ТОШКЕНТ ШАҲАР ИЧКИ ИШЛАР БОШ БОШҚАРМАСИ

Миробод туманида жиноят муҳокамаси ўтказилди

Жиноятчиликнинг муҳокамаси Тошкент шаҳар 12 та туман ИИО ФМБ масъул ходимлари томонидан доимий равишда жойларда ўтказиб келинмоқда. Куни кеча тумандаги Тошкент амалий фанлар университетида ИИББ ЖТСБ бошлиғи подполковник Б.Анваров ва Миробод тумани ИИО ФМБ бошлиғининг ўринбосари подполковник О.Хасановлар бошчилигидаги туман ИИБ масъул ходимлари, ўқув муассасаси ўқитувчи ва талаба ёшлар, “маҳалла еттилиги” вакиллари ҳамда гумонланувчилар иштирокида жиноят муҳокамаси бўлиб ўтди.Муҳокамада тумандаги савдо мажмуаси олдида бир гуруҳ шахслар ўртасида юз берган безорилик жиноятнинг келиб чиқиш сабаблари, унга омил бўлган шарт-шароитлар кўриб чиқилди.Масъул ходимлар туман ва шаҳардаги жиноятчилик билан боғлиқ вазият ҳақида маълумот бериб, профилактика ишлари самарадорлигини ошириш, бу борадаги чора-тадбирларни кучайтириш, шунингдек, жиноят содир этилишига сабаб бўлаётган сабаб ва шарт-шароитларни аниқлаш зарурлигини таъкидладилар.Келгусида бундай салбий ҳолатларнинг олдини олиш бўйича масъулларга тегишли топшириқлар берилди. Шунингдек, жиноят ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш борасида амалга оширилган ишлар борасида сўз юритилди.

8 Ноябр 2024 йил

92

“Бир йигитнинг аслин билай десангиз...”

