Меҳнатга бўйни ёр бермаган Хожиакбар илгари содир этган жиноятлари учун бир неча маротаба судланганлигига қарамай, тўғри хулоса чиқармади. Иккинчи маротаба қамалганида турмуш ўртоғи фарзандининг тақдирини ўйлаб, отасининг “касри урмасин”, деб бир нафар фарзандини олди-да ажрашиб кетди. “Ундан ундирган алиментим ҳам ҳаром луқма, шу кетиши бўлса, эрта кун келиб қизидан алимент ундиришдан ҳам тоймайди” дея алиментга ҳам бермади, фарзандини ҳам кўрсатмади. Хожиакбар бундан қайғурмадиям. Аксинча, “ортиқча” ташвиш ва чиқимдан қутулганига хурсанд бўлди. Шу-шу сўққабош, топса ейди, топмаса - уйидаги бор бисотини сотади. 2023 йилнинг баҳори. Уйи шип-шийдон. Қани бекорчиликда ётиб телевизор томоша қилса... Дунёда бўлаётган воқеалардан хабардор бўлса... У 2023 йилнинг 11 март куни Учтепа туманида жойлашган “Фарҳод” бозорида айланиб юриб, маиший техникалар билан савдо қилувчи дўконга кирди. Олдиндан таниш бўлган Р.Умидани суҳбатга тортиб, 2.200.000 сўмлик “Hisense” телевизорини бир ой муддат ичида пулини тўлаб бериш шарти билан олиб кетди. Апрель ойи ўрталарида таниши Ў.Улашга “Фарҳод” деҳқон бозорининг савдо чаққон бўладиган жойидан савдо ўрни топиб, шартнома расмийлаштириш орқали қонунийлаштириб беришни ваъда қилиб 500 АҚШ доллари ва 2.500.000 сўм пулини олади. Лекин на Умидага ва на Улашга берган ваъдаларини бажаради. Ҳар икки жабрланувчи молидан, пулидан айрилганини англагач, туман ички ишлар органларига ёзма мурожаат қилишга мажбур бўлишади. Жиноят ишлари бўйича Учтепа туман суди очиқ суд мажлисида 1979 йилда туғилган, муқаддам судланган, оиласи билан ажрашган И.Хожиакбарнинг қилмишларини қонунан кўриб чиқиб, уни Ўзбекистон Республика Жиноят кодексининг 168-моддаси 3-қисми “б” банди (“Фирибгарлик”) билан айбдор деб топди. Айбланувчининг қилмишидан пушаймонлиги, айбига иқрорлиги, жабрланувчиларга етказилган зарарнинг тўлиқ қопланганлиги, жабрланувчиларнинг даъвоси йўқлигини инобатга олиб, иш ҳақининг 20 фоизини давлат даромадига ушлаб қолган ҳолда 2 йилга ахлоқ тузатиш ишларига ҳукм қилди. Мазкур жиноят иши тафсилотлари Учтепа тумани ИИО ФМБ ҳузуридаги Тергов бўлими терговчиси, капитан Юсуф Олимовнинг иш юритувидан олинди.