Талончилик жинояти жамоатчилик иштирокида муҳокама қилинди
Янги йил кириб келганига ҳеч қанча вақт бўлмай, Марат исмли шахс ўз ҳаётини талончилик жинояти билан бошлади. Тафсилотлари эса қуйидагича. 2025 йилнинг 2 январь куни Тошкент шаҳар ИИББнинг “102” раҳамига 1997 йилда туғилган фуқаро Х.Жаҳонгирдан мурожаат тушди. Унда баён этилишича, шу куни тахминан соат 14.00 ларда Бектемир туманидаги кўчада кетаётганида, Марат исмли шахс ундан қўнғироқ қилиб олиш учун уяли телефонини сўраган. Нархи 2.000.000 сўм бўлган “Texno 20” телефон аппаратини қўлга киритгач эса телефонни қайтариб бермаслигини айтиб, юз қисмига мушт туширганча воқеа жойидан қочиб кетган.
Ҳолат юзасидан зудлик билан тергов-тезкор ишлари олиб борилиб, жиноятчининг шахси аниқланди ва у далилий ашёлар билан ушланди.
Мазкур ҳолат юзасидан Бектемир тумани ИИО ФМБ Тергов бўлими томонидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 166-моддаси (“Талончилик”) билан жиноят иши қўзғатилган. Тергов ҳаракатлари давом этмоқда.
Келгусида бу каби жиноятларга йўл қўймаслик, ҳуқуқбузарликларни олдини олиш, фуқароларни огоҳлик ва ҳушёрликка чақириш ишлари кўламини кенгайтириш мақсадида Бектемир тумани ИИО ФМБ да ушбу жиноятнинг сабаб ва шароитлари танқидий муҳокама қилинди. Муҳокамада м.ф.й. раислари, маҳалла “еттилиги” ва фуқаролар иштирок этди. Хулоса асносида профилактика инспекторларининг маҳалла мутасаддилари, фаоллари билан ҳамкорликни мустаҳкамлаш, маҳалла аҳли ўртасида профилактик ва тарғибот ишларини жадаллаштириш, тегишли чора-тадбирлар ишлаб чиқишга келишилди.