8 Октябр 2024 йил 447

Ноқонунийми – “қонунийлаштирамиз”

Фирибгарларнинг ҳийлаю найрангларидан эҳтиёт бўлиш ҳақида қанчалик кўп огоҳлантирмайлик, барибир уларнинг жозибали ваъдалари, ҳаётингизни тез фурсатларда ва кам харажатларда  бойитиб,  гўзал ва қизиқарли қилишда, айниқса кўчмас мулкка эга чиқишингизга ёрдам беришига ишонтириш маҳоратига учиб тушкунлик, асаббузарлик ва сарсону саргардонликни бошидан кечираётганлар кўплаб учрамоқда. 1985 йилда туғилган, маълумоти олий, икки нафар вояга етмаган фарзандли Сарваржоннинг туғма артистлик маҳорати бормиди ёки кейинчалик юзага чиқдими ҳар ҳолда 2022 йилнинг 10 октябрида Яккасарой тумани Муқимий кўчасида бўла туриб,  1965 йилда туғилган  Фарҳоднинг ишончини қозонди. Уни шу кўчада жойлашган уй орқасидаги ташландиқ ерни сотиб олишга кўндирди. 2023 йилнинг 1 январь кунига қадар қонуний расмийлаштириб беришини, расмийлаштирилган ерга енгил турдаги савдо маиший хизмат кўрсатиш объектларини қуриб фойдаланса, катта даромад топишини айтди. Сарваржон ерни қонуний расмийлаштириш, қурилиш лойиҳаларини тайёрлаш билан боғлиқ югур-югурларни ўз зиммасига олди. Тахлам-тахлам пулларнинг чўнтагига оқиб келаётганини – аслида оқиб кетаётганди – тасаввур қилган харидор лойиҳа ҳужжатлари учун бўлиб-бўлиб – жами 10 минг АҚШ долларини қандай берганини билмай қолди. Сарваржон бу билан кифояланмай, 2023 йилнинг 10 январь куни Яккасарой туманидаги  фалон масъулияти чекланган жамиятга қарашли  қурилиш объектини 2 қаватдан 4 қаватга кўтариб бериш бўйича лойиҳа ҳужжатларини қонунийлаштириб, Тошкент шаҳар Қурилиш бошқармасига тақдим қилиши ва қурилиш кенгашидан рухсат олиб беришини ваъда қилиб, 1987 йилда туғилган Маъмурни 6 минг АҚШ долларига чув туширди. 

–  Ёши оқ-қорани танийдиган фуқароларнинг бирор ҳужжатлари ёки ваколати бўлмаган шахсга, ҳеч қандай шахсини тасдиқлайдиган   ҳужжатларсиз  йирик-йирик пул маблағларини бериб юборишига хайрон қоласан, – дейди  Яккасарой тумани ИИО ФМБ ҳузуридаги Тергов бўлими терговчиси, катта лейтенант Э.Зиябеков. –  Аслида қонунга зид бўлган хатти-ҳаракатларни қонунга ўчакишгандек “қонунийлаштиришга” беҳуда уриниш шундай оқибатларга олиб келади. 

Жиноят ишлари  бўйича  Яккасарой туман суди очиқ суд мажлисида  Сарваржоннинг қилмишига қонуний баҳо берди: Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 168-моддаси 3-қисми “а” банди (“Фирибгарлик”) билан айбли деб топди. Унинг икки вояга етмаган фарзандлари борлиги, оиланинг ягона боқувчиси эканлиги, жабрдийдага етказилган зарарни тўлиқ қоплаганлиги инобатга олиниб, кодекснинг 57-моддасини қўллаб, базавий ҳисоблаш миқдорининг 50 баравари миқдорида, яъни 17.000.000 сўм жарима жазосини тайинлади.

Барча янгиликлар

Text to speech