8 Октябр 2024 йил 399

Олган ҳам берган ҳам айбдор

Сочларига оқ оралаган, ёши элликдан ошиб олтмишга қараб кетаётган бу ёшга ҳаётининг қолган қисмини яхшилик ва хайрли ишларга бағишлаб, чиройли яшашни ният қилиш ярашади. Лекин ақл ёшдамас, бошда деганлари чин ҳақиқат экан. Абдулло 2023 йилнинг 3 март куни илгаридан таниш бўлган Алижон билан телефон орқали боғланиб, фалон ошхонада учрашишга таклиф этади. Учрашганда банкдан жуда катта миқдорда кредит олаётганини, гаровга қўйиш учун пул кераклигини айтади. Агар Алижон бир ой муддатга 10.000 АҚШ долларини қарзга бериб турса, банкдан пул олгани ҳамон кредити ҳисобидан 2 миллиардини унга молиявий ёрдам сифатида беришини айтиб ишонтиради. Берган пули ёнига яна шунча миқдордаги пул ўз-ўзидан, осонгина оқиб келишини  кўз олдига келтирган Алижон бу таклифга “йўқ” дея олмайди. Уч кун ўтиб улар яна қаҳвахонада учрашишади ва қаҳвахонанинг алоҳида бўлмасига ўтиб, пул олди-бердисини амалга оширадилар. Абдулло ўз паспортининг нусхасига 10.000 АҚШ долларини олганлиги ҳақида тилхат ёзиб беради. Ҳар иккиси қайта-қайта қўл сиқишиб, мамнун ҳолда хайрлашишади. Афсуски, бу хурсандчилик айниқса Алижон учун асаббузарлик, надомат ва қон босимининг кўтарилиши билан  қимматга тушди. Ваҳоланки, қарздор бир неча ойлар ўтса ҳамки ваъда берган пулларни бермай, устига-устак сурбетларча “бир тийиним ҳам йўқ, нима қилсанг қил!" дегани ортиқча бўлди. Алижон Чилонзор тумани ички ишлар органларига мурожаат қилишдан бошқа чора топмади. 

– Абдулло илгари ҳам фирибгарлик жинояти учун судланган эди. Афсуски, бу унга сабоқ бўлмади, – дейди Чилонзор тумани ИИО ФМБ ҳузуридаги Тергов бўлими терговчиси, катта лейтенант Шахзодбек Давирбоев. – Танишини шунча пулга туширадию, бу қилмишим жавобсиз қолади, деб ўйлаганини тушиниш қийин, албатта. Аслида судхўрлик катта гуноҳ саналади. Алижон эса катта пулнинг овозини эшитганда ҳар қандай гуноҳ ҳақида унутгани афсусланарли ҳол. Ушбу жиноят содир этилишига ўзи ҳам хисса қўшган десак муболаға бўлмайди. 

Жиноят ишлари бўйича Чилонзор туман суди 1967 йилда туғилган, уч нафар фарзанднинг отаси, муқаддам судланган Абдуллонинг қилмишини кўриб чиқиб, уни Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 168-моддаси 3-қисми “а” банди (“Фирибгарлик”) билан айбдор деб топди. Унинг пушаймонлиги, оиланинг ягона боқувчиси эканлиги, жабрланувчига етказилган зарарни тўлиқ қоплаганлигини инобатга олиб, иш ҳақининг 15 фоизини давлат даромади ҳисобига ушлаб қолган ҳолда 2 йилу 6 ойга ахлоқ тузатиш ишлари жазосига ҳукм қилди.

Барча янгиликлар

Text to speech