8 Октябр 2024 йил 599

Гиёҳвандлик воситаларини яшириш йўли билан тарқатиш (“закладка”) ҳолатлари фош этилди

      Пойтахт ҳудудида ўтказилаётган гиёҳвандлик воситалари ва психотроп моддаларнинг ноқонуний айланмасига қарши курашиш ойлиги доирасидаги тезкор-профилактик тадбирлар давомида Сергели туманида яна бир жиноий ҳаракатларга чек қўйилди. Туманнинг ИИО ФМБ ходимлари томонидан ўзларининг ҳатти-ҳаракатлари билан шубҳа уйғотган икки шахс тўхтатилди. 2004 йилда туғилган Б. ва унинг таниши, вояга етмаган 2008 йилда туғилган А. холислар иштирокида текширилди. Текшириш натижасида бирининг ёнидан 5 дона, иккинчисининг ёнидан 10 дона целлофан пакетчаларга ўралган ўткир ҳидли моддалар топилди. Суҳбат жараёнида улар худди шундай 5 дона пакетчаларни “буюртма” бўйича жойлаштирганлигини маълум қилишди ва хуфёна манзилни кўрсатиб беришди. Шунингдек, улар таниши С.нинг ҳам уйида шундай моддалар борлигини маълум қилишди. С.нинг хонадони холислар иштирокида кўздан кечирилганда, у 10 дона гиёҳвандлик моддалари солинган пакетчаларни топширди. 

       Ойлик доирасида яна бир гиёҳвандлик моддасини тарқатувчи шахс ушланди. Пойтахтнинг Мирзо Улуғбек тумани ИИО ФМБ ходимлари томонидан 2005 йилда туғилган А. Ўзини шубҳали тутганлиги сабабли тўхтатилиб  текширилганда, унинг ёнидан 19 дона қадоқланган: полиэтилен пакетларга солиниб, изолента билан ўралган қизғиш-жигарранг, ўткир ҳидли ашёлар холислар иштирокида олинди. Шу ернинг ўзида у кўчанинг хилват жойига жойлаштирган 1 дона худди шундай модда яширилган хуфёна манзилни кўрсатиб берди.

      Юқорида қайд этилган барча ҳолатлар юзасидан Тергов бўлими томонидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 273-моддаси (“Гиёҳвандлик воситалари, уларнинг аналоглари ёки психотроп моддаларни ўтказиш мақсадини кўзлаб қонунга хилоф равишда тайёрлаш, олиш, сақлаш ва бошқа ҳаракатлар қилиш, шунингдек уларни қонунга хилоф равишда ўтказиш”) билан жиноят ишлари қўзғатилиб, гумон қилинувчиларга нисбатан қамоққа олиш эҳтиёт чораси қўлланган, тергов ҳаракатлари давом этмоқда.

Барча янгиликлар

Text to speech