7 Октябр 2024 йил 455

Маҳалла тинчлиги – эл тинчлиги

Маълумки, жорий йилнинг 20 сентябридан Тошкент шаҳри ҳудудида гиёҳвандлик ва психотроп моддаларининг ноқонуний айланишига қарши кураш ойлиги бошланган. Ойликнинг самарали ўтишини таъминлаш мақсадида, жойларда кенг аҳоли қатламларини қамраган ҳолда профилактик-тушунтириш, ҳушёрлик ва огоҳликка чақириш бўйича амалий ишлар олиб борилмоқда. Шундай тадбирларнинг бири Чилонзор туманидаги “Катта қозиробод”, “Катта Олмазор” ва “Қозиробод” маҳаллаларида ҳам бўлиб ўтди. Тадбирда маҳалла раислари, маҳалла еттилиги, фаоллари, кўчабоши, уйбошилари ҳамда маҳалла аҳли иштирок этишди. Йиғилганлар олдида туман ИИО ФМБ бошлиғи ўринбосари, ИИБ бошлиқлари, профилактика инспекторлари ва соҳавий хизматларнинг мутасадди ходимлари гиёҳвандлик моддаларининг тарқатилиши ва истеъмолига қарши курашнинг қанчалар жамиятимиз учун  муҳим эканлиги борасида маъруза қилишди. Гиёҳвандликка, психотроп дори воситалари истеъмолига ружу қўйганлар томонидан содир этилаётган жиноятлар, барбод бўлаётган оилалар, нуқсонли туғилаётган фарзандларнинг аянчли тақдири мисоллар тариқасида келтириб ўтилди. Шунингдек, бугунги кунда ижтимоий тармоқларда  фуқароларга катта-катта маошли иш таклиф  қилиб, гиёҳвандлик моддаларини кўрсатилган манзилларга хуфёна жойлаштириб келишга жалб қилиб, жиноятга ундаш ҳолатлари ҳам таъкидланиб, ёшлар ва ўсмирларнинг юриш-туриши, нима билан машғул эканлиги билан қизиқиш, ён-атрофдагиларнинг хатти-ҳаракатларидан огоҳ бўлишга чақирилди. Маърузачилар гиёҳвандлик ва психотроп моддаларини тайёрлаш, сақлаш, ташиш, сотиш, истеъмол қилиш каби ҳаракатлар учун қонунда белгиланган жазо ҳақида йиғилганларга маълумот беришди. Йиғилганларга  ойликда фаол қатнашиб, маҳаллани тинчлик-осойишталигини сақлаш, маҳаллани ҳуқуқбузарликсиз маҳаллага айлантиришга ўз ҳиссаларини қўшиш борасида таклифлар берилди.

Барча янгиликлар

Text to speech