Рўёбга чиққан орзу

Тошкент шаҳар ИИББ Алоҳида вазифаларни бажарувчи сафарбар отряди (АВБСО) гуруҳи командири катта лейтенант Тимур Худойқулов Фарғона вилоятида таваллуд топган. Кўпчилик болалар сингари у ҳам ҳарбий бўлиш ва Ватанга хизмат қилишни орзу қилар эди. Болаликдан Тимур самбо ва дзюдо спорт турлари билан жиддий шуғулланарди. Кейинчалик спорт унинг ҳаётининг ажралмас қисмига айланди. Мазкур спорт турлари билан болаликдан шуғулланар экан, Тимур чиниқиб, ўзини тартибга ва қийинчиликлардан қўрқмасликка ўргантди. Аъло даражадаги жисмоний тайёргарлик ўзлаштирилган билимлар билан бирга унинг 2011 йилда ички ишлар органларига хизматга киришига сабаб бўлди.    

34 ёшга кирган Тимур хизматда ҳам, спортда ҳам маълум муваффақиятларга эришди. Яқинда у гуруҳ командири этиб тайинланди. Қўл остидагилари ва барча ҳамкасблари уни ўз устида ишлаши, билим ва кўникмаларни доим оширишга ҳаракат қилиши учун ҳурмат қилишади. Тимур – халқаро тоифадаги спорт устаси, бир неча мусобақалар совриндоридир. 2019 йили Деҳлида бўлиб ўтган Осиё чемпионатида катта лейтенант “бронза”ни қўлга киритди.  

Катта лейтенантнинг сўзларига кўра, унинг ҳаракатлари давлат раҳбарияти, ИИВ ҳамда Бош бошқарма томонидан ички ишлар органлари учун яратилган шароитларсиз бундай натижа бермас эди.

Тимур учун Ватанни ҳимоя қилиш, халқ учун фойдали бўлиш – муқаддас бурчдир. Шунинг учун унинг келажакдаги режалари – Ватанга садоқат билан хизмат қилиш ҳамда муносиб ходим ва спортчи бўлишди.