26 Ноябр 2024 йил 85

Қарз

        Кредит лотинча сreditum – “credo” – ишонаман, маъқуллайман сўзидан олинган бўлиб, пул маблағлари, товар ва хизматларни устама (фоиз) тўлаб қайтариб бериш шарти билан маълум муддатга олишни англатади. Содда қилиб айтсак – қарз. 1990 йилда туғилган Д.Азиз охирини чуқур ўйламай-нетмай қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини сотиш билан шуғулланишни режалаштириб, "Mercedes Benz-500" автомашинасини гаровга қўйди-да банкдан катта миқдорда кредит олди. Бироқ режалаштирган иши фойда келтириш ўрнига қарз гирдобига торта бошлади. Қарз у кимдан, қаердан олинишига қарамай тўланиши шарт. Азиз саккиз ой амал-тақал қилиб белгиланган суммани тўлаб келди-ю, аммо тўққизинчи ойга келганда сувга тушган бўлка нондек шалвираб қолди. Чўнтак бўм-бўш, келадиган даромади йўқ. Катта умид боғлаган иши чаппасига кетди. Ҳашаматли автомашинасини у ёқдан-бу ёққа кўз-кўз қилиб учиртириб юргани билан пул осмондан ёғилмади. Азизнинг боши қотди. Бу ёқда тўланмаган ойлар учун пеня ёзиляпти. Автомашинасини сотай деса, шунча “обрў”ни йўқотиш, ошна-оғайнилари олдида кулгу бўлиш... Қандай қилса сих ҳам куймайди, кабоб ҳам... Узоқ ўйлаган Азиз 2021йилнинг мартида автомашинасини сотувга қўйди. 3 март куни Х.Анвар қўнғироқ қилиб суҳбатлашди ва ўша куни қаҳвахоналардан бирида учрашиб, автомашинани обдон кўздан кечирди. Азиз автомашина гаровга қўйилгани ҳақида чурқ этмади. Машина 38.000 АҚШ долларига баҳоланди. Анвар Азизга 20.000 АҚШ доллари берди ва эртаси куниёқ автомашинани нотариус орқали расмийлаштириб беришини, қолганини ўша ерда тўлашини айтганида, Азиз ҳужжатларда озгина камчиликлар борлиги, уларни тўғирлаш учун 20 кун муҳлат сўради. Шунча пулни берган Анвар эҳтиёткорлик қилиб, “ундай бўлса, расмийлаштирган кунимиз тўлиқ пулларни оласиз”, деганида Азиз унга фақат ҳайдаш ҳуқуқини берадиган ишончнома расмийлаштиришга мажбур бўлди, лекин автомашинани бермай ўзи ҳайдаб юрди. 27 март куни Азиз Анварга банкдан қарзи борлиги, автомашина гаровга қўйилганини айтишга мажбур бўлади ва автомашинани расмийлаштириш ва банк қарзини тўлаш учун деб ялиниб-ёлвориб яна етти минг АҚШ доллари олади-да автомашинани бериб юборишдан бошқа чораси қолмайди. Аммо олган пулларни банк қарзига тўламай ўз эҳтиёжлари учун ишлатиб юборади. Ноябрь ойига келиб қарзлари яна кўпайиб кетади. Унгача пиёда қолган Азиз автомашина ўзининг номида эканлигидан фойдаланиб, ноябрь ойида автомашинасини қидирувга беради ва Анвардан уни олиб қўяди. Анвар то ички ишлар органларига мурожаат қилгунича Азиз чаққонлик қилиб, алдов йўли билан автомашинани аввал Р.Қурбонга 23.600 АҚШ долларига сўнгра М.Шуҳратга 30.000 АҚШ долларига сотиб юборади.


       – Азиз илгари 2010 йилда ҳам ўғирлик жинояти учун судланган бўлишига қарамай, алдаш ва ишончни суиистеъмол қилиш йўли билан ўзганинг молини қўлга киритиш мақсадида яна жиноятга қўл уради, – дейди Мирзо Улуғбек тумани ИИО ФМБ ҳузуридаги Тергов бўлими катта терговчиси, подполковник Беҳзод Унгбаев. – Банкдан олган қарзини фирибгарлик йўли билан ўзгалар ҳисобидан тўлашни режалаштирган Азиз автомашинасини ундан олиб бунга, бундан олиб унга беравериб ўзи ҳам адашиб кетган. Агарда жабрдийдалар ўз вақтида ички ишлар органларига мурожаат қилишмаганда бу найранги қачонгача давом этарди, ўзига аён. 


          Жиноят ишлари бўйича Мирзо Улуғбек туман суди Х.Анварнинг қилмишини кўриб чиқиб, Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 168-моддаси 4-қисми “а” банди (“Фирибгарлик”) билан айбли деб топди. Унинг қилмишига пушаймонлиги, жабрдийдаларга етказилган зарарни тўлиқ қоплаганлиги, оиланинг ягона боқувчиси эканлигини инобатга олиб, Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 57-моддасини қўллаб, иш ҳақининг 20 фоизини давлат даромади ҳисобига ушлаб қолган ҳолда уч йилга ахлоқ тузатиш ишларига ҳукм қилди.

Барча янгиликлар

Text to speech