Сардорбек ижтимоий тармоқлар орқали Яхшигина иш топди. Ахир 18 ёшга тўлган  йигитчани шаҳардаги номи чиққан масъулияти чекланган жамиятга ишчи қилиб олишади-ю қувонмасинми? Корхона раҳбарининг ўзи у билан суҳбатлашиб, яхши оила фарзанди эканлигига, виждонли ва тўғрилигига амин бўлди. Ишларида муваффақиятлар тилади. Сардорбек сидқидилдан ишлай бошлади. Иши оғир эмас, ҳеч ким босим ҳам ўтказмайди. Билиб-билиб ишини қилади, маоши ҳам тузуккина. Ёши катталарнинг унча-мунча хизматларини оғринмай бажариб, тез орада корхонада ҳурмат қозонди. Айримлар “киройи ўғлинг бўлса, шундай бўлса-да” дея  ҳавас билан ортидан қараб қолишарди. Қўл-оёғи чаққон, ҳалол, ишчан, диёнатли йигит раҳбариятнинг ҳам эътиборига тушди. 2022 йилнинг августида иш бошлаган қаҳрамонимиз хушмуомалалиги, серғайрат ва меҳнаткашлиги боис бир йил ҳам ўтмай 2023 йилнинг май ойида сотув бўлими раҳбари – менежер бўлиб тайинланди. Шу-шу мақтаган  йигитимиз босар-тусарини билмай қолди. Мазкур корхонанинг маҳсулотлари харидоргир ва мижозлари кўплиги, маҳсулотларнинг “хўжайинига” (хоҳласа маҳсулотларни беради, хоҳламаса “йўқ” дейди) айланган Сардорбек бу вазиятдан фойдаланиб қолишни режалаштирди. Бир-икки сафар мижозларни алдаб маҳсулот нархини атай ошириб сотди. Бу раҳбарнинг қулоғига етиб борди. Раҳбарлик фақат ишни ташкил этиши, маҳсулотлар сифати ва таъминоти билан шуғулланиш эмаслиги, қўл остидаги ишчи-ходимларнинг тарбиясига ҳам масъуллигини англаган корхона раҳбари Сардорбекнинг ёшлигини ҳисобга олиб унинг отасини суҳбатга чақирди. Вазиятни тушунтирди, биргаликда Сардорбекни тарбиялашга келишилди. Отаси ўғлини назорат қилишни бўйнига олди. Кўп ўтмай  жамият раҳбари янги шартномалар тузиш мақсадида хорижга йўл олди. Сардорбек буни ўзича тушунди – корхонанинг соядаги  хўжайини ҳис қилди шекилли ўзини – ва мижозлар маҳсулот учун тўлаган ва ўтказган пулларни корхона ҳисоб-рақамига кирим қилмай, етмаганига уларни қарздорлар китобига киритиб, ўз эҳтиёжларига ишлата бошлади. Ўртоқларини қиммат ресторанларга таклиф қилди, қиммат уяли телефон сотиб олди ва бошқа кўнгилочар масканлар, тунги клубларга тез-тез ташриф буюрадиган бўлди. Ота-онасига эса иш кўпайиб кетганлиги, вилоятлардан келадиган мижозларни кутиб қолганлиги ва бошқа баҳоналар билан алдаб келди. Раҳбар сафардан қайтгани ҳамон ҳисоб-китобга қизиқди. Сардорбек уялмай-нетмай маҳсулотларга ҳеч ким қизиқмаётгани, мижозлар бошқа корхоналарнинг маҳсулотларини харид қилаётгани, олаётганлари ҳам қарзга олаётганини айтиб қарз китобини олиб келиб кўрсатди. Раҳбар қарздорларга қўнғироқ қилиб бу ҳақда сўраганида, улар табиийки, маҳсулотларга ортиғи билан  пул тўлаганларини, пулини тўлаб ҳам молини олиб кетолмаётгани, узоқ вақт навбатда кутиб қолаётганларини эшитган раҳбарнинг ҳолатини ўзингиз тасаввур қилаверинг. Мақтаган менежеримиз июнь ойидан ноябрь ойигача мижозларнинг 475.168.000 сўм пулларини еб-ичиб, кайфу сафо қилиб, ўнгга-чапга бебилиска ишлатиб юборгани маълум бўлди.— Сардорбек ўртоқлари олдида мақтаниш истагида бўлар-бўлмас нарсалар, керак-кераксиз буюмларга пул сарф қилиб, охирини ўйламаганлиги оқибатида, ота-онасини ҳам уятга қўйди, ҳам моддий аҳволини оғирлаштирди,– дейди Учтепа тумани ИИО ФМБ ҳузуридаги Тергов бўлими терговчиси, капитан Шохруҳ Исаев. – Фарзанди экан, ота-онаси унинг камомадини тўлаб, енгилроқ жазо беришни илтимос қилишди суддан.Жиноят ишлари бўйича Учтепа туман суди очиқ суд мажлисида 2004 йилда туғилган Сардорбекнинг қилмишини кўриб чиқиб, уни қилмишидан пушаймонлиги, муқаддам судланмаганлиги, етказилган зарарни тўлиқ қоплаганлигини ҳисобга олиб, Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 167-моддаси 3-қисми “а” банди (“Ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-тарож қилиш”) билан айбли деб топиб, иш ҳақининг 20 фоизини давлат даромади ҳисобига ушлаб қолган ҳолда, 2 йилга ахлоқ тузатиш ишлари жазосига ҳукм қилди.

7 Ноябр 2024 йил

89

Профилактик тадбирлар амалга оширилмоқда

Халқ осуда яшаса ишда унумдорлик ва ривожланиш бўлади. Бунинг учун ҳуқуқ посбонлари доимо халқ хизматига бел боғлаб, ўзларига бириктирилган ҳудудларда мунтазам профилактик тадбирларни амалга ошириб келмоқда. Зеро, доно халқимизнинг касални даволагандан кўра унинг олдини олган яхши деган нақли бежизга авлоддан авлодларга ўтиб келаётгани йўқ.“Тошкент шаҳрида криминоген вазиятга салбий таъсир қилувчи омилларни илмий ёндашув асосида комплекс таҳлил қилиш ҳамда ҳамкорликда бартараф этиш юзасидан чора-тадбирлар дастури” ҳамда Тошкент шаҳар ИИББ ва ИИВ Академияси бошлиқларининг қўшма фармойишининг ижросини таъминлаш мақсадида Бектемир туманидаги “COMPASS савдо мажмуаси”, “Қўйлиқ буюм бозори” ҳамда “Водий автотураргоҳ” ҳудудларида Тошкент шаҳар ИИББ ППХБ ва Бектемир туман ИИО ФМБ масъул ходимлари, ИИВ Академияси курсантлари ҳамкорликда жамоат хавфсизлигини таъминлаш, ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш ва жиноятчиликни жиловлаш борасида манзилли чора-тадбирларни амалга оширмоқда.Жумладан, аҳоли огоҳликка чақирилиб, жиноят ёки ҳуқуқбузарлик содир этилаётганлик ҳолатига дуч келган тақдирда зудлик билан ИИО га мурожаат қилишлари лозимлиги тушунтирилмоқда. Жиноят қурбонига айланмаслик учун аҳамият бериш керак бўлган жиҳатлар аҳоли орасида тарғиб қилинмоқда.Бу каби тадбирлар пойтахтнинг бошқа туманларида ҳам олиб борилмоқда.

6 Ноябр 2024 йил

164

Янгиҳаёт тумани ИИО ФМБ хотин-қизлар масалалари бўйича катта инспекторларнинг фаолияти тўғрисида

Тошкент шаҳар ИИББ Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бошқармаси ҳамда туман бўлимлари хотин-қизлар масалалари бўйича катта инспекторлари томонидан тумандаги хотин-қизларнинг қонуний ҳуқуқ-манфаатларини таъминлаш, уларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш, шунингдек, хотин-қизлар орасида жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларни олдини олиш, уларнинг жамиятда ўз ўрнини топишларида кўмаклашиш ҳамда ижтимоий қўллаб-қувватлашда муносиб ҳисса қўшиб келмоқда.Жумладан, Янгиҳаёт тумани ИИО ФМБ Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бўлими хотин-қизлар масалалари бўйича катта инспекторлар томонидан ҳам бир қатор ишлар олиб борилмоқда.Хусусан, туман ИИО ФМБ ходимлари пробация хизматида рўйхатда турувчи аёллар билан давра суҳбати ўтказди. Учрашув давомида тадбир қатнашчиларига гиёҳванд моддалар савдоси билан шуғулланувчи шахсларга нисбатан қўлланиладиган қонуний чоралар тўғрисида тушунтиришлар берилди. Шунингдек, тадбир сўнгида иштирокчиларга ижтимоий видеороликлар қўйиб берилди. Улар ҳам мавзу юзасидан фикр-мулоҳазаларини билдиришди.Бундан ташқари ходимлар ҳудуддаги маҳаллаларда яшовчи беморлар, имконияти чекланганлар, якка-ёлғиз ва боқувчисини йўқотган, ижтимоий ҳимояга муҳтож эҳтиёжманд оилалар ҳолидан хабар олди. Масалан, хотин-қизлар фаоли М. Хайдарова ҳамда 4-сонли ИИБ ходимлари маҳаллада яшовчи кекса ёшли Танзиля Раҳмонова ҳолидан хабар олишди ва унга озиқ-овқат маҳсулотлари беришди.Шу билан бирга туман хотин-қизлар масалалари бўйича катта инспекторлари тумандаги ишлаб чиқариш корхоналаридан бирида ишчи-ходимлар билан учрашув ўтказди. Тадбир хотин-қизлар ўртасида хавфсизлик ва ҳуқуқларни ҳимоя қилиш билан боғлиқ энг долзарб муаммолардан хабардорликни ошириш мақсадида ташкил этилди.Учрашувда хотин-қизлар ўртасида ҳуқуқбузарлик va жиноятчиликни барвақт олдини олиш, кибержиноятчилар вa фирибгарлардан ҳимояланиш, ҳар қандай кўринишдаги зўравонликка қарши курашиш каби муҳим мавзулар муҳокама қилинди.Тадбир қизғин баҳс-мунозаралар билан якунланиб, унда иштирокчилар мутахассисларга ўзларини қизиқтирган саволлар билан мурожаат қилишди. Шунингдек, хавфсизлик чораларини такомиллаштириш ва аёллар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича ўз фикр ва таклифлари билан ўртоқлашдилар.

6 Ноябр 2024 йил

330

Интерактив хизматлар

Text to speech