Мамлакатимизнинг равнақи, фаровонлиги, ривожланган, илғор давлатлар қаторидан ўрин олишида халқимизнинг билимли, зукко, тафаккури кенг, маънавияти ва маданияти юқори бўлиши муҳим аҳамият касб этади. Айниқса, ички ишлар ходимлари юртимизнинг мақоми ва савиясини кўрсатувчи асосий омил бўлганлиги боис ички ишлар органларига ана шундай номзодларни қабул қилишга катта эътибор қаратилган, юқори талаблар қўйилган. Бу борада 2021 йилнинг апрелида Юртбошимиз томонидан қабул қилинган “Ички ишлар органларининг жамоат хавфсизлигини таъминлаш ва жиноятчиликка қарши курашиш соҳасидаги фаолиятини янада такомиллаштириш бўйича қўшимча ташкилий чора-тадбирлар тўғрисида”ги Қарори ҳам яққол мисолдир. Вазирлик тизимларида қарорда белгиланган вазифалар даврий равишда мунтазам ижро этиб келинмоқда. Шу йилнинг 1 апрелидан 30 апрелига қадар ички ишлар вазирлиги тизимида “Халқимизнинг хавфсизлиги, тинчлиги ва осойишталигини сақлаш энг устувор вазифамиз!” шиори остида “Маънавият ойлиги” ўтказиб келинмоқда. Ойлик доирасида Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси тизимларида хизмат қилаётган ходималар ўртасида “Заковат” интеллектуал ўйини ўтказилди. Мазкур тадбирдан мақсад: тизимларда хизмат қилаётган аёл ходималарнинг интеллектуал ва профессионал билим даражасини синовдан ўтказиш, маънавий-ахлоқий савиясини мунтазам равишда ошириб боришга иштиёқини кучайтириш, билимли ва салоҳиятли ходималарга иқтидорини намойиш этишлари учун етарли шарт-шароитлар яратиш ҳамда муносиб равишда рағбатлантириб бориш орқали билимга ва касбга руҳлантиришдан иборат. Қизғин ва баҳсларга бой ўтган тафаккур ва билимлар мусобақасида 1-ўрин Бектемир тумани, 2-ўрин Яшнобод тумани, 3 -ўрин Олмазор тумани ИИО ФМБ билимдон ходималарига насиб этди. Ғолибларга тегишли диплом ҳамда пул мукофотлари топширилди. Ўз хизмат вазифаларини сидқидилдан бажариб, билим олишга, ўз савиялари, дунёқарашларини кенгайтиришга вақт топаётган зукко, зеҳнли ва билимли аёл-ходималаримизни ғалаба билан табриклаб, уларга ишларида ва турмушларида муваффақият ва омадлар ёр бўлишини тилаймиз!