Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан ташкил этилган Сайёр қабулхоналар тизими аҳоли эҳтиёжини қондириш, жойларда ижтимоий-иқтисодий вазиятни яхшилашга қаратилган.
Тошкент шаҳар туманларида сектор раҳбарлари томонидан мунтазам равишда сайёр қабуллар ўтказиб келинади.
Чилонзор туманида ўтказилган тадбир давомида ички ишлар органлари ҳамда 3-сектор фаолиятига оид мурожаатлар Чилонзор тумани ИИО ФМБ бошлиғи, подполковник Неъмат Ҳайдаров томонидан кўриб чиқилди.
Куни кеча сектор ҳудудида конструктив мулоқот руҳида ўтган қабулда уй-жой коммунал муаммолари, бандлик, ижтимоий ёрдам олиш, тиббий ёрдам олиш, олий ўқув юртида контракт тўлаш каби масалалар кўтарилди. Тадбир давомида мурожаатларнинг аксарияти ижобий ҳал этилган бўлса, қўшимча ўрганишга муҳтож бўлганлар назоратга олинди.
Масалан, “Қатортол” маҳалласида истиқомат қилувчи Олеся К. истиқомат қилаётган хонадонда том қисмидан сув ўтаётганлигини билдириб, таъмирлашда ёрдам сўради. Унинг мурожаатига асосан кўп қаватли уйнинг том қисми бошқарув сервис компанияси томонидан таъмирлаб берилди. “Бешчинор” МФЙда истиқомат қилувчи Абдувосиқ А. истиқомат қилаётган кўп қаватли уйнинг олдида қуриган дарахтларни буталаш ҳамда дезинфекция ишлари бўйича мурожаат қилди. Тегишли ташкилотлар ёрдамида унинг мурожаати жойида ижобий ҳал этилди.
Сентябрь ойи давомида Чилонзор тумани 3-сектор раҳбари томонидан маҳаллаларда 5 маротаба сайёр қабул ўтказилди, ушбу қабулларда 33 нафар фуқаролар қатнашиб 35 та мурожаатлар келиб тушди. Шундан 25 таси ижобий ҳал этилган бўлиб, қолганларини ҳал этиш учун муддат белгиланди.
Бу каби қабуллар, туман ҳудудида мунтазам равишда олиб борилмоқда.