФМБ шахсий таркибига мазкур қарорлар мазмун-моҳиятини етказиш мақсадида сайёр ўқув-машғулотлари ўтказилди. Машғулотлар Президентимиз томонидан “Республика маҳаллаларида хавфсиз муҳитни яратиш йўналишида яхлит манзилли ишлаш тизимини жорий этишга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ҳамда “2026 йилда республика маҳаллаларида жиноятчиликнинг барвақт профилактикаси самарадорлигини янада ошириш бўйича ташкилий чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорлари мазмун-моҳиятини чуқур ўрганиш ҳамда ижросини таъминлашга қаратилди. Машғулотлар Республика Маънавий-маърифий ишларни ташкил этиш бошқармаси бош инспектори, подполковник Ғ.Абдуллаев, ИИВ Малака ошириш институти ўқитувчиси, подполковник Б.Юсупов ҳамда ИИВ Академияси ўқитувчиси, подполковник К.Убайдуллаевлар томонидан ўтказилиб, замонавий интерфаол услублар асосида олиб борилди. Маърузачилар маҳаллаларда хавфсиз муҳитни таъминлашда ижтимоий-профилактика самарадорлигини ошириш устувор вазифа эканлигига урғу беришди. Шунингдек, жиноятчиликни камайтириш, айниқса оила-турмуш муносабатлари доирасидаги, аёллар ва ёшлар иштирокида содир этилаётган ҳуқуқбузарликлар ва жиноятларнинг асл келиб чиқиш сабабларининг илмий ёндашувлар асосида таҳлили юзасидан тушунтиришлар берилди. Ўқув-семинар якунида Президент қарорларида белгиланган вазифаларни амалиётга тўлиқ тадбиқ этиш, маҳаллаларда тинчлик ва осойишталикни таъминлаш, жиноятчиликнинг барвақт профилактикасини янги босқичга олиб чиқиш бўйича аниқ тавсиялар берилиб, тегишли вазифалар белгилаб олинди.

3 Феврал 2026 йил

387

Ёшларга эътибор ҳамиша долзарб

Ўсиб келаётган ёш авлодни турли салбий ҳолатлардан асраш, ёрқин ва бахтли истиқболини таъминлашга бўлган эътибор ҳамиша долзарб ва аҳамиятлилиги билан ажралиб туради. Бугунги глобаллашув даврида, ҳар томондан янграётган турли чақириқлар, даъватлар, таклиф ва ваъдалар тўрида адашиб, ишониб қолиш имкони ҳар қачонгидан кўпроқ. Уларнинг ҳақиқийларини сохталаридан, афзалларини хавфлиларидан ажратиб олиш онги-шуури шаклланмаган, тажриба ва тушунчаси бўлмаган ёшлар учун таҳдидли, албатта. Айниқса, ғўрлигида адашиб жиноят кўчасига кириб қолган ёшлар учун. Бундай салбий ҳолатлардан асраш мақсадида пойтахтнинг Сергели туманида туман ИИО ФМБ Пробация бўлимида рўйхатда турган ёшлар билан учрашув ўтказилди. Унда Республика Божхона қўмитасининг Тошкент шаҳри бўйича бошқармаси, туман прокурори ҳамда туман ИИО ФМБ раҳбарлари иштирок этишди. Очиқ мулоқот тарзида ўтказилган учрашувда ёшлар томонидан уларни қийнаб келаётган масалаларнинг очиқ-ойдин ифода қилиш имкони яратилиб, зарур ёрдам кўрсатиш ҳамда қўллаб-қувватлаш борасидаги ҳуқуқлари тушунтирилди. Ҳар бир ёш билан яккама-якка ўтказилган суҳбатларда аксарият ёшларни муқим иш жойлари билан таъминлаш, ижтимоий-маиший яшаш шарт-шароитларини яхшилаш масалаларига эътибор қаратилди. Шунингдек, мазкур тоифадаги ёшлар томонидан такрорий жиноятлар содир этилишини олдини олиш бўйича ҳуқуқий тушунтиришлар берилиб, профилактик суҳбатлар ўтказилди. Учрашув ёшларни тўғри йўлга қайтариш ва жамиятда ўз ўринларини топишига кўмаклашишда муҳим амалиёт касб этиши муқаррар.

3 Феврал 2026 йил

822

Интерактив хизматлар

Text to speech