ТОШКЕНТ ШАҲАР ИЧКИ ИШЛАР БОШ БОШҚАРМАСИ

Гиёҳвандлик воситаларини яшириш йўли билан тарқатиш (“закладка”) ҳолатлари фош этилди

      Пойтахт ҳудудида ўтказилаётган гиёҳвандлик воситалари ва психотроп моддаларнинг ноқонуний айланмасига қарши курашиш ойлиги доирасидаги тезкор-профилактик тадбирлар давомида Сергели туманида яна бир жиноий ҳаракатларга чек қўйилди. Туманнинг ИИО ФМБ ходимлари томонидан ўзларининг ҳатти-ҳаракатлари билан шубҳа уйғотган икки шахс тўхтатилди. 2004 йилда туғилган Б. ва унинг таниши, вояга етмаган 2008 йилда туғилган А. холислар иштирокида текширилди. Текшириш натижасида бирининг ёнидан 5 дона, иккинчисининг ёнидан 10 дона целлофан пакетчаларга ўралган ўткир ҳидли моддалар топилди. Суҳбат жараёнида улар худди шундай 5 дона пакетчаларни “буюртма” бўйича жойлаштирганлигини маълум қилишди ва хуфёна манзилни кўрсатиб беришди. Шунингдек, улар таниши С.нинг ҳам уйида шундай моддалар борлигини маълум қилишди. С.нинг хонадони холислар иштирокида кўздан кечирилганда, у 10 дона гиёҳвандлик моддалари солинган пакетчаларни топширди.        Ойлик доирасида яна бир гиёҳвандлик моддасини тарқатувчи шахс ушланди. Пойтахтнинг Мирзо Улуғбек тумани ИИО ФМБ ходимлари томонидан 2005 йилда туғилган А. Ўзини шубҳали тутганлиги сабабли тўхтатилиб  текширилганда, унинг ёнидан 19 дона қадоқланган: полиэтилен пакетларга солиниб, изолента билан ўралган қизғиш-жигарранг, ўткир ҳидли ашёлар холислар иштирокида олинди. Шу ернинг ўзида у кўчанинг хилват жойига жойлаштирган 1 дона худди шундай модда яширилган хуфёна манзилни кўрсатиб берди.      Юқорида қайд этилган барча ҳолатлар юзасидан Тергов бўлими томонидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 273-моддаси (“Гиёҳвандлик воситалари, уларнинг аналоглари ёки психотроп моддаларни ўтказиш мақсадини кўзлаб қонунга хилоф равишда тайёрлаш, олиш, сақлаш ва бошқа ҳаракатлар қилиш, шунингдек уларни қонунга хилоф равишда ўтказиш”) билан жиноят ишлари қўзғатилиб, гумон қилинувчиларга нисбатан қамоққа олиш эҳтиёт чораси қўлланган, тергов ҳаракатлари давом этмоқда.

8 Октябр 2024 йил

71

Шайхонтоҳур туманида навбатдаги сайёр қабул бўлиб ўтди

Тошкент шаҳар туманларида комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш масалалари бўйича сектор раҳбарлари томонидан сайёр қабуллар ўтказилмоқда. Яқинда Шайхонтоҳур тумани аҳолиси билан навбатдаги очиқ мулоқот бўлиб ўтди. Учрашувда туман ҳокими Бобир Абубакиров, ИИО ФМБ бошлиғи полковник Отабек Жамолов, бир қатор ташкилот ва муассасаларнинг вакиллари ҳамда маҳаллий ўз-ўзини бошқариш органлари иштирок этди.Учрашув давомида 20 га яқин фуқароларнинг моддий ёрдам, субсидия асосида уй-жой олиш, саломатлигини тиклаш, турли йўналишлар бўйича ҳужжатлар олиш каби масалалар юзасидан мурожаатлари тингланди. Айрим масалалар жойида ижобий ҳал этилди. Бир қатор мурожаатлар бўйича қонунга асосан кўриб чиқиш муддатлари белгиланиб, мурожаат этувчиларга ҳуқуқий маслаҳатлар берилди.Бу каби сайёр қабуллар бошқа туманларда ҳам бўлмоқда.

8 Октябр 2024 йил

42

Ноқонунийми – “қонунийлаштирамиз”

Фирибгарларнинг ҳийлаю найрангларидан эҳтиёт бўлиш ҳақида қанчалик кўп огоҳлантирмайлик, барибир уларнинг жозибали ваъдалари, ҳаётингизни тез фурсатларда ва кам харажатларда  бойитиб,  гўзал ва қизиқарли қилишда, айниқса кўчмас мулкка эга чиқишингизга ёрдам беришига ишонтириш маҳоратига учиб тушкунлик, асаббузарлик ва сарсону саргардонликни бошидан кечираётганлар кўплаб учрамоқда. 1985 йилда туғилган, маълумоти олий, икки нафар вояга етмаган фарзандли Сарваржоннинг туғма артистлик маҳорати бормиди ёки кейинчалик юзага чиқдими ҳар ҳолда 2022 йилнинг 10 октябрида Яккасарой тумани Муқимий кўчасида бўла туриб,  1965 йилда туғилган  Фарҳоднинг ишончини қозонди. Уни шу кўчада жойлашган уй орқасидаги ташландиқ ерни сотиб олишга кўндирди. 2023 йилнинг 1 январь кунига қадар қонуний расмийлаштириб беришини, расмийлаштирилган ерга енгил турдаги савдо маиший хизмат кўрсатиш объектларини қуриб фойдаланса, катта даромад топишини айтди. Сарваржон ерни қонуний расмийлаштириш, қурилиш лойиҳаларини тайёрлаш билан боғлиқ югур-югурларни ўз зиммасига олди. Тахлам-тахлам пулларнинг чўнтагига оқиб келаётганини – аслида оқиб кетаётганди – тасаввур қилган харидор лойиҳа ҳужжатлари учун бўлиб-бўлиб – жами 10 минг АҚШ долларини қандай берганини билмай қолди. Сарваржон бу билан кифояланмай, 2023 йилнинг 10 январь куни Яккасарой туманидаги  фалон масъулияти чекланган жамиятга қарашли  қурилиш объектини 2 қаватдан 4 қаватга кўтариб бериш бўйича лойиҳа ҳужжатларини қонунийлаштириб, Тошкент шаҳар Қурилиш бошқармасига тақдим қилиши ва қурилиш кенгашидан рухсат олиб беришини ваъда қилиб, 1987 йилда туғилган Маъмурни 6 минг АҚШ долларига чув туширди. –  Ёши оқ-қорани танийдиган фуқароларнинг бирор ҳужжатлари ёки ваколати бўлмаган шахсга, ҳеч қандай шахсини тасдиқлайдиган   ҳужжатларсиз  йирик-йирик пул маблағларини бериб юборишига хайрон қоласан, – дейди  Яккасарой тумани ИИО ФМБ ҳузуридаги Тергов бўлими терговчиси, катта лейтенант Э.Зиябеков. –  Аслида қонунга зид бўлган хатти-ҳаракатларни қонунга ўчакишгандек “қонунийлаштиришга” беҳуда уриниш шундай оқибатларга олиб келади. Жиноят ишлари  бўйича  Яккасарой туман суди очиқ суд мажлисида  Сарваржоннинг қилмишига қонуний баҳо берди: Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 168-моддаси 3-қисми “а” банди (“Фирибгарлик”) билан айбли деб топди. Унинг икки вояга етмаган фарзандлари борлиги, оиланинг ягона боқувчиси эканлиги, жабрдийдага етказилган зарарни тўлиқ қоплаганлиги инобатга олиниб, кодекснинг 57-моддасини қўллаб, базавий ҳисоблаш миқдорининг 50 баравари миқдорида, яъни 17.000.000 сўм жарима жазосини тайинлади.

8 Октябр 2024 йил

50

Олган ҳам берган ҳам айбдор

Сочларига оқ оралаган, ёши элликдан ошиб олтмишга қараб кетаётган бу ёшга ҳаётининг қолган қисмини яхшилик ва хайрли ишларга бағишлаб, чиройли яшашни ният қилиш ярашади. Лекин ақл ёшдамас, бошда деганлари чин ҳақиқат экан. Абдулло 2023 йилнинг 3 март куни илгаридан таниш бўлган Алижон билан телефон орқали боғланиб, фалон ошхонада учрашишга таклиф этади. Учрашганда банкдан жуда катта миқдорда кредит олаётганини, гаровга қўйиш учун пул кераклигини айтади. Агар Алижон бир ой муддатга 10.000 АҚШ долларини қарзга бериб турса, банкдан пул олгани ҳамон кредити ҳисобидан 2 миллиардини унга молиявий ёрдам сифатида беришини айтиб ишонтиради. Берган пули ёнига яна шунча миқдордаги пул ўз-ўзидан, осонгина оқиб келишини  кўз олдига келтирган Алижон бу таклифга “йўқ” дея олмайди. Уч кун ўтиб улар яна қаҳвахонада учрашишади ва қаҳвахонанинг алоҳида бўлмасига ўтиб, пул олди-бердисини амалга оширадилар. Абдулло ўз паспортининг нусхасига 10.000 АҚШ долларини олганлиги ҳақида тилхат ёзиб беради. Ҳар иккиси қайта-қайта қўл сиқишиб, мамнун ҳолда хайрлашишади. Афсуски, бу хурсандчилик айниқса Алижон учун асаббузарлик, надомат ва қон босимининг кўтарилиши билан  қимматга тушди. Ваҳоланки, қарздор бир неча ойлар ўтса ҳамки ваъда берган пулларни бермай, устига-устак сурбетларча “бир тийиним ҳам йўқ, нима қилсанг қил!" дегани ортиқча бўлди. Алижон Чилонзор тумани ички ишлар органларига мурожаат қилишдан бошқа чора топмади. – Абдулло илгари ҳам фирибгарлик жинояти учун судланган эди. Афсуски, бу унга сабоқ бўлмади, – дейди Чилонзор тумани ИИО ФМБ ҳузуридаги Тергов бўлими терговчиси, катта лейтенант Шахзодбек Давирбоев. – Танишини шунча пулга туширадию, бу қилмишим жавобсиз қолади, деб ўйлаганини тушиниш қийин, албатта. Аслида судхўрлик катта гуноҳ саналади. Алижон эса катта пулнинг овозини эшитганда ҳар қандай гуноҳ ҳақида унутгани афсусланарли ҳол. Ушбу жиноят содир этилишига ўзи ҳам хисса қўшган десак муболаға бўлмайди. Жиноят ишлари бўйича Чилонзор туман суди 1967 йилда туғилган, уч нафар фарзанднинг отаси, муқаддам судланган Абдуллонинг қилмишини кўриб чиқиб, уни Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 168-моддаси 3-қисми “а” банди (“Фирибгарлик”) билан айбдор деб топди. Унинг пушаймонлиги, оиланинг ягона боқувчиси эканлиги, жабрланувчига етказилган зарарни тўлиқ қоплаганлигини инобатга олиб, иш ҳақининг 15 фоизини давлат даромади ҳисобига ушлаб қолган ҳолда 2 йилу 6 ойга ахлоқ тузатиш ишлари жазосига ҳукм қилди.

8 Октябр 2024 йил

52

Интерактив хизматлар

Text to speech