15 Апрел 2025 йил 589

“Жентльмен”чиликни қотирмади

Мастлик албатта жиноятга етаклайди. Бироқ Бобурнинг мисолида бу бошқачароқ, яъни олдиндан тайёрланганлиги билан фарқ қилади. У таниши Гулҳаёнинг илтимосига кўра, гўёки аёлни камситиб, шаънига путур етказган “гуноҳкор” З.Элдор билан “эркакчасига” гаплашиб қўйиш - “жасорат” учун атай спиртли ичимлик ичиб учрашувга келди. Келишув бўйича аввал Гулҳаё чиқиб, Элдордан бундан бир неча йил аввал ўрталарида содир бўлган нохуш ҳолатни эслатиб, кечирим сўраши ҳамда гуноҳини ювиш учун товон пули тўлаши зарурлигини айтди, аммо эркак кўнмади. Бақир-чақир авжига чиққач эса “жентльменимиз” автомашинадан тушиб келиб, низога аралашди. Элдор “бир сўм ҳам ололмайсанлар, билганларингни қилларинг!”, дея орқа ўгириб кета бошлади. Мақсадлари амалга ошмаган Бобур машинадаги ошхона пичоғини олиб унинг ортидан бориб санчди. 2024 йил 17 март куни тонгги соат 07.00 ларда Учтепа тумани “Абдулла Қодирий” маҳалласи бўйлаб ҳаракатланган “тез тиббий ёрдам” автомашинасининг ташвишли сигнали маҳалла аҳлининг тинчини бузди.
Ўтказилган суд-тиббий экспертизаси Элдорга етказилган жароҳатларни ҳаёт учун хавфли – оғир тан жароҳати эканлиги ҳақида хулоса берди.
Аслида воқеани чуқур ўрганмай, асл моҳиятини англамай, аёлга ўзини кўрсатиб қўймоқчи, шу билан унинг ҳурмати ва ишончига сазовор бўлмоқчи бўлган Бобур нотўғри йўл танлаган, – дейди Учтепа тумани ИИО ФМБ ҳузуридаги Тергов бўлими терговчиси, майор Диас Абдуллаев. – Тергов жараёнида ҳам ўзини аёл шаънининг ҳимоячиси сифатида кўрсатишга ҳаракат қилди. Шахснинг қадр-қиммати дахлсиз, аммо у ўзга шахснинг ҳаётига тажовуз қилиш эвазига бўлмаслиги керак.
Жиноят ишлари бўйича Учтепа туман суди очиқ суд мажлисида 1994 йилда туғилган, муқаддам судланмаган, уч нафар вояга етмаган фарзандлари бор Қ.Бобурнинг қилмишини қонунан кўриб чиқиб, уни Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 104-моддаси 2-қисми “а” банди (“Қасддан баданга оғир шикаст етказиш”) билан айбли деб топди. Унинг айбига иқрорлиги, қилмишидан пушаймонлигини инобатга олиб, Жиноят кодексининг 104-моддаси 2-қисми “л” банди билан 5 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазосини тайинлади.

Барча янгиликлар

Навбатчилик қисми

102

Ишонч телефони

1102

Туристлар учун

1173

Электрон манзил

info@iibb.uz

Text to speech

Sahifadagi xatolar bo`yicha manzil:

Matn xato bilan:

Sizning izoxingiz yoki to`g`ri versiya: