Гулзода Пулатова кўп йиллар Ички ишлар вазирлигида раҳбар лавозимларда ишлаган отаси Ўткир аканинг ишини давом эттиришни ният қилиб, мактабни тамомлагач, Ички ишлар вазирлиги Академиясига ҳужжатларини топширди. 2002 йилда уни муваффақиятли тугатиб, пойтахтнинг Юнусобод тумани ИИБ Хорижга чиқиш-келиш ва фуқароликни расмийлаштириш бўлимида инспектор лавозимида фаолиятини бошлади Устозлари: бўлим инспекторлари капитан Азиз Мирзабеков, катта лейтенант Шаҳзода Атабаевалар билимга чанқоқ, тиришқоқ ёш кадрга устозлик қилишди. Соҳанинг ўзига хос жиҳатларини пухта ўрганди. Сўнгра бир муддат Яшнобод тумани ИИБ Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бўлимида ишлаган Гулзода 2015 йили пойтахт ИИББ Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бошқармасига катта инспекторлик лавозимига ўтказилди. Бу вақтда у майор унвонида эди. 2019 йилдан бошлаб эса ИИББ ҲПБ Хотин-қизлар масалалари бўлими, муҳим топшириқлар бўйича инспектор лавозимида иш бошлаган қаҳрамонимиз бугун подполковник унвонида.
– Вазифамиз турмушда қийналиб, оғир оилавий аҳволда, тушкунликка тушиб қолган, оилавий зўравонлик ва тазйиқларга учраган, камситилган, ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоя қила олмайдиган, ёрдамга муҳтож хотин-қизлар билан ишлаш, – дейди подполковник Гулзода Пулатова. – Жойларда 68 нафар хотин-қизлар масалалари бўйича ишловчи инспекторларимиз бор. Улар билан ҳамкорликда жойлардаги ҳолатлар ўрганилади. Маҳаллий ҳокимиятлар, тиббиёт муассасалари ва бошқа мутасадди ташкилотлар кўмагида уларга зарур ёрдам кўрсатилади.
Маълумки, юртимизда аёллар, уларнинг муаммолари, манфаатларини ҳимоя қилиш устувор вазифалардандир. Аёлларимизнинг жамиятда тутган ўрни, мавқеи, ҳурмат-эътиборини юксалтириш, ҳақ-ҳуқуқлари кафолатини таъминлаш, фарзанд тарбиясидаги ролини ошириш, таълим ва касбий кўникмаларини олишлари, муносиб иш топишлари, ижтимоий фаоллигини оширишга қаратилган қатор ҳужжатлар қабул қилиниб, ҳаётга татбиқ этилмоқда. Узоққа бормайлик, жорий йилнинг сентябрь ойида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш механизмларини янада такомиллаштириш, уларнинг муаммоларини ҳал этишда ахборот-коммуникация технологияларини кенг жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори амалга оширилаётган ишларнинг узвий давомидир. Сир эмас, ҳамон оилавий зўравонликлар, оилавий тазйиқ ва камситилишларга барҳам берилгани йўқ. Таъкидлаш жоизки, нафақат эрнинг зўравонлиги ва бошқа салбий муносабатлари, балки қайнона-қайнота, яқинлари томонидан ҳам бу каби салбий ҳолатларнинг учраши бор гап. Аксарият ҳолларда аёлларнинг ўз ҳақ-ҳуқуқларини билмаслиги, ота-оналар томонидан рўзғор юритишга тайёрламай, касб-ҳунар ўргатмай турмушга бериш ҳолатлари ҳам бунинг келиб чиқиш сабабларидан биридир. Афсуски, кўпчилик аёллар андиша қилиб, ор-номуси, маҳаллада обрўсизланиши ва бошқа сабаблар туфайли зўравонлик ҳолатларини яшириб келишади. Аммо касални яширсанг, иситмаси ошкор қилади деганларидек, пичоқ суякка бориб тақалгач ёки аянчли якун топгач юзага чиқади. Ана шундай ҳолатларга йўл қўймаслик мақсадида, туман ИИО ФМБда хотин-қизлар масалалари бўйича фаолият олиб борувчи ходимлар ўз ҳудудларидаги аҳволни маҳалла аҳли билан биргаликда ўрганиб чиқиб, тегишли чора-тадбирларни белгилайдилар. Жойлардаги аҳволни ўрганиш асносида жорий йилнинг 9 ойи давомида зўравонлик ва тазйиқларга учраган аёлларга мингдан ортиқ ҳимоя ордерлари берилган. Шунингдек, аёлларни иш билан бандлигини таъминлаш борасида улар касб-ҳунар курсларига жалб этилади. Фарзандларига эса спорт билан шуғулланиши учун турли спорт тўгаракларига сертификатлар берилади. Зарур ҳолатларда аёлларга тиббий ёрдам кўрсатилади, ҳимоясини таъминлаш мақсадида реабилитация ва мослаштириш марказига жойлаштирилади. Афсуски, амалиётда суд орқали ажрашиб, шахсий адоват сабаб фарзандларни отага кўрсатмаслик ҳолатлари ҳам йўқ эмас. Бундай ҳолларда ҳар иккиси билан тушунтириш ишлари олиб борилади. Айтиш жоизки, бирор қарор қабул қилишдан олдин ҳар бир мурожаат тегишли тартибда мутасаддилар билан ҳамкорликда чуқур ўрганилиб чиқилади, ҳар икки томон эшитилади.
Чунки, асосий вазифа уларни жазолаш эмас, балки яраштириш, муросага келтириш, оилани сақлаб қолиш, нормал ҳаётни таъминлашдан иборатдир. Ҳар икки томон яраштирилган тақдирда ҳам бу иш охирига етказилди дегани эмас, улардан тез-тез хабар олиниб, назорат қилиб турилади. Мақсадимиз эса битта – аёлларимизнинг бахтли саодатли яшаши, мукаммал фарзандлар тарбияси, ўз орзу ниятларини амалга ошириши, жамиятимизнинг тўлақонли кишисига айланишини таъминлдаш. Ва бу борада ишлар узлуксиз давом этаверади.