Тошкент шаҳар ИИББ Пост-патруль хизмати ва Жамоат тартибини сақлаш бошқармаси таркибий тузилмаларининг бири – Муайян яшаш жойига эга бўлмаган шахсларни реабилитация қилиш маркази кўп йиллик тажрибага эга. Марказга олиб келинадиган шахслар ҳақида унинг номи айтиб турибди, хўш унинг фаолияти нималардан иборат ва бу кимсаларнинг шахсини, яшаш жойини, орасида жиноятчи ва қидирувда бўлганларни аниқлаш борасида қандай ишлар амалга оширилади? Ҳаёт, тақдир зарбаларидан ҳеч қим қочиб қутула олмайди ва кафолатланмаган. Зотан, инсон турли вазиятлар қурбони бўлиш эҳтимолидан ҳоли эмас. Мазкур Марказга пойтахт ҳудудида муайян яшаш жойига эга бўлмаган (бундан кейинги матнларда МЯЖЭБШ) ёки яқин қариндошлари томонидан ташлаб кетилган ёхуд яшаш жойидан чиқариб юборилган шахслар суднинг ажрими ёки Ижтимоий ҳимоя агентлигининг қарорига асосан жойлаштирилади. Таъкидлаш жоизки, Марказ кечаю кундуз фаолият юритади. МЯЖЭБШлар Марказ навбатчиси томонидан қабул қилиниб, уларнинг фотосуратлари ва бармоқ излари олиниб, рўйхатга қўйилгач, йиғмажилдлари юритилади. Тиббий ва шахсий кўрикдан ўтказилиб, буюмлари кўздан кечирилиб, дезинфекция қилинади. Сақланиши, тарқатилиши, истеъмоли, фойдаланиши таъқиқланган ашёлар ва озиқ-овқат маҳсулотлари олиб кирилишига йўл қўйилмайди.
МЯЖЭБ шахсларнинг шахсини аниқлаш учун ички ишлар органларининг ахборот марказлари, миграция ва фуқароликни расмийлаштириш ҳамда эксперт-криминалистика хизматларининг электрон ахборот базалари орқали текширилади. Шахсини аниқловчи маълумотлар мавжуд бўлмаган ҳолларда, уларнинг ўзи ҳақида берган тушунтиришлардан келиб чиқиб, улар яшаган жойлардаги туман (шаҳар) ички ишлар органларига фотосуратлари илова қилинган сўровномалар юборилади.
МЯЖЭБ шахслар орасида чет эл фуқаролари ёки фуқаролиги бўлмаган шахслар аниқланса, улар қабул қилинган кундан кейинги иш кунидан кечиктирмай, белгиланган тартибда аниқлаш анкеталари тўлдирилиб, тегишли туман (шаҳар) ички ишлар органларининг миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бўлимларига сўровномалар юборилади.
МЯЖЭБ шахсларнинг жиноятга алоқадорлиги, уларга нисбатан қидирув эълон қилинганлигини аниқлаш бўйича текширувлар марказнинг тезкор ходимлари томонидан амалга оширилиб, бундайлар аниқланган тақдирда зудлик билан тегишли туман (шаҳар) ички ишлар органларига хабар берилади. МЯЖЭБларнинг шахси аниқланиб, доимий яшаш жойларига жўнатилаётганда, реабилитация маркази навбатчиси томонидан улар марказда сақланганлиги тўғрисида маълумотнома берилади.
Шунингдек, соғлом ва меҳнатга лаёқатли 18 ёшдан 60 ёшгача бўлган эркаклар ва 55 ёшгача бўлган аёллар маҳаллий ижро ҳокимияти, фуқароларнинг ўз-ўзини бошқариш, бандлик ва меҳнат муносабатлари органлари билан ҳамкорликда бандлигини таъминлаш ишларини олиб боради.
Яшаш жойида боқувчиси ва қаровчиси бўлмаган 60 ёшдан ошган эркаклар ва 55 ёшдан ошган аёллар, шунингдек, ижтимоий ҳимояга муҳтож бўлган кексалар белгиланган тартибда тегишли ички ишлар органлари томонидан соғлиқни сақлаш муассасалари билан ҳамкорликда “Саховат” ва “Мурувват” интернат уйларига жойлаштирилади. Тиббий даволанишга муҳтож шахслар тегишли туман (шаҳар) соғлиқни сақлаш муассасалари билан ҳамкорликда белгиланган тартибда даволаш-профилактика муассасаларига юборилади.