25 Ноябр 2024 йил 96

Тошкент шаҳар ИИББ: Хотин-қизларга нисбатан зўравонликка барҳам бериш халқаро кунига бағишланган тадбир

25 ноябрь куни Ўзбекистон Республикаси ИИВ маданият саройида Тошкент шаҳар ИИББ ташаббуси билан Халқаро аёлларга нисбатан зўравонликка қарши курашиш кунига бағишланган тадбир ташкил этилди. «Биз зўравонликка қаршимиз!» шиори остида ўтказилган ушбу тадбир аёлларга нисбатан зўравонлик ва камситишларга қарши курашиш, шунингдек аёлларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш масалаларига жамоатчиликнинг эътиборини жалб қилишга қаратилган.


Тадбирда Бош вазир ўринбосари, Оила ва хотин-қизлар қўмитаси раиси Зулайхо Махкамова, Ички ишлар вазирлиги Хотин-қизлар ва ижтимоий масалалар бошқармаси бошлиғи полковник Умида Абдуллаева, Тошкент шаҳар прокуратураси Ижтимоий соҳада қонунчиликни назорат қилиш бўлими прокурори Нилуфар Мирахмедова, Тошкент шаҳар Оила ва хотин-қизлар бошқармаси бошлиғи Шахноза Султанова, шунингдек, бошқа манфаатдор ташкилотлар вакиллари иштирок этдилар.


Тадбир давомида ташкилотчилар аёлларга нисбатан зўравонлик ва камситишларга қарши курашишга қаратилган қонун ҳужжатларини батафсил тушунтиришди. Аёлларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, уларга керакли ижтимоий хизматлар кўрсатиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Шунингдек, Зўравонликка қарши курашиш юзасидан 10 ой давомида пойтахт ички ишлар органлари томонидан амалга оширилган ишлар ҳақида маълумот берилди. Зўравонликка учраган аёлларга юридик ва ижтимоий ёрдам кўрсатиш борасида олиб борилаётган ахборот кампаниялари ҳақида алоҳида тўхталди.


Тадбир доирасида Зўравонликка қарши курашиш борасида самарали меҳнат қилаётган, шунингдек ажрим ёқасидаги оилаларни яраштириш борасида энг юқори кўрсаткичларга эга бўлган хотин қизлар масалалари бўйича катта инспекторлар, маҳалла хотин қизлар фаолларини тақдирлаш маросими ўтказилди. Бундан ташқари, ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларга кўмаклашишда доимий ҳамкорлик қилаётган ИИББнинг ишончли ҳамкорлари ҳам эътироф этилди. Барча тақдирланганларга эсдалик совғалари топширилди.


Тадбир концерт дастури билан якунланиб, аёллар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва зўравонликка қарши курашишда умумий саъй-ҳаракатларнинг аҳамияти яна бир бор таъкидланди.

Барча янгиликлар

Text to speech