Фақат олға, фақат ғалаба сари
Тошкент шаҳар ИИББ ЖТСБ ППХ батальони инспектори, кичик сержант Азиз Исроилов ички ишлар органларидаги илк хизматини 2020 йилда мамлакатимиз Қуролли Кучларида йигитлик бурчини ўтаб қайтганидан сўнг бошлаган. Ушбу даргоҳга келишидан озгина вақт олдин эса ҳаётдаги ўз ўрнини тўғри танлаб, пойтахтимиздаги олийгоҳга сиртдан ўқишга кирганди. Бу унга касбни тезроқ, теран англаган ҳолда ўзлаштиришига яқиндан ёрдам берди. Устози – отряд инспектори, сафдор Файзулла Нагматов ундаги тиришқоқлик, “спортча” ёндашувни пайқаб, бор тажриба ва малакаси билан бўлишди. Яна бир таъкидлашга лойиқ томони Азиз 12 ёшидан спорт билан ошно бўлганлиги ва шунчаки, ҳаваскорлик эмас, балки профессионал йўналишда шуғулланиб, жаҳон спорт саҳналарида юртимиз шон-шарафини муносиб равишда ҳимоя қилиб келаётганидир. Унинг спорт пиллапоялари бўйлаб эришган ғалабаларининг рўйхати билан танишсангиз, Азизнинг қандай ходим ва қандай инсон эканлиги ҳақида ўзингиз хулоса чиқариб оласиз: 2013 йили тенгдошлари орасида қўл жанги бўйича ўтказилган мусобақада Ўзбекистон чемпиони, 2014 йили Россия Федерациясида ўтказилган универсал жангда жаҳон чемпиони мақомини қўлга киритди. Шундан сўнг у ғолиблик шоҳсупаларида бирин-кетин юқори кўтарила бошлади. 2016 йилда Болгариянинг Бургас шаҳрида ўтказилган жаҳон чемпионатида “ушу-саньда” жанговар йўналиши бўйича 11-фахрли ўрин, 2017 йилда Тожикистон пойтахти Душанбе шаҳрида ўтказилган қўл жангги бўйича очиқ чемпионатида 1-ўрин, шу йили 2017 йилда Руминия пойтахти Бухарестда ўтказилган қўл жангги бўйича жаҳон чемпионатида Ш-фахрли ўрин, 2018 йили қўшни Қозоғистон Республикасида ўтказилган халқаро турнирда 1-ўрин, Индонезиянинг пойтахти Жакарта шаҳрида ўтказилган Осиё ўйинларида Ш-ўрин, 2021 йилда Туркия давлатининг Анталия шаҳрида ўтказилган жаҳон кубогида 1-ўрин, 2022 йилда Тошкентда ўтказилган жаҳон чемпионатида 1-ўрин, 2023 йилда Хитой давлати Чанду шаҳрида ўтказилган жаҳон Универсиадасида Ш-ўринни эгаллаганлигини келтириш лозим. Бундан ташқари Армия сафида хизмат қилган йилларида Ўзбекистон чемпионатларидаги барча мусобақаларда иштирок этиб чемпионликни эгаллаб келганини ҳам алоҳида эътироф этиш керак.
2024 йилнинг 22-25 декабрь кунлари пойтахтимизнинг “Жар” спорт мажмуасида спортнинг “у-шу” тури бўйича ўтказилган халқаро турнирда, 85 килограмм вазн тоифасида қатнашиб, фахрли Ш-ўринни эгаллагани ҳамкасбимизнинг навбатдаги ютуғи бўлди.
Ҳар гал ғалаба шоҳсупасига қадам қўяркан жонажон Ўзбекистонимиз байроғи юқори кўтарилиб, давлат мадҳияси янграганда, ўнг қўли билан фахр ва ғурур туйғусидан гупиллаб ураётган юрагининг садоси кўзларига ёш инжуларини сизганда шу замин, ота-онаси, яқинлари, ҳамкасбларининг қўллаб-қувватлаши, олқишлари, қувончларини ҳис этгани чин. Азизнинг отаси Улуғбек ака ўзи муҳандис, онаси Замира опа тикувчи бўлишига қарамай, Азизнинг ҳаётда соғлом, чиниққан, бақувват ва баркамол бўлишини истаб, уни спорт мактабига етаклаб келганди. Мана бугун унинг ғалабалари, муваффақиятларини кўриб, қувонч кўз ёшларини тия олмайди, фахр туйғуси қалбларида туғён уради. Бу ғалабалар, қувончли воқеаларнинг замирида Азизнинг соатлаб қора тер тўкиб ўтказган машғулотлари, чеккан заҳматлари, тинимсиз меҳнатлари, илк мағлубиятларининг аччиқ аламлари ётгани ҳақиқат. Бироқ ота-онасининг ишончи, ҳамкасблари, устозлари, раҳбариятнинг ишончи ва қўллаб-қувватлаши унга куч-қувват ва шижоат бағишлайди. Ҳар бир жангга киришида ортида унинг ғалабасига умид билан қараб турган қадрдонлари ва яқинларининг нигоҳларини сезиб туради. Уларнинг ишончи ва умидларини оқлаш учун бор маҳоратини ишга солади. Спортда бўлгани каби хизматда ҳам ҳалоллик ва тўғриликни ўзига шиор қилган лавҳамиз қаҳрамони ҳамкасблари, раҳбариятнинг унга бўлган ишончини оқлаш, вазифаларига виждонан ёндашиш, унга ишониб топширилган топшириқларни сидқидилдан бажаришни бурч деб билади. Эгрилик, ғирромлик аралашмаган иш албатта унумли ва баракали бўлиб, натижаси юксак, мукофоти бебаҳо бўлишига ишонади.