16 Сентябр 2024 йил 0

Аслида йўқ уйга шунча талабгор

Бугунги ёшлар китоб ўқишнинг ўрнига, қўйиб берсанг, эрталабдан-кечгача қўлидаги уяли телефонни титиб ўтиради. Ундаги маълумотлардан ўзига керагини олиб, яхшилик, эзгулик йўлида фойдаланса-ку майлига-я, аммо ғаразли мақсадларда фойдаланса, бу унинг маънавий залолатга ботаётганидан дарак беради.

Жавоҳир Отабеков 2005 йилда туғилган. Катта ҳаёт бўсағасида турибди. Олдига эзгу мақсадлар қўйиш, келажакка гўзал ва пухта режа тузиш ўрнига у алдаш, бировнинг ишончини қозониб, уни суиистеъмол қилиш йўли билан мол-мулкини эгаллашни ният қилди. Бу йўлда ахборот тизимидан, жумладан, ахборот технологиялари ресурсларидан фойдаланишни кўзлади.

Олдиндан тузган режасига кўра, ўзига тегишли “Redmi Not-8” русумли мобил қурилмаси орқали ижтимоий тармоқларда ижарага хонадон бериши ҳақидаги эълонни жойлаштирди ва “ҳосилини” кута бошлади. 2023 йил 4 январь куни Навоий вилояти Кармана туманида яшовчи, 1992 йилда туғилган Умиджон қўнғироқ қилиб, ижара шартлари билан қизиқди. Жавоҳир айни дамда Чорвоқда дам олаётгани, бу уйга харидор кўплиги, ижара ҳақи ойига 300 АҚШ доллари эканини, ўзи йўқ уйнинг зўр шароитлари ҳақида оғиз кўпиртириб мақтай кетди. Бугун пул ўтказса, эртаги эрталаб фалон жойда уй калитини топширишини тайинлади. Умиджон бу гапларга ишониб, Жавоҳирнинг пластик картасига 500 000 сўм ўтказиб берди. Эртаси куни хўроз қичқирмай бор бисотини тугунга тугиб, Жавоҳирни — ўзини “Шерзод” деб таништирган уй эгасини келишилган жойда кута бошлади. Бироқ у келмади.

Тўрга илинган кейинги “ўлжалар” билан танишинг. 1996 йилда туғилган марғилонлик Алишер билан ҳам худди шундай суҳбат бўлиб ўтди ва у 555 000 сўм пулни “Қодиржон”нинг пластик картасига ўтказиб берди. Яккабоғ туманилик 2000 йилда туғилган Акромбек ҳам унинг тузоғига осон илинди ва 550 000 сўм пулини ўтказиб берди. Китоб туманилик 1996 йилда туғилган Дилшоджон 2023 йилнинг 7 январида 500 000 сўм, хоразмлик 1993 йилда туғилган Муҳайё Ибрагимова 8 январда 200 000 сўм, Самарқанд вилояти Нуробод туманилик Мадина 9 январда 560 000 сўм, шу куни шаҳрисабзлик 1996 йилда туғилган Хуршид 300 000 сўм пулни унинг пластик картасига ўтказганлардан.

— Ўзини турли исмлар билан таништириб келган Жавоҳир пулни олгач, қурбонларини “қора” рўйхат”га киритиб қўяверган, — дейди пойтахт ИИББ Ахборот технологиялари соҳасидаги жиноятларга қарши кураш бошқармаси Тергов бўлими терговчиси, лейтенант Феруз Исмоилов. — Ёшларимиз ахборот технологиялари ресурсларидан билимини, дунёқараши, маданиятини ошириш йўлида унумли фойдаланишса нур устига аъло нур бўларди, албатта. Бироқ айримларнинг технология ресурсларидан ғаразли мақсадларда фойдаланишлари, ўзгаларнинг пешона тери эвазига келган пулларини ўзлаштиришга уриниши, жамиятимизга ёт, жиноятга етакловчи контентларга берилувчанлиги уларнинг маънавий, ҳуқуқий иммунитети сустлигидан дарак беради.

Жиноят ишлари бўйича Миробод тумани суди Жавоҳирнинг қилмишидан пушаймонлиги, боқувчисини йўқотганлар рўйхатида туриши, касб-ҳунар коллежининг 2-босқичида ўқиётгани, келтирилган зарарни тўлиқ қоплаганини ҳисобга олиб, Жиноят кодексининг 168-моддаси 3-қисми “б”, “г” бандларида (“Фирибгарлик”) назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбли, деб топиб, жазо тайинлади.


Нилуфар ИСОХОНОВА,

Тошкент шаҳар ИИББ Ахборот хизмати бошлиғи.


© Газета «Mahalla»,№54 (2192), 2024 йил 14 сентябрь

Барча янгиликлар

Text to speech