20 Сентябр 2024 йил 0

Қайдасан, ў-ў-ў Канада? Йиллаб кутган фуқароларнинг соддалигига ҳайрон қоласан

Ҳар ерни қилма орзу, ҳар ерда бор тошу тарозу, деган – бошидан ҳаётнинг кўп машаққатларини ўтказган, ўнқир-чўнқирларига тушиб чиққан, аччиқ-чучугини тотиб кўрганлар. Орамизда ўзга юртларни орзу қилиб яшаётганлар йўқ эмас. Орзуга айб йўқ. Айниқса, бугунги мустақиллиги, эрки ўз қўлида бўлган юртдошларимизнинг ўз мақсадларини амалга ошириш борасида имкониятлари кенг ва тегишли ҳақ-ҳуқуқларга эга. Аммо бу йўлда расмий идораларга мурожаат қилиб, қонуний йўллар билан ҳал қилса бўладиган масалани чигаллаштириб, ноқонуний йўл тутиш оқибатида фирибгарлар тузоғига илиниб, сарсон бўлиб қолаётганлар йўқ эмас. Бунда сохта фирма ва офислар очиб, қулай ва арзон нархларда хорижга катта-катта маошли ишга жўнатишни ваъда қилаётган қаллобларнинг ўрни сезиларли.

Қуйида лавҳамиз қаҳрамони ҳам юртдошларимизни айнан шу йўл билан чув туширганлар сирасидан. 1990 йилда туғилган, муқаддам судланган Алишер 2020 йилнинг февралида Миробод туманидаги гўшадан ижарага жой олиб, фуқароларни чет элга жўнатишга “ихтисослашган” фирма очди.( Фирманинг инглизча баландпарвоз номини айтмай қўяқолайлик) Унинг тузоғи иш бермай қолмади. 2020 йилнинг 8 ноябрида 1984 йилда туғилган самарқандлик Диёр Канада давлатида ишлаш орзусини амалга ошириш мақсадида офисга ташриф буюрди. У ёқларда маош ҳам, яшаш ҳам рисоладагидек эмиш. Алишер бу давлатни танлаб хато қилмагани, Диёрнинг дунёқараши кенглиги ва ўз меҳнатини қадрлашини айтиб роса алқади ва албатта у ерда катта пул топишига ишонтириб, тез кунларда жўнатишга ваъда берди. Бошига ҳужжатларни  расмийлаштириш ва бошқа майда-чуйда харажатлар учун 1.200 АҚШ долларини қуртдек санаб олди. Диёрнинг оёғи хуш келиб, офисга мижозлар оқиб кела бошлади. Бир неча муддат ўтиб, Акбар “фирма”нинг Канадага сайёҳлик визасини тайёрлаб беришига ишониб 565 АҚШ долларини, Шуҳрат 400 АҚШ долларини, 18 ноябрь куни Шоакбар 400 АҚШ долларини ўз қўллари билан фирибгарга топширади. 2020 йилнинг 7 декабрида  Канадада ишлаб пул топиш ниятида бўлган Нодирбек, Санжарбек ва Улуғбекнинг ҳар бири 1.005 АҚШ доллари ва 7.430.00 сўм,  Адҳам 10.479.516 сўм, Муҳаммад 1.005 АҚШ долларини ҳеч қандай  расмиятчиликсиз, қуруқ ваъдалар эвазига Алишерга санаб беришади. 2021 йил 27 май куни Камола ва Дилшоднинг ҳар биридан 400 АҚШ долларидан олган Алишер “пултопар дўконини” ўзгартирмаса бўлмаслигини бу ёғига миси чиқишини сезиб, Миробод туманидан Яккасарой туманига кўчиб– қочиб десак тўғрироқ бўлади – ўтади. Бу ерда ҳам  ўзгалар ишончига кириб мол-мулкини ўзлаштиришда давом этади. Қўлидан келмайдиган ишни келади, деб ишонтириб, 2022 йилнинг март ойида Сардордан 1.400, Жаҳонгир, Сахоб, Умид, Меҳрожларнинг ҳар биридан 645, Бахтиёрдан 1.050 АҚШ долларини олиб, барча алоқа воситаларини ўчириб, “дўконини” ёпиб, жуфтакни ростлайди.     

 – Айбланувчининг фуқароларни хорижга юбориш тугул виза очиш тартиби ҳақида ҳеч қандай маълумотга, тушунчага эга бўлмай туриб, бу ишга қўл ургани қизиқ, – дейди Миробод тумани ИИО ФМБ ҳузуридаги Жиноятларни тергов қилиш бўлинмаси бошлиғи, майор Д.Рашидов. – Ишламай пул топиш дардида ҳар қандай ёлғондан қайтмаган бу шахс олий маълумотли, қўлида гулдай ҳунари бор, дипломли мутахассис бўла туриб, фириб йўлини танлаганига ачинасан, киши. Хорижга кетиш иштиёқида бирор бир ҳужжат сўрамай шунча пулларни ишониб берган, ҳар алдовларига ишониб ҳаттоки йиллаб кутган фуқароларнинг соддалигига ҳам ҳайрон қоласан.

Жиноят ишлари бўйича Яккасарой туман судининг очиқ суд мажлисида Алишернинг қилмишларига қонунан баҳо берилди. У Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг  168-моддаси 3-қисми “Б” банди (“Фирибгарлик”) билан айбли деб топилди. Айбдорнинг пушаймонлиги, жабрдийдаларга етказилган зарарнинг тўлиқ қопланганлиги, оилавий шароити инобатга олиниб, иш ҳақининг 20 фоизини давлат даромади ҳисобига ушлаб қолган ҳолда, унга 3 йилга ахлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинланди.

Нилуфар ИСОХОНОВА,

Тошкент шаҳар ИИББ Ахборот хизмати бошлиғи.

© Газета «Mahalla»,№55 (2193), 2024 йил 19 сентябрь

Барча янгиликлар

Text to speech