Неъматилла гиёҳванд моддалари истеъмол қилгани, сақлагани учун 2000 йилда суднинг қора курсисига ўтириб, ўн йилга озодликдан маҳрум этилганди. Озодликка чиқиб, тавбасига таянмаган Неъматилла ўғирлик жинояти содир этди ва яна озодликдан маҳрум этилди. Жиноий қилмишлари учун жазосини тортган Неъматилла ақлини йиғиштириб, ўз ҳаёт тарзини ўзгартириши, тўрт девор ичида маънисиз ва жавқ-шавқсиз кечган умрига ачиниши лозим эди. Ҳар ҳолда соғлом фикрли одам шундай ўйлаши табиий. Аммо у ўз олдига бундай мақсад қўймаган кўринади. Кунли ёлланма иш билан шуғулланиб, топганини еб-тугатмагунча ишга чиқмасликни одат қилган Неъматилла 2023 йилнинг 20 март куни Янги Ўзбекистон боғига борди. Бемақсад айланиб юриб, қувватлагичда уланган ҳолда қолдирилган нархи 5.000.000 сўм бўлган “Samsung Galaxy А32” уяли телефонига кўзи тушди. Атрофга аланглади. Ҳеч ким йўқ. Секин бориб уни қувватлагичдан узиб чўнтагига солди ва жуфтакни ростлади. Телефон эгаси, туман ободонлаштириш корхонаси ишчиси, 1982 йилда туғилган У.Ўткир телефонини олишга келиб қарасаки, у жойида йўқ. У вақтни бой бермай боғда хизмат олиб бораётган ички ишлар органи ходимига мурожаат қилди. Бу вақтда Неъматилла ўғирланган телефоннинг сим-картасини ташлаб юбориб, уни сотиш ҳаракатига тушганди. Бироқ эшик тақиллаб, остонада ички ишлар ходимлари пайдо бўлишганда, у саросималаниб қолди.
– Муқаддам судланган Неъматилла тергов жараёнида телефонни ўғирлаш нияти бўлмаганини, қандай қилиб олиб чўнтагига солганини билмаслигини айтиб, қилмишини изоҳлаб бера олмади, – дейди Мирзо Улуғбек тумани ИИО ФМБ ҳузуридаги Тергов бўлими терговчиси, катта лейтенант Саидазим Ҳусанов. – “Яна бир имконият беринглар, ёшим ҳам олтмишга бораяпти, кечиринглар”, дея кўз ёш тўкди. Бироқ буни илгарироқ ўйлаш керак эди. Шу ёшгача ҳаёти ҳақида жиддий ўйламаган одам бу ёғига жиддий ўйлаб кўрармикан?!
Жиноят ишлари бўйича Мирзо Улуғбек туман суди очиқ суд мажлисида 1965 йилда туғилган Неъматилланинг қилмишини кўриб чиқиб, уни Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 169-модда 4-қисми “б” банди (“Ўғирлик”) билан айбли деб топди. Унинг қилмишига пушаймонлиги, етказилган зарар қопланганлиги ва жабрланувчининг даъвоси йўқлиги инобатга олиниб, шу кодекснинг 57-моддасини қўллаган ҳолда 4 йилга озодликни чеклаш жазоси тайинланди.