25 Ноябр 2025 йил 0

«Янги турмуш»да янги нафас

Соҳада хизмат бошлаганига кўп бўлмасада, катта марраларни кўзлаган ёш ходимлар талайгина. Ана шундай умидли ёшлардан бири – Янгиҳаёт тумани ИИО ФМБ «Янги турмуш» маҳалласи профилактика инспектори, лейтенант Мудассир Муҳаммадиев. У 2023 йилда Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Ҳуқуқни муҳофаза қилиш академиясини муваффақиятли тамомлаб, халққа хизмат қилиш, юртда тинчлик ва барқарорликни таъминлашни мақсад қилди.

Ёш инспектор ўз фаолиятини бошлаганида унга маҳалла фуқаролар йиғини раиси Нурмат Қурбонов, профилактика катта инспектори, катта лейтенант Жасур Раҳмоновлар йўлйўриқ кўрсатди, билмаганларини ўргатди. Шунингдек, қолган еттилик аъзолари билан ҳам яқин ҳамкорлик ўрнатиб, ҳар бир хонадонга бориб, профилактик суҳбатлар ўтказишда, муаммоларни тинглаб, уларни ҳал этишда бамаслаҳат иш олиб бормоқда.

Шу билан бирга, жиноят содир этишга мойил шахслар, жанжалкаш фуқаролар билан доимий равишда индивидуал профилактик суҳбатлар ташкил этилаётгани натижасида маҳаллада ҳуқуқбузарлик ва жиноятчилик ҳолатлари сезиларли даражада камайди. Қувонар лиси маҳалла жорий йил бошидан буён «яшил» тоифада. Шу вақтга қадар бирорта ҳам жиноят содир этилмади.

– Маҳалламизда 40 та кўп қаватли уй ва 100 та ҳовли хонадон мавжуд бўлиб, жами 12400 нафар фуқаро истиқомат қилади, – дейди лейтенант М. Муҳаммадиев. – Ҳар бир инсон ўзини хавфсиз, оиласи ва яқинлари тинчлигидан мамнун ҳолда яшаса, бу – биз бажараётган хизматнинг энг катта ютуғи, деб биламан. Бугунги кунда мамлакатимизда ички ишлар органлари ходимларининг малакасини оширишга қаратилган кенг кўламли ислоҳотлар самараси сифатида ана шундай фидойи ёш кадрлар етишиб чиқмоқда. Лейтенант M.Muhammadiyev каби соҳага садоқат билан хизмат қилаётган ёшлар юртимиз осойишталигини таъминлашда ўз ҳиссасини қўшаётгани фикримизнинг исботи.

© Postda – На посту, №47 (4741),

Барча янгиликлар

Text to speech