Бекорчиликдан зериккан Ойбек Яшнобод туманида жойлашган “Тошкент” савдо марказига йўл олди. Аслида бир нафар вояга етмаган фарзанди бор, оилали одамнинг бекорчи бўлишининг ўзи хунук. Ота оиласини боқиш, рўзғорини тебратиш учун ҳар қандай меҳнатнинг этагини тутиши лозим назаримизда. Боз устига муқаддам фирибгарлик жиноятини содир қилиб, ахлоқ тузатиш ишларига жалб қилинган одамга ишсиз юриш номақбул. Аммо Ойбек бундан виждони қийналиб ёки пушаймонликдан ич-этини еб юргани йўқ. Ўша куни ҳам, яъни 2022 йилнинг февраль ойида юқорида номи келтирилган савдо марказида телефон аппаратлари ва уларнинг эҳтиёт қисмлари билан савдо қилувчи таниши Ў.Улуғбекнинг олдига бориб, баҳоси 1.500.000 сўм бўлган “Samsung А6” телефонини сотиб беришга ваъда бериб олиб кетди. Кўп ўтмай 1.130.000 сўмлик “Redmi Note 7” телефонини вақтинча фойдаланиш учун сўраб олганча қорасини кўрсатмади. Табиийки, уларни арзон нархга нотаниш кимсаларга сотиб юбориб, пулини дўкон эгасига қайтариб беришни хаёлига ҳам келтирмади.
Жиноят ишлари бўйича Яшнобод туман суди очиқ суд мажлисида 1994 йилда туғилган С.Ойбекнинг қилмишини кўриб чиқиб, Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 168-моддаси 3-қисми “б” банди (“Фирибгарлик”) билан айбли деб топди. Унинг қилмишига пушаймонлиги, жабрдийдага етказган зарарни тўлиқ қоплаганлиги, жабрланувчининг даъвоси йўқлиги, оилавий шароитини инобатга олиб, шу модда билан ойлик иш ҳақининг 20 фоизини давлат даромади ҳисобига ушлаб қолган ҳолда 2 йилга ахлоқ тузатиш ишлари жазосига ҳукм қилди.
Мазкур фирибгарлик жинояти тафсилотлари билан Яшнобод туман ИИО ФМБ ҳузуридаги Тергов бўлими катта терговчиси, подполковник Одил Маматаев таништирди.