Йил бошидан амалга ошириладиган ишлар муҳокама қилинди
Тошкент шаҳар ИИББ да бош бошқарма бошлиғи генерал-майор Азиз Ташпулатов бошчилигида йиғилиш бўлиб ўтди. Унда бош бошқарма бошлиғининг ўринбосарлари, барча туман ИИО ФМБ бошлиқлари, соҳавий хизмат раҳбарлари иштирок этишди. Йиғилишда 2024 йил якунлари сарҳисоб қилинди. Эришилган ютуқлар таъкидланиб, йўл қўйилган камчиликлар танқидий муҳокама қилинди. 2025 йил давомида пойтахт ҳудудида жиноятчиликни барвақт олдини олиш, ҳуқуқбузарликлар профилактикасини кучайтириш, жамоат тартиби ва аҳоли хавфсизлигини таъминлаш юзасидан чора-тадбирлар режалаштирилди. Шунингдек, ёшлар орасида гиёҳвандлик ва психотроп моддалар, кучли таъсир қилувчи дори воситаларининг тарқалишига чек қўйиш, аҳоли орасида кибержиноятларни олдини олиш борасида долзарб вазифалар белгилаб олинди. Йиғилиш сўнгида пойтахт ИИББ бошлиғи муҳокама қилинган масалалар юзасидан мутасаддиларга тегишли топшириқ ва кўрсатмалар берди ҳамда ижроси юзасидан муддатлар белгиланди.