Маълумки, жорий йилнинг 3 ноябрдаги куни Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Аҳоли саломатлиги ва миллат генофондини гиёҳвандлик ва наркожиноятлардан самарали ҳимоя қилиш бўйича комплекс чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармонига кўра “Гиёҳвандлик ва наркожиноятларнинг барвақт олдини олиш ҳамда уларга қарши курашиш бўйича 2025-2026 йилларга мўлжалланган комплекс амалий ҳаракатлар миллий дастури” қабул қилинди.
Миллий дастурда белгиланган устувор йўналишлар юзасидан Президент Aдминистрацияси раҳбари Саида Мирзиёева томонидан куч тузилмалари раҳбарлари билан ўтказилган ишчи йиғилишда наркожиноятчилик, жиноий гуруҳлар ва ноқонуний қурол-яроғ айланмасига қарши курашиш бўйича мувофиқлаштирилган самарали тизимни қисқа муддатда яратиш вазифаси қўйилган эди.
Таҳлилларга кўра, сўнгги 5 йилда Ўзбекистонда наркожиноятлар сони 2 бараварга, ноқонуний муомаладан олинган наркотиклар мусодараси 67 фоизга ошган бўлса, синтетик гиёҳвандлик воситалари мусодараси
80 бараварга кескин кўпайган.
2024 йилда ҳуқуқ-тартибот идораларининг саъй-ҳаракатлари натижасида 5 та яширин нарколабораториялар фаолиятига чек қўйилган бўлса, жорий йилнинг 10 ойида ушбу кўрсаткич 12 тани ташкил этган.
Жорий йилнинг 10 ойида республикада 12 848 та наркожиноятлар аниқланиб, 2 тн 761 кг наркотик, психотроп ва кучли таъсир қилувчи моддаларнинг ноқонуний муомаласига чек қўйилган ҳамда истеъмолга чиқиб кетишининг олди олинган.
Мазкур таҳдидларни бартараф этиш ҳамда “Гиёҳвандлик ва наркожиноятларнинг барвақт олдини олиш ҳамда уларга қарши курашиш бўйича 2025-2026 йилларга мўлжалланган комплекс амалий ҳаракатлар миллий дастури” ижросини таъминлаш мақсадида гиёҳвандликни олдини олиш ва уюшган жиноятчиликка қарши курашиш бўйича тадбирлар режаси ишлаб чиқилди. Матбуот анжуманида режада белгиланган муҳим йўналишлар юзасидан давлат идоралари ва масъул ташкилотларнинг вазифалари баён этилди.
Матбуот анжуманида Ўзбекистон Республикаси Президенти Аадминистрацияси ҳузуридаги Наркотиклар ва ўқотар қуролларни назорат қилиш агентлиги, Ички ишлар, Божхона қўмитаси, Республика ихтисослаштирилган руҳий саломатлик илмий-амалий тиббиёт маркази, вакиллари спикер сифатида иштирок этди.
Спикерлар томонидан гиёҳвандликни олдини олиш ва уюшган жиноятчиликка қарши курашиш бўйича тадбирлар режасига кўра амалга ошириладиган йўналишлар матбуот анжумани иштирокчиларига етказилди.
Тадбир ташкилотчилари томонидан “Гиёҳвандлик ва наркожиноятларнинг барвақт олдини олиш ҳамда уларга қарши курашиш бўйича 2025-2026 йилларга мўлжалланган комплекс амалий ҳаракатлар миллий дастури”да назарда тутилган барқарор профилактика медиа муҳитини яратишда оммавий ахборот воситаларининг ҳамкорлиги муҳим эканлиги таъкидланди.
Матбуот анжумани якунида ОАВ вакиллари ўзларини қизиқтирган саволларга мутахассислардан жавоб олдилар.
ИИВ Ахборот хизмати