ТОШКЕНТ ШАҲАР ИЧКИ ИШЛАР БОШ БОШҚАРМАСИ

Ҳар бир фуқаро муаммоси эътибор марказида

Ваколатли масъуллар томонидан фуқаролар мурожаатларини тинглаш, уларни қийнаётган саволларига жавоб топиш, муаммоларини қонун доирасида ҳал қилиш давлат сиёсати доирасида амалга оширилаётгани ўз натижакорлигини кўрсатмоқда. Хусусан, пойтахт Ички ишлар бош бошқармаси раҳбарияти томонидан ўтказиб келинаётган сайёр ҳамда шахсий қабуллари бу борада пойтахт аҳолиси ўртасида йиғилиб қолган кўплаб масалалар, муаммолар, чунончи ички ишлар идоралари фаолияти билан боғлиқ жараёнларда вужудга келган муаммоларга ечим топилмоқда. Тошкент шаҳар ИИББ раҳбариятининг навбатдаги қабулида юридик ҳамда жисмоний шахсларнинг мурожаатлари тингланди. Мурожаатчилар келтирган важларни жойида синчиклаб ўрганиш давомида уларнинг аксарияти қабулхонанинг ўзида ижобий ҳал этилди. Шунингдек, келтирилган далиллар атрофлича ўрганиш талаб қилинган мурожаатларнинг аксарияти бўйича ижро муддатлари қўшимча белгиланиб, қатъий назоратга олинди. Текширувларнинг малакали, қонун доирасида ҳамда адолатли олиб борилиши бўйича тегишли топшириқлар берилиб, натижаларидан мурожаатчиларни ёзма хабардор қилиш кўрсатиб ўтилди. Ҳар бир фуқаронинг мурожаатлари эътибор билан тингланиб, кўтарилган масалаларга - гоҳи ижтимоий-маиший, тиббий мавзуларда ҳам бўлишига қаралмай унинг ечимига жиддий ёндашилаётгани, масъул идора ва ташкилотлар билан боғланиб ҳал этилаётгани пойтахт аҳлининг қабулларга бўлган ишончи ва муносабатини ижобий томонга ўзгартираётгани шубҳасиз.

26 Январ 2026 йил

1686

Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармасида маънавий-маърифий тадбир бўлиб ўтди

Бош бошқарма мажлислар залида шахсий таркиб иштирокида бўлиб ўтган “Маънавият ва маърифат дарси”нинг навбатдагиси “Давлат хизматида бошқарув самарадорлиги” мавзусига бағишланди. Мазкур мавзуни Давлат сиёсати ва бошқарув академияси декани Актам Холов ёритди. Маърузачи Янги Ўзбекистонда бюрократияни қисқартириш, давлат органлари фаолиятини рақамлаштириш орқали коррупцияга имкон бераётган шарт-шароитларни бартараф этиш, шунингдек, давлат хизматларини соддалаштириш бўйича олиб борилаётган ишларга эътиборни қаратди. Шунингдек, давлат ҳокимияти ва бошқарув органларини юқори малакали кадрлар билан таъминлаш улар билан доимий ишлаш, малакасини ошириш, қайта тайёрлаш, самарали давлат хизматчилари захирасини шакллантириш масалалари борасида амалга оширилаётган ишларни таъкидлаб ўтди. Сўнгра сўз олган Республика ИИВ Малака ошириш институти Касбий тайёргарлик факультети ўқитувчиси, подполковник Бекзод Юсупов йиғилганлар диққатига жорий йилнинг 5 январида Президентимиз томонидан имзоланган “Республика маҳаллаларида хавфсиз муҳитни яратиш йўналишида яхлит манзилли ишлаш тизимини жорий этишга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорнинг мазмун-моҳиятини ёритиб берди. Тадбир “Таҳлилнома” ахборот дастури намойиши билан якунланди.

26 Январ 2026 йил

1064

“Фидойи аёл ходима” кўрик-танлови ғолиблари

Ўзбекистон республикаси Президентининг ички ишлар органларини халқчил профессионал тузилмага айлантириш ва аҳоли билан янада яқин ҳамкорликда ишлашга йўналтириш бўйича қабул қилинган қарори асносида Ички ишлар вазирлиги томонидан ички ишлар органларида “Фидойи аёл ходима” кўрик-танлови ўтказиб келинмоқда. Бундан кўзланган мақсад, ички ишларда хизмат олиб бораётган шаҳодатланган аёл ходималарнинг касбий билим ва малакалари оширилишини қўллаб-қувватлаш, фаолиятида ютуқларга эришиб келаётганларни моддий ва маънавий рағбатлантириш, ўз касбининг билимдонлари ўртасида соғлом рақобат муҳитини шакллантириш, уларнинг ташаббускорлигини ошириш, инновацион, ижодий қизиқишларини амалиётга кенг татбиқ этишдан иборат. Мазкур кўрик-танловнинг навбатдагиси жорий йилнинг 13-14 январь кунлари бўлиб ўтди. Унда Тошкент шаҳар ИИББда хизмат олиб бораётган 21 нафар ходималар қатнашди. Танлов иштирокчиларнинг жисмоний тайёргарлик даражасини аниқлаш: комплекс машқларни бажариш ва 1000 метр масофага югуриш, жанговар тайёргарлик даражасини аниқлаш бўйича “Макаров” пистолетини тўлиқсиз қисмларга ажратиш ва йиғиш, амалий ўқ узиш, нишонга олиш ва ҳаракатланмайдиган нишонга отиш тартиби, билим даражасини аниқлашга қаратилган электрон тест синовлари ҳамда якуний баҳолаш билан боғлиқ тўрт босқичда ўтказилди. Ҳар бир босқичда белгиланган шартларни тўғри ва аниқ бажарилиши жараёнларини ҳакамлар диққат ва синчковлик билан кузатиб, баҳолаб бордилар. Танлов якунига кўра: 1-ўрин Мирзо Улуғбек тумани ИИО ФМБ ҳузуридаги тергов бўлими катта терговчиси, майор Клара Нармановага, 2-ўрин Мирзо Улуғбек тумани ИИО ФМБ ҲПБ вояга етмаганлар масалалари бўйича катта инспектор-психологи, капитан Моҳинур Мадираҳимовага, 3-ўрин Юнусобод тумани ИИО ФМБ ҳузуридаги Тергов бўлими терговчиси, майор Нилуфар Жаниевага насиб этди. Ғолибларга диплом ва эсдалик совғалари тантанали равишда топширилди. Кўрик-танловда ғолиб бўлган аёл ходималарни эришган ютуқлари билан табриклаб, оилалари ҳамда хизмат фаолиятларида янги-янги муваффақиятлар тилаб қоламиз.

24 Январ 2026 йил

9217

Бектемир туманида йирик заҳри-қотил савдосига чек қўйилди

Бугунги глобаллашув даврида гиёҳвандлик тобора кенг илдиз отиб, инсоният ҳаётида катта хавф солиб бормоқда. Бу аср вабосига қарши кураш юртимизда давлат сиёсатига чиққани унинг чегара билмаслиги, ёши ва ирқи, миллати, ижтимоий келиб чиқишини танламаслиги, миллат генофондига зиёни билан хавфлилигида. Шу боис мазкур иллатга қарши курашиш, унга барҳам беришга катта эътибор берилмоқда. Президентимиз томонидан 2025 йилнинг 3 ноябрида имзоланган “Аҳоли саломатлиги ва миллат генофондини гиёҳвандлик ва наркожиноятлардан самарали ҳимоя қилиш бўйича комплекс чора-тадбирлар тўғрисида"ги Фармони бу иллатга қарши эълон қилинган курашни янада жадаллаштиришга қаратилган. Фуқароларни гиёҳвандлик воситалари, психотроп ва кучли таъсир қилувчи моддаларнинг ноқонуний айланмаси, тарқатилишининг олдини олиш ҳамда муносиб тўсиқ қўйиш борасида ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари томонидан мунтазам равишда тезкор-қидирув тадбирлари амалга ошириб келинмоқда. Куни кеча Бектемир туманида пойтахт ИИББ ҳамда Давлат хавфсизлиги хизмати Тошкент шаҳар бўйича бошқармаси ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган тадбирда заҳри-қотилни яширин равишда тарқатиб юрган шахс қўлга олинди. Унинг вақтинча яшаб келаётган хонадонида ўтказилган тадбирда турли хилдаги умумий оғирлиги 2 кг 200 гр, истеъмол учун қадоқлаб сотилганда 66 700 дона – бир марталик дозани ташкил этувчи гиёҳвандлик моддалари ҳамда муқим яшаш жойи бўлган Жиззах вилоятидаги ҳовли ҳудудига кўмиб қўйилган 800 гр синтетик гиёҳвандлик моддалари топилиб далилий ашё сифатида расмийлаштириб олинди. Мазкур ҳолат юзасидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 273-моддаси 5-қисми билан жиноят иши қўзғатилган, тергов ҳаракатлари давом этмоқда. Гумондорнинг мазкур оғуларни кимдан олгани, унинг манбааларини аниқлаш бўйича тезкор-тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда. Ҳурматли фуқаролар! Агар сиз гиёҳвандлик моддалари билан боғлиқ бирор маълумотга эга бўлсангиз ИИВнинг ишонч телефонлари: 71-231-55-54, 71-231-55-00, 77-353-55-00, 77-454-55-00 рақамларига ёки “stopnarko_bot” телеграм ботига хабар беришингизни сўраймиз. Мурожаатчининг шахси сир сақланиши кафолатланади.

23 Январ 2026 йил

12487

Интерактив хизматлар

Text to speech