Тошкент шаҳар ИИББ хотин-қизлар масалалари бўйича инспекторлар фаолиятининг натижалари ҳақида
Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бошқармаси хотин-қизлар масалалари бўйича инспекторлар фаолияти аёлларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, уларнинг ҳуқуқий саводхонлигини ошириш, дискриминация ва зўравонликнинг барча шаклларига йўл қўймаслик, шунингдек, ҳуқуқбузарликларни эрта даврда олдини олишга қаратилган. Ушбу йўналишларда катта инспекторлар ва манфаатдор ташкилотлар билан ҳамкорликда 2024 йилнинг 10 ойи давомида сезиларли ишлар амалга оширилди.
Ўтган даврда Тошкент шаҳрида турли хил тазйиқ ва зўравонликлардан жабр кўрган хотин – қизларга 1623 та ҳимоя ордерлари берилди. Улардан 457 нафари жисмоний зўравонлик, 58 нафари иқтисодий зўравонлик, 1063 нафари руҳий зўравонлик, 45 нафари эса бошқа тазйиққа учрагани маълум бўлган. Ҳимоя ордери бериш натижасида: 755 та оила яраштирилди. 742 та низо бартараф этилди. Шунингдек, хотин – қизларнинг 92 нафари реабилитация марказига жойлаштирилиб, тиббий ва психологик кўмаклар берилди.
Шу билан бирга, ҳисобот даврида аёллар учун 3.3 мингдан ортиқ спорт ва маданий-оммавий тадбирлар ташкил этилди. Маҳаллада ва таълим муассасаларида ҳуқуқбузарликлар ва жиноятларни олдини олиш, аёллар ҳуқуқи ва эркинликлари бўйича қонунларни тушунтиришга қаратилган учрашувлар ўтказилди.
Шунингдек, 2024 йил 20 октябрдан 20 ноябргача инспекторлар томонидан «Оилавий низоларни медиация тартибида ҳал этиш» йўналишида махсус профилактик тадбир ташкил этилди. Ушбу тадбир давомида 348 та ажрим ёқасидаги оилалар ўрганилди, 338 та оила билан профилактик суҳбатлар ўтказилди, тушунтириш ишлари натижасида 151 та оила яраштирилди, 156 та оиладаги низолар бартараф этилди, 116 та оила муаммолари ҳал этилди. 16 нафар аёл реабилитация марказига жойлаштирилди. 260 нафарига юридик ёрдам, 225 нафарига эса психологик ёрдам кўрсатилди